Жавобсиз савол, ечими бўлмаган муаммонинг ўзи йўқ. Фақат уларнинг ич-ичига кириб ўрганиш, амалда ҳал қилиш чораларини топиш кифоя.
Президентимизнинг Тошкент вилоятидаги Халқ қабулхонаси Пискент туманидаги “Ёшлар боғи”да ташкил қилган оммавий қабул ҳам ҳаётнинг айни шу ўткир талабидан келиб чиққан ҳолда аниқ саволларига аниқ жавоб олишни, шикоятига реал ечим топилишини сўраётган одамлар дарди тингланди. Бу уларнинг ўз муаммоси юзасидан мутасаддилар билан юзма-юз, кўзга тик қараб гаплашиб олиш учун яна бир самарали мулоқот майдони бўлди.
Президент Администрацияси, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари, Тошкент вилоятидаги секторлар раҳбарлари, вилоятдаги барча бошқарма ва ташкилот мутасаддилари мурожаатчиларнинг ариза, шикоят ва таклифларини қабул қилиб, уларнинг муаммоларига ечим излади.
Оҳангаронлик Наргиза Сулаймонова ўзи яшаётган “Тараққиёт” маҳалласи йўллари таъмирталаблигидан шикоят қилди. Айтилишича, ўтган йили бу ишлар бошланиб, сўнг чала қолган. Ҳудуд аҳолиси шу ишларга кўмаклашиш учун 2018 йили 170 минг сўмдан пул йиғиб берган, бу йил ҳам йўл таъмири аҳоли гарданига тушмоқда. Мурожаатдан сўнг, айни ҳудуднинг йўллари ҳомий томонидан таъмирланиб бериладиган бўлди.
Хуршида Рустамова Олмалиқ шаҳрида ижарада яшайди. 1992 йилда туғилган катта ўғли Ғанишер Бахтиёров 2-гуруҳ ногирони. Бу аёл ҳам оммавий қабулда ўғлини даволатишга ёрдам сўраб келди. Шу ернинг ўзида унинг муаммолари ўрганилиб, ҳал қилинадиган бўлди.
Пскентлик Дилафрўз Абдуназарова ҳам оммавий қабулга турмуш ўртоғининг дардига дармон истаб келди. Гап шундаки, унинг эри суяк емирилишидан азият чекмоқда. Ўзи, рўзғори танг оила бунинг учун маблағ топа олмаяпти. Оммавий қабулдаги мурожаатидан сўнг Дилафрўз опанинг муаммоси ҳал қилинадиган бўлди.
70 ёшдан ошган пскентлик Зоиржон ота 2-гуруҳ ногирони. Дард дегани ёш танлаб ўтирмайди. Умр ўтган сайин кўз нури кетиб хасталанаётган отахонга ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳридаги кўз касалликлари шифохонасига йўлланма ажратадиган бўлди.
Чинозлик Шоира Ашурованинг кичик ўғли Янгийўл тумани қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежини тамомлаган, ҳарбий хизматни ўтаб келган. Аммо, ҳамон ишсиз. Оммавий қабулдаги мурожаатидан сўнг Шоира опанинг мушкули осон бўлди.
Бўкалик Бахтиёр Алиевга ўтган йили Тошкент вилоятидаги Халқ қабулхонасига мурожаатидан сўнг “Човлисой” маҳалласидан 5 хонали уй ажратиб берилган, рўзғорни бутлаши учун 1 та қорамол ҳам берилган эди. Оғир дард билан курашаётган Бахтиёр ака энди ногиронликни белгилаш масаласида амалий ёрдам сўради. Вилоят соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бу масалани ўрганиб чиқадиган бўлди.
Юзма-юз, очиқ ва ошкора мулоқотлар якунида жами келиб тушган 300 дан зиёд мурожаатнинг 64 таси жойида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган 189 та мурожаатнинг кўриб чиқилиши назоратга олинди, 51 та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди.
Президент Халқ қабулхоналари ташкил қилаётган оммавий қабулларда ҳал бўлаётган ҳар бир муаммо замирида бир неча оиланинг қувончи, ҳаловати, ҳаётдан розилиги мужассам. Аслида ҳам халқ билан мулоқот тизимидан – оддий одамлар қалбига қулоқ солиш, уларнинг дард-ташвишларини астойдил тинглаш, муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам бериш, қисқа айтганда, давлат идораларининг халқ талаб ва истаклари асосида ишлашига эришишдан кўзланган мақсад битта – халқимизни ҳаётдан рози қилиш, уларнинг армонларини ушалтириш, орзуларини рўёбга чиқариш. Адолатнинг эса катта-кичиги бўлмайди.
ЎзА
Тип классификации обращения | Способ направления | Дата принятия | Дата рассмотрения | Регион |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоийская область |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Ташкентская область |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Джизакская область |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхандарьинская область |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Ташкентская область |