Бугун давлат хизматлари тараққий этаётган, эътиборда бўлган соҳалардан биридир. Шу сабаб барчани қизиқтириши мумкин бўлган саволлар юзасидан агентлик директори Халилулло Тўрахўжаевга мурожаат қилдик.
— Аввало, Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини рақамлар орқали таҳлил қилсак...
— Марказлар орқали 2017 йилда 120 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, хизмат турлари ортганлиги ҳисобига, жорий йилнинг 9 ойи давомида кўрсатилган давлат хизматлари сони қарийб 9 миллионга етди.
Ушбу кўрсаткич 2018 йилнинг мос даврига нисбатан деярли 3,5 баравар ошган. Маълумот учун, 2018 йилнинг 9 ойида 2,6 миллионга яқин давлат хизматлари кўрсатилган.
Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасини самарали ташкил этиш учун жорий йилнинг 9 ойи мобайнида жами 24 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳалари бўйича таклифлар тайёрланди. Яъни, 3 та Қонун лойиҳаси, 2 та Президент қарорлари, 15 та Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, шунингдек 4 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрланган.
Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматларнинг маъмурий регламентларини ишлаб чиқиш якуни бўйича давлат хизматлари кўрсатилишида сансалорликларга йўл қўйилишининг олдини олиш мақсадида талаб этиладиган ҳужжатлар сони 92 тадан 42 тага, хизмат кўрсатиш муддати 225 кундан 101 кунга қисқартиришига эришилади.
Эслаб кўрсангиз, фаолиятимизни бошлаган пайтларимиз Давлат хизматлари марказлари илгари мавжуд бўлган «Ягона дарча» ташкилоти биносида жойлашган бўлиб, аксарияти ташриф буюрувчилар сонидан келиб чиқадиган бўлсак талабга мутлақо жавоб бермаган эди.
Биз фуқароларга қулайлик яратиш — олдимизда турган вазифалардан энг юксак бўлгани деб биламиз. Давлат хизматлари марказларининг 43 та замонавий биноси фойдаланишга топширилди. 120 дан ортиқ ҳар томонлама қулай бинолар қуриш ишлари жадал бошлаб юборилди, йил якунига қадар ушбу биноларнинг 70 га яқини топширилиши режалаштирилган.
— Давлат хизматлари марказларининг янги қиёфаси, шубҳасиз, ташриф буюрувчиларга қулайлик нуқтаи назаридан манзур келади. Бироқ, республикамизда тоғли ва чекка ҳудудларда, интернет тармоғи тезлиги паст бўлган ҳудудлар ҳам бор. Улар учун қандай қўшимча қулайликлар яратилди?
— Тўғри таъкидладингиз, туман марказидан узоқда жойлашган чекка ҳудудлар борки, ушбу ҳудуддаги фуқаролар ҳар доим ҳам Давлат хизматлари марказларига келиш учун вақт ва маблағ сарфлашга тайёр эмас. Бунинг учун маҳаллий давлат ҳокимлиги органлари томонидан ташаббусни қўллаб-қувватлаганликлари муносабати билан ҳар бир Давлат хизматлари марказлари учун махсус жиҳозланган автотранспорт воситалари (Дамас) билан таъминланди. Шунингдек Туркиянинг ТИКА ташкилоти ҳамкорлигида грантлар асосида ҳар бир ҳудудга «мобил офис»лар автобуслар фойдаланишга топширилди. Булар ҳам олис ҳудудлар аҳолисига тезкор, қулай хизматларни кўрсатишга хизмат қилмоқда.
Туман марказидан 100-300 км узоқликда жойлашган ҳудудлардаги қишлоқ аҳолиси учун қулайлик яратиш мақсадида 52 та Марказ филиаллари ташкил этилиб, бугунги кунга қадар улар томонидан кўрсатилган хизматлар сони 32 439 тага етди.
— Агентлик томонидан тадбиркорлар платформаси ишга туширилган экан. Бу ҳақида батафсил тўхталиб ўтсак...
Буюк «Сompanies house UK» компанияси илғор тажрибасига асосланган ҳолда, хорижий инвесторлар ва мамлакатимиз тадбиркорлари фойдаланишлари учун Тадбиркорлик субъектлари ягона давлат реестрининг барча учун мутлақо очиқ бўлган платформаси ишга туширилди.
Унда ҳамкорлик қилишни режалаштираётган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги зарур маълумотларни «online» режимида олиш имкони яратилди.
Мазкур платформада ўз бизнес-ҳамкорларингиз — юридик шахслар ҳақидаги – яъни, корхона номи, рўйхатдан ўтган санаси, устав жамғармаси миқдори, корхона таъсисчилари ҳақидаги маълумотларни бепул асосда олишингиз мумкин.
Таъкидлаш лозим, энди платформада турли параметрлар бўйича глобал қидирув бериш функцияси мавжуд (компания номланиши, жойлашиши, фаолият тури ва ҳоказо).
Ушбу платформа ишбилармон шерикни текшириш, унинг яхлитлиги ва профессионаллиги тўғрисида ишонч ҳосил бўлиши ва шу билан фирибгарлик фактларини олдини олиш имконини беради.
Тез орада my.gov.uz порталида рўйхатдан ўтказилган мажбуриятлар, ҳибсга олиш ёки бошқа чекловлар, лизинг мажбуриятлари тўғрисида маълумотлар ҳам жойлаштирилади.
— Давлат хизматлари марказлари ходимлари ниҳоятда кенг турдаги хизматларни кўрсатадилар. Улар универсал ходим сифатида ишлашга қанчалик тайёр? Уларни ўқитиш учун нима қилинмоқда?
— Марказ фаолиятини бошлаб юборганларига бор йўғи 2 йил бўлган бўлсада, кўрсатиладиган хизматлар сони 37 тадан 120 тага яқинлашиб қолди. 2020 йилга қадар Марказларимиз орқали кўрсатилаётган хизматлар сонини 160 га етказмоқчимиз.
Жорий йилнинг июль ойида Бирлашган Араб Амирликларининг мутахассислари билан ҳамкорликда ДХМ ходимлари учун «Мамнун мижоз» тренингининг биринчи босқичи бўлиб ўтди. Ўқув тадбирлари доирасида хизмат олувчилар билан алоқа ўрнатишда ДХМ ходимлари дуч келиши мумкин бўлган турли вазиятлар кўриб чиқилди.
Ходимларимиз малакасини янада ошириш учун бундай илғор тажрибали мутахассисларни жалб этган ҳолда амалий тренингларни ташкил этишда давом этамиз.
— Давлат хизматлари агентлигида мурожаатлар билан ишлаш тизими қандай йўлга қўйилган?
— Агентлик ва унинг ҳудудий тузилмаларига 2019 йилнинг январь – сентябрь ойлари давомида жами 6612 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шулардан 3358 таси Президент виртуал қабулхонасидан, 3254 таси бевосита жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг
2408 таси ариза, 829 таси шикоят ва 17 таси таклифлардан иборат.
Энг кўп келиб тушаётган, тизимли, долзарб муаммолар таҳлил қилинганда, уларнинг аксарияти болаларни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш ҳамда кўчмас мулк объетларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш масаласидаги мурожаатларга тўғри келганлигини аниқланди.
Бундай мурожаатларнинг келиб тушишининг асосий сабаблари ваколатли органлар томонидан фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал қилинмаётганлиги, мансабдор шахслар томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари бузилишига йўл қўйилганлиги, шунингдек туман (шаҳар)ларда комиссиянинг ижобий хулосалари олинишига қарамасдан туман (шаҳар) ҳокими томонидан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги қарорларнинг ўз вақтида қабул қилинмаётганлигидир.
Ўрганиш давомида соҳада муайян ишлар амалга оширилганлиги билан бир қаторда, айрим масъул ходимлар томонидан мурожаатларни кўриб чиқишда камчилик ва қонун бузилиши ҳолатларига ҳам йўл қўйилганлиги аниқланди.
Ҳисобот даври мобайнида жами 17 нафар ходим томонидан айнан мурожаатларни кўриб чиқишда қонун бузилиши ҳолатига йўл қўйганлиги аниқланиб, айбдор ходимларнинг 9 нафарига нисбатан «Жарима», 6 нафарига нисбатан «Хайфсан» интизомий жавобгарлик чоралари ва 2 нафарига нисбатан эса маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилган.
— Давлат хизматлари соҳасининг келгусидаги тараққиёти қайси йўналишга қаратилган?
— Ҳозирда фуқаролар билан қайта алоқа ўрналитиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳамда биз статистика маълумотларини йиғиб, таҳлил қилмоқдамиз. Жойларда камчиликлар мавжуд бўлган нуқталарни аниқлаб, уларни бартараф этиш —биз учун жуда муҳим.
Йил охирига қадар, ҳар бир хизмат кўрсатиш ойнасида сифатни комплекс баҳолаш тизимини яратишни режалаштирмоқдамиз.
Мақсадимиз — фуқароларнинг давлат хизматларидан фойдаланиш тўғрисидаги тасаввурларини бутунлай ўзгартириш. Ушбу жараён фуқаролар хаёлида вақт ва асаб кеткизиш билан боғлиқ бўлмаслиги керак. Бу ерга келган Давлат хизматлари марказига ташриф буюрган ҳар бир фуқаро, ушбу масканни мамнуният ила тарк этиши лозим.
Тип классификации обращения | Способ направления | Дата принятия | Дата рассмотрения | Регион |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоийская область |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Ташкентская область |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Джизакская область |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхандарьинская область |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Ташкентская область |