Бундан роппа-роса бир йил олдин Президентимиз ташаббуси билан Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди. Агентликнинг асосий вазифаси этиб, бюрократия ва коррупциянинг олдини олиш, халқнинг давлат органларига бўлган ишончини қозониш қилиб белгиланди.
Мухбиримиз соҳада ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар ва тизимдаги муаммолар хусусида тўлиқ маълумотга эга бўлиш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги директори Тўрахўжаев Халилилло Собиржонович билан суҳбатлашди.
– Бугунги кунда мамлакатимиз бўйлаб жами 201 та Давлат хизматлари маркази қарийб 100 турдаги хизматларни ҳам юридик, ҳам жисмоний шахсларга тезкор, қулай, шаффоф ва сифатли тарзда кўрсатиб келинмоқда. 2021 йилгача эса ушбу хизматлар турини 163 тага етказиш режалаштирилган. Умуман олганда, янги турдаги давлат хизматларини жорий этишда нималарга эътибор қаратилмоқда?
– Ҳозирда Марказлар орқали кўрсатилаётган хизмат тури 37 дан 103 га етди. Эътиборли жиҳати, ўтган йилдан фарқли равишда жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб, хизматлар нафақат тадбиркорлик субъектларига, балки фуқароларимиз – жисмоний шахсларга ҳам кўрсатила бошланди. Натижада марказлар орқали кўрсатилган хизматлар сони ҳам кескин равишда ортди. Масалан, 2017 йилда республика бўйича собиқ “Ягона дарча” марказлари орқали 120 минг хизматкўрсатилган бўлса, 2018 йилда Давлат хизматлари марказлари орқали қарийб 5 миллионга яқин хизмат, яъни ўтган йилга нисбатан 40 баробарга кўпроқ хизматлар кўрсатилди.
– Нима учун энг кўп талаб қилинаётган давлат хизматларини айнан Марказлар орқали кўрсатиш амалиёти жорий этилмоқда? Бундан кўзланган асосий мақсад нима?
– Мақсад шундан иборатки: биринчидан, аҳолининг давлат органларига бир неча маротаба мурожаат қилишининг олди олинади. Иккинчидан, эндиликда фуқароларимиз мурожаатининг натижаси нима бўлди, экан дея давлат идоралари мутасаддилари ортидан қувиб юрмайди. Бу ишни Давлат хизматлари марказлари ўз зиммасига олган ҳолда бошқа давлат идоралари томонидан талаб қилиб олади. Яъни, фуқароларга хизматнинг ўз вақтида кўрсатилишини, ортиқча ҳужжатлар талаб қилинмаслигини ҳамда асоссиз рад этилиши хавфидан ҳимоя қилиб боради.
– Бугун қулоғимизга экспериментал марказлар, экспериментал хизматлар каби тушунчалар тез-тез чалиниб турибди. Бу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз?
– Биз жойларда уйма-уй юриш давомида одамларнинг фикрини ўрганиб, уларнинг талаби ва эҳтиёжи юқори бўлган, шунингдек, хизматлардан фойдаланиш тартиби мураккаб, тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати кенг бўлган давлат хизматларини Давлат хизматлари марказлари орқали жорий этиш амалиётини йўлга қўйдик.
Бунинг учун, ҳар бир вилоятда 1 тадан Давлат хизматлари марказлари экспериментал марказлар сифатида танланиб, улар орқали 31 турдаги хизмат эксперимент, яъни синов тариқасида жорий этилди.
Биргина мисол, бу йил Тошкент Давлат юридик университетига ўқишга кириш учун ҳужжатларни топшириш хизмати тажриба тариқасида йўлга қўйилди. Бунда масалан, Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманидан абитуриент Тошкентга келиб кетиши ва ҳужжат топшириши учун 1 млн. 500 минг, агар у ҳамроҳ билан келадиган бўлса, 3 млн. харажат қилиши керак бўлган.
Биз буларнинг барчасини инобатга олган ҳолда, хизматдан фойдаланиш тартибини тубдан ўзгартириб, тақдим этиладиган ҳужжатларни қисқартирдик ва соддалаштирдик. Натижада 7000 мингдан ортиқ ёшларимиз узоқ ва чекка ҳудудлардан Тошкент Давлат юридик университетининг Қабул комиссиясига келмасдан, ўзи истиқомат қилаётган ҳудуддаги Давлат хизматлари марказлари орқали ўқишга ҳужжат топширди.
Ҳудди шундай олдимизда турган энг катта вазифа, бу – 2019 йилнинг июнь ойидан эътиборан, республиканинг барча олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилишини таъминлаш. Бунинг учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат тест маркази, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ташкилий ишлар бошлаб юборилган.
– Албатта, электрон хизматлардан фойдаланишни тўлиқ жорий қилиш Давлат хизматлари марказларига ташриф буюрувчи аҳоли сонининг камайишига, жойларда турнақатор навбатлар кўпайишининг олди олинишига хизмат қилади. Бироқ, республикамизнинг тоғли ва чекка масканларида интернет тезлиги паст бўлган ҳудудлар ҳам бор. Улар учун қандай қўшимча қулайликлар яратилмоқда?
– Тўғри таъкидладингиз, айрим олис ҳудудлар аҳолиси учун Интернет орқали хизмат олиш имконияти яратилмаган, шунинг учун маҳаллий давлат ҳокимлиги органлари билан ҳамкорликда Давлат хизматлари марказлари махсус жиҳозланган автотранспорт воситалари (Дамас) билан таъминланди.
Шунингдек, Туркиянинг ТИКА ташкилоти ҳамкорлигида грантлар асосида ҳар бир ҳудудга “мобиль офис”лар автобус (Исузу)лар сотиб олиниб, фойдаланишга топширилди. Марказ ходимлари ҳар ҳафтанинг шанба-якшанба кунлари жадвал асосида олис ҳудудлар аҳолиси учун “мобиль” хизматлар кўрсатиб келмоқда.
Ўтган давр мобайнида 90 мингдан ортиқ “сайёр” давлат хизматлари кўрсатилди. Бундан ташқари, айрим туманлар марказидан 100 км.дан – 300 км.гача узоқликда жойлашган 40 га яқин маҳалла, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинларида бу каби шохобчалар ташкил этилди.
Бунга мисол қилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани Давлат хизматлари марказидан 380 км. узоқликда жойлашган “Қорақалпоғистон” МФЙда Давлат хизматлари марказининг шохобчасининг очилганини айтиш мумкин. Мазкур шохобча мингга яқин фуқаролар ижтимоий ҳаётда зарур бўлган хизматлар учун 300 км. дан ортиқ масофани босиб ўтишдек машаққатдан холос бўлганидан, уларнинг ҳам вақти, ҳам пули тежалишига хизмат қилаётганидан далолат беради.
– Ижтимоий тармоқларда баъзи фуқаролар Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган айрим хизматлар учун ундириладиган тўлов миқдори юқори эканидан норози бўлишмоқда. Марказда пуллик асосда навбатсиз хизмат кўрсатиш механизми жорий этилганми? Навбатсиз хизмат кўрсатиш табақалаштириш, қўшимча пул тўлашни хоҳламаган фуқароларнинг манфаатларини чеклаб қўйиш дегани эмасми?..
– Бу – мутлақо ноўрин эътироз. Сабаби, навбатсиз хизмат кўрсатиш (тезкор хизмат) хизмати деярли барча ривожланган мамлакатларда (Европа мамлакатлари, Жанубий Корея, Япония, Озарбайжон, Қозоғистон, Грузия, Россия Федерацияси кабиларда) мавжуд бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад – турли вазиятларда (масалан, бирор муҳим, шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда) фуқаро ва тадбиркорлик субъектларига тезкор хизмат кўрсатиш орқали уларга қулайлик яратишдир. Бундай хизматлар деярли барча соҳаларда (вокзал, аэропорт, шифохоналар ва бошқалар) ҳам мавжуд.
Навбатсиз хизмат кўрсатиш орқали навбатда турган бошқа фуқароларнинг қонуний манфаатларига, уларнинг иззат-нафсига таъсир кўрсатмаслик мақсадида экспресс – тезкор хизматлар мутлақо алоҳида операторлар томонидан алоҳида хоналарда кўрсатилмоқда. Шунингдек, пуллик хизмат орқали ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш бошқа фуқаролар манфаатига таъсир кўрсатмаслик мақсадида иш вақтидан ташқари вақтларда (одатда соат 18:00 дан кейин) кўрсатилмоқда.
Бундан кўриниб турибдики, навбатда турган фуқаро, бошқа тезкор хизматга эҳтиёжи бор фуқаронинг касри билан кўпроқ кутишга мажбур бўлмоқда, деган нотўғри фикрни аҳоли ўртасида шакллантирмаслик лозим.
Бундан ташқари, бугунги кунда кўрсатилаётган айрим хизматлар Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ пуллик асосда кўрсатилмоқда. Шундай бўлса-да, айрим ривожланган, капиталистик давлатлардан фарқли равишда мамлакатимизда барча ижтимоий соҳадаги давлат хизматлари (таълим, соғлиқни сақлаш, пенсия, меҳнат ва бошқалар) мутлақо бепул кўрсатилади.
Ижтимоий тармоқларда, судланганлик ҳақида маълумотнома берганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилаётгани ҳам танқид қилинган. Тўғри, илгари бу хизмат ички ишлар органлари томонидан бепул асосда кўрсатилган. Лекин, эътибор берган бўлсангиз, илгари мазкур хизмат фақат вилоятларда Ички ишлар бошқармаларининг тегишли таркибий бўлинмалари орқали, республикада эса,Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ахборот маркази томонидан кўрсатилган.
Яна бир муҳим жиҳати, аксарият ҳолларда ушбу ҳужжатнинг Ички ишлар вазирлигининг Ахборот маркази томонидан тасдиқланган варианти талаб қилиб келинган. Оқибатда фуқароларимиз узоқ вилоятлардан биргина маълумотнома учун Тошкент шаҳрига келиб-кетишлари керак бўлгани ҳар биримизга аён.
Ҳозир Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, судланганлик тўғрисидаги маълумотномаларни аҳолимиз ўз яшаш манзилидаги тегишли Давлат хизматлари марказлари орқали олишлари мумкин. Ушбу маълумотнома Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилинган кундан бошлаб, 2 иш кунидан кечиктирмасдан фуқароларга тақдим этилмоқда.
– Давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида давлат органлари томонидан қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этишда қандай чоралар кўрилмоқда?
– Давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ҳамда муддатларини бузгани учун давлат хизматчиларига нисбатан давлатнинг мажбурлаш кучидан фойдаланилади.
Ўтган давр мобайнида давлат органлари томонидан жами 80 515 та қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди.
Шундан 67.053 та ҳолатда аризаларни кўриб чиқиш муддати бузилган, 2739 та ҳолатда мурожаат қилган фуқаролардан ортиқча ҳужжат талаб қилинган, 3378 та ҳолатдатўғридан-тўғри давлат хизмати кўрсатилган, 445 та ҳолатда асоссиз рад этилган ва 6900 та ҳолатда бошқа қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилган.
Аниқланган ҳолатлар бўйича жами 3334 та ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилган. Жумладан, ваколатли давлат органларига ижро этилиши мажбурий бўлган жами 879 та тақдимномалар, қонун бузилишига йўл қўймаслик бўйича 977 та огоҳнома киритилган.
Жорий йилнинг 23 июлида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, Агентликка давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жарима қўллаш ваколати берилди. Шунга кўра, Агентлик томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида давлат хизматларини ўз вақтида ва белгиланган муддатларда кўрсатмаган, фуқарони чақиртириб, қўшимча ҳужжатларни талаб қилган ёки мурожаатни асоссиз равишда рад этган 1500 нафарга яқин давлат хизматчиларига нисбатан тўғридан-тўғри маъмурий жарима жазоси қўлланилди.
Энг ачинарли ҳолат шундаки, давлат хизматлари кўрсатишда йўл қўйилаётган қонун бузилишнинг биттаси ҳам халқимизнинг ушбу тизимга бўлган ишончи йўқолишига сабаб бўлишини айрим ваколатли органлар ҳалигача тушуниб етишмаяпти.
Албатта, айбдор ходимларни жавобгарликка тортган билан фуқаронинг иши битмаса, мушкули осон бўлмаса, бундан мантиқ йўқ. Шу маънода “Касални даволангандан кўра, унинг олдини олган осонроқ” нақлига амал қилинган ҳолда Агентлик томонидан давлат хизматлари кўрсатувчи идораларнинг масъул ходимлари ўртасида профилактик тадбирларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли органлар давлат хизматларини кўрсатишда йўл қўйилган ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик муқаррар эканлигини билиб олишлари лозим.
– Тизимга асос солинганига бир йил бўлди. Ҳар қандай янги тизимда муаммо ва камчиликлар бўлиши ҳам табиий. Соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида қандай чоралар кўрилмоқда?
– Биринчи муаммо – кадрларнинг етишмовчилиги. Такрор бўлса-да, яна бир бора таъкидламоқчиман, Марказларимиз орқали 100 дан ортиқ хизмат турлари бўйича 5 млн.га яқин хизматлар кўрсатилди. Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизмат турлари сони кўпайгани сайин, Марказ ходимларининг масъулияти ҳам ортиб бормоқда. Шундай экан, Марказларда фаолият юритадиган салоҳиятли кадрлар сонини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.
Марказлар олдига қўйилган асосий талаб – энг аввало, ҳар бир давлат хизматини олиш учун ташриф буюрган фуқарога самимий муомала қилиш, мижозларга қулай шароит яратиш, сифатли, малакали ва шаффоф давлат хизматини кўрсатиш, ва асосийси, коррупция ва бюрократия иллатларига йўл қўймасликдан иборат.
Иккинчидан, Давлат хизматлари марказлари биноларининг аксарияти ташриф буюрувчилар сонидан келиб чиқадиган бўлсак, талабга жавоб бермайди. Кириб келаётган 2019 йилда 90 дан ортиқ давлат хизматлари марказларининг янги биноларини фойдаланишга топшириш режалаштирилди.
Учинчидан, биз тезкор хизматлар ҳақида гапирар эканмиз, ваколатли давлат органлари ўзларининг турли архив ҳужжатлари бўйича маълумотлар базасини тўлиқ оцифровка қилмас, яъни рақамлаштирмас экан, кўзлаган мақсадимизга эриша олмаймиз. Масалан, ҳозир турли идораларда мавжуд архив ҳужжатини олиш, бирор маълумотноманинг ҳақиқийлигини текшириш учун камида 1 ҳафта муддат талаб қилинса, улар тўлиқ рақамлаштирилгач, бунинг учун 10-15 дақиқа талаб этиларди.
Талабни бошқа идораларга қўйишдан аввал, ўзимиздан бошладик. Яқинда Германия давлатига масъул мутахассислар ташрифи уюштирилиб, ҳозирги кунда ФҲДЁ идоралари томонидан берилаётган маълумотномаларни тўлиқ рақамлаштириш учун махсус сканер қурилмасини сотиб олиш юзасидан музокаралар олиб борилди. Ушбу восита ёрдамида республика бўйича 60 млн.дан ортиқ архив ҳужжатлари тўлиқ электронлаштирилиши режалаштирилди.
– Масалан, фуқаро ёшга доир пенсияга чиқиш учун мурожаат қилса-ю, бирорта ҳужжат тақдим этмаслиги, ушбу мурожаат қисқа муддатда кўриб чиқилиши мумкинми?
– Албатта мумкин. Бунинг учун манфаатдор вазирлик ва идоралар ўша тақдим этиладиган 10 дан ортиқ ҳужжатлар (иш стажини тасдиқловчи ҳужжат иш ҳақи тўғрисидаги ҳужжат, пенсия дафтарчаси ва бошқа зарур архив ҳужжатлари)ни тўлиқ рақамлаштириши, уларни электрон базасини шакллантириши ва ўзаро интеграция қилиши лозим бўлади. Шу сабабли барча вазирлик ва идоралар ўз маълумотлар базаларини яқин 5 йил ичида тўлиқ шакллантиришлари бўйича тегишли қарор лойиҳасини тайёрладик.
– Агентликнинг истиқболдаги режалари асосида халқимиз яна қандай янгилик ва қулайликларни кутса бўлади?
– Келаётган йилда Давлат хизматлари марказлари ходимларини, улар фаолиятининг самарадорлигини назорат қилиб бориш механизмини жорий этамиз. Бунинг учун Агентлик марказий аппаратида йирик “Ситуацион марказ” ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ушбу орқали бутун республикадаги кўрсатилаётган хизматлар онлайн тарзда кузатилади ва мониторинг қилиб борилади.
Шунингдек, Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизматлар бўйича фуқаролар томонидан ходимларнинг хатти-ҳаракатига махсус қуриламалар орқали баҳо бериб бориш амалиёти жорий этилади. Берилган баҳолар ҳар ой давомида умумлаштирилиб, таҳлил қилингач, ижобий кўрсаткичи юқори бўлган ходимлар рағбатлантириб борилади ёки аксинча.
ЎзА
Тип классификации обращения | Способ направления | Дата принятия | Дата рассмотрения | Регион |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоийская область |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Ташкентская область |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Джизакская область |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхандарьинская область |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Ташкентская область |