2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Байрам байрамларга уланмоқда

Халқимиз Мустақиллик байрами шодиёналари нафаси билан яшаётган шу кунларда Андижон вилоятида 293 нафар фуқаро янги уй соҳибига айланди.

Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи амфитеатрида бўлиб ўтган тадбирда жисмоний имконияти чекланган, оғир ижтимоий шароитда яшаётган, уй-жойга муҳтож фуқароларга Андижон шаҳрининг “Саноат” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қад ростлаган уйларнинг калити тантанали равишда топширилди. 

Тадбирда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда одамларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига кўмаклашиш, айниқса, кам таъминланган оилалар, ногирон, оғир ижтимоий шароитда яшаётган аёлларни ижтимоий муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 19-20 май кунлари вилоятга ташрифи чоғида оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож аёлларни уй-жой билан таъминлаш борасида бир қатор топшириқлар берган эди. Ана шу вазифалар ижроси доирасида вилоятда рўйхатда турган ҳамда Президентимизнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига мурожаат қилган ногиронлиги бор, оғир ижтимоий шароитга тушиб қолган, якка-ёлғиз яшаётган 368 нафар аёлни уй-жой билан таъминлаш режалаштирилган. 

Таълим муассасаларининг фойдаланилмай турган ётоқхоналарини мослаштириш, қайта таъмирлаш ҳисобидан ана шу тоифадаги 320 нафар аёлни уй-жой билан таъминлаш, 26 нафар аёлга туман ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан бошланғич тўловни тўлаб бериш, 30 нафар қийин шароитда яшаётган аёлга эса туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан беминнат уй қуриб бериш ва уларнинг барчасини жорий йил охирига қадар эгаларига топшириш белгиланган. Бугунги кунда бу борадаги ишлар тизимли ва режа асосида олиб борилмоқда. Айни кунда туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан 26 та уй-жой учун бошланғич бадал тўловлари тўлаб берилди, 30 та уй-жой қурилиши давом этмоқда. 

Жорий йил июль ойида касб-ҳунар коллежлари ётоқхоналарини мослаштириб, қайта қуриш ҳисобига Бўз туманидан 8 нафар, Марҳамат туманидан 19 нафар фуқаро уйли бўлди. 

– Уйимиз бўлмаганидан бир неча йил қизим билан бировларнинг хонадонида яшаб юрдик, – дейди Марҳамат тумани "Эрши" маҳалласида яшовчи I гуруҳ ногирони Зиёда Мирзақулова. – Уй-жой қилишга имконим умуман йўқ эди. Бир ярим йил аввал Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Халқ қабулхонасига уй-жой сўраб мурожаат қилдим. Очиғи, ўшанда уй-жой беришларига унчалик ҳам ишонмаган эдим. Бугун эса мендан бахтиёр инсон йўқ. Чунки менга бир хонали уй берилди. Энди ўз уйим бор, кимнингдир олдида хижолат бўлмай, хотиржам яшай оламан. Ҳатто, яқинларим кўрсатмаган бундай яхшиликдан, давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигидан яшашга иштиёқим, давлатимизга, яхши инсонларга ишончим минг чандон ортди. Қийналиб яшаётган мен каби аёллар ҳолидан хабар олиб, уларнинг мушкулини осон қилаётган инсонлардан, мана шундай хайрли ишлар бошида турган Президентимиздан жуда миннатдорман.

“Обод маҳалла” дастури ижроси доирасида Андижон шаҳридаги уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Хўжаобод тумани “Қозоқ” массиви “Хидирша” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 81 та уй қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ушбу мавзеда намунавий лойиҳа асосида яна 40 та уй қурилмоқда. Бундан ташқари, Андижон шаҳрида яшовчи 3 нафар кекса аёлга кўп қаватли уйлардан бепул квартиралар олиб берилди. 

Уй-жойга айлантирилаётган собиқ ётоқхона биноларини реконструкция қилиш, мослаштириш жараёнида у ерда яшовчиларнинг бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Хонобод шаҳри, Асака, Булоқбоши, Бўз, Жалақудуқ, Избоскан, Олтинкўл, Шаҳрихон, Марҳамат туманларидаги ана шундай биноларнинг биринчи қаватида 230 иш ўрнига эга тикув-трикотаж ва бошқа йўналишлардаги цехлар ташкил этилиши кўзда тутилган. 

Андижон шаҳридаги “Саноат”, Олтинкўл туманидаги “Иттифоқ”, Асака туманидаги “Обод” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги собиқ ётоқхона бинолари реконструкция қилиниб, уй-жойга айлантирилди. Кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказилган тадбирларда уй-жойга муҳтож, кам таъминланган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ҳамда ногиронлиги бўлган 293 нафар фуқарога янги уйлар калити тантанали равишда топширилди. 

– Ҳар бир инсоннинг ўз уйи бўлгани яхши, – дейди янги уй соҳибаси Андижон тумани "Отчопар" маҳалла фуқаролар йиғини "Узункўча" кўчасида яшовчи I гуруҳ ногирони Марғубахон Оқбўтаева. – Ўғлим Сардорбек билан нафақа ҳисобига яшаймиз. Ўз уйимиз йўқлигидан анча қийналдик. Президентимизнинг эътибори туфайли бизга Андижон шаҳридаги “Саноат” маҳалласидан бир хонали уй берилди. Бундан айниқса, болагинамнинг шодлигини кўрсангиз эди, кўзларингизга ёш келади. Инсон шаъни, қадр-қиммати улуғланадиган табаррук юрт фуқароси эканимдан фахрланаман. 

Янги уй соҳибига айланган Андижон тумани "Чем" маҳалласида яшовчи Муҳайё Ортиқова, Шаҳрихон тумани "Қашқар" маҳалласида яшовчи Донохон Каримова, Асака тумани "Учтош" маҳалласидан Олмахон Юсупова, Олтинкўл тумани "Сафаробод" маҳалласидан Мухлиса Раҳимова сингари жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ҳам Президентимиз томонидан кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун ўз миннатдорликларини билдирди. 

Умуман, 2018 йил охирига қадар вилоятда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож 500 нафар фуқаро уй-жой билан таъминланади. 

Янги уй-жойларни топширишга бағишланган тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т.Худойберганов, Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов иштирок этди. 

 

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат) ЎзА

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар