Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Халқ қабулхонаси томонидан Наманган вилоятининг шаҳар ва туманларида суд-ҳуқуқ соҳаси бўйича ўтказилаётган оммавий қабулларда узоқ йиллардан буён адолат ва ҳақиқат қарор топишини истаётган, турли низоли масалаларда муаммоларга учраётган одамлар дардига қулоқ тутилмоқда.
Чуст туманидаги «Биби она» зиёратгоҳида ташкил этилган оммавий қабулда Президент Администрацияси, Олий суд, вилоят ҳокимлиги, Судьялар олий кенгаши, Республика Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги масъуллари Чуст, Поп ва Тўрақўрғон туманларида истиқомат қилувчи фуқароларнинг мурожаатларини тинглади.
Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигига, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ-манфаатларига риоя этилишига, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга олий қадрият сифатида қаралмоқда. Адолатни таъминлаш ва қонун устуворлигига эришиш ҳамда фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялаш ва бузилган ҳуқуқларини тиклашда суд ҳокимиятининг ўрни катта.
2009-2012 йилларда «Водийгазтаъмнот» унитар корхонаси Чуст тумани филиалида масъул лавозимларда ишлаган Фурқат Шарофбоев ва Илҳом Арслонов жиноят ишлари бўйича суд ҳукмларидан норози. Боиси, уларга нисбатан ишлаган даврларидан 8 йил ўтиб, жиноят ишлари бўйича туман судининг 2019 йил ноябрь ойидаги ҳукми билан ташкилот манфаатларига камомад келтирганликлари учун айбдор, деб топилган. Суд жараёнларида жавобгарлар томонидан киритилган асослантирувчи важлар тақдим этилишига қарамай, суд томонидан рад этилади. 2020 йилда Олий Суд томонидан мазкур иш қайта кўриб чиқилиб, фуқароларнинг аризалари қаноатлантирилади ва ишни қайта кўриш учун қуйи инстанцияга юборилади.
2021 йил 23 апрель куни вилоят судининг жиноий ишлар бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида ушбу иш яна қайта кўриб чиқилиб, жавобгарлар айбдор деб топилади. Олий суд раисининг биринчи ўринбосари мурожаатчиларга мазкур низоли ишни кассация шикоятлари асосида юқори турувчи суд томонидан кўриб чиқилиши ҳамда масалани қонуний тарзда ҳал этилишини таъкидлади.
Чуст туманидаги Дўстлик маҳалласида яшовчи фуқаро Равшан Ибрагимов ҳам суд қароридан жабр кўрганлардан. Чуст педагогика коллежи директорининг маъмурий-хўжалик ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаётган кезларида, яъни 2010 йил 27 сентябрда жиноят ишлари бўйича туман судининг қарори билан айбдор, деб топилган. 2011 йилда эса вилоят прокуратураси томонидан назорат тартибида киритилган протест асосида унга нисбатан қўзғатилган жиноий иш тугатилади. Натижада у ЖИБ вилоят суди кассация инстанциясининг 2011 йил 4 февралдаги ажрими билан, белгиланган жазодан амнистия акти асосида озод этилади.
Бироқ 2012 йил октябрь ойида ЖИБ вилоят судининг раёсати қарорига асосан, фуқаронинг манфаатини кўзлаб чиқарилган юқоридаги суд ҳукми ва ажрими бекор қилинади. Орадан етти йил ўтиб, вилоят прокуратурасининг ваколатлари доирасида унга нисбатан белгиланган жазо чоралари қонуний бекор қилинади.
Бош прокурор ўринбосарига мурожаат этган Равшан Ибрагимов ўтган йиллар давомида адолатсизликлардан қийналгани, эндиликда адолат қарор топиши ва ишга қайта тикланишида амалий ёрдам кўрсатишларини сўради. Шу жойининг ўзида вилоят прокурори Жаҳонгир Ҳотамовга фуқаронинг мурожаатини қонуний ҳал этиш, бандлигини таъминлашда амалий кўмак бериш вазифаси топширилди.
Қабул давомида фуқаролар томонидан 45 фуқаролик, 89 жиноят, 2 иқтисодий ва 17 оммавий ҳуқуқий муносабатларга оид жами 138 та мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаатларнинг 28 таси жойида ижобий ҳал этишга эришилган бўлса, 34 таси апелляция ва кассация тартибида ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун қабул қилинди. 76 та мурожаат бўйича эса фуқароларга зарурий ҳуқуқий тушунча ва тавсиялар берилди.Наманган туманидаги «Хонобод» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган дала шийпонида ташкил этилган навбатдаги оммавий қабулда тегишли масъуллар томонидан суд-ҳуқуқ масалаларига оид 68 та мурожаат кўриб чиқилди. Оммавий-ҳуқуқий муносабатлар, иқтисодий, маъмурий ҳамда жиноят ишлари билан боғлиқ ушбу мурожаатларнинг 48 таси судларнинг тегишли вакиллари томонидан шу жойнинг ўзида ижобий ечимини топди.
Сайёр қабул чоғида Паст Қиёт маҳалласида яшовчи Инобат Эргашева қўйган масала ҳам кўплаб мурожаатлар қаторида ўз ечимини топди. Унинг келини Россия Федерацияси фуқароси саналган Гулёра Ҳамронова қайнонасининг уйига меҳмонга келган чоғида вақтинчалик рўйхатга туриш муддатини бир кунга ўтказиб юборган экан. Бунинг учун хонадон эгасига базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн, келинига эса беш баравари миқдорида жарима ҳисобланибди. Иш қайта кўрилгандан сўнг қайнонага белгиланган жаримаси базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробарига келтирилди, келини эса тўловдан озод этилди.
Оммавий қабул доирасида туман судлари томонидан сайёр суд мажлислари ўтказилди. Жумладан, жиноят ишлари бўйича Наманган тумани суди саккиз кишининг ишини Жиноят кодексининг 73-моддаси тартибида кўриб чиқиб, уларни жазонинг ўталмаган қисмидан шартли равишда озод қилди.
Бундан ташқари, Поп туманида ўтказилган сайёр судда 6 нафар, Тўрақўрғон тумани судида бўлиб ўтган суд мажлисида 5 нафар жазони ўтаётган шахс жазодан муддатидан олдин озод қилинди.
Шунингдек, туман судлари томонидан жиноят иши бўйича ўтказилган сайёр судларда 4 нафар судланувчининг қонун санкциясида белгиланган жазодан ҳам енгил жазо тайинлаш масаласидаги мурожаатлари қаноатлантирилди.
Қабуллар чоғида Олий суд раисининг ўринбосари ва судьялари ҳамда вилоят суди раиси ҳар бир фуқаронинг мурожаатини синчковлик билан тинглаб, қўйилган масалалари бўйича қонуний тарзда жавоб қайтармоқда. Ўрганиш талаб этиладиган мурожаатларга муддат белгиланиб, мурожаатчиларга бу ҳақида хабар берилиши айтиб ўтилмоқда.
Республика Ишчи гуруҳининг Наманган вилоятидаги суд-ҳуқуқ масалаларига оид оммавий қабуллари давом этмоқда.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |