2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
“Обод қишлоқ”даги кўркам мактаблар

Президентимиз ташаббуси билан юртимизда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастури амалга оширилаётгани чекка қишлоқларга ҳам янгича нафас олиб кирмоқда. Жумладан, Тўрақўрғон туманидаги бир қатор таълим муассасалари ҳам дастур асосида ўзгача қиёфа касб этмоқда.

Улардан бири Гулистон маҳалласидаги 15-мактабдир. Қишлоқ аҳлининг 780 нафардан зиёд фарзанди таълим-тарбия олаётган мазкур таълим муассасаси 1973 йилда бунёд этилган. 2004 йилда жорий таъмирдан чиқарилган. — Эски эшик ва дераза ромлари ҳар йили бўялгани билан синиғини беркитиб бўлмасди. Айрим хоналарнинг сувоғи тўкилган деворини ямаб охирига етолмасдик. Электр энергияси, иситиш тизимини гапирмаса ҳам бўлади. Бино қишда исимасди, совуқ туфайли ўқувчилар ўртасида шамоллаш кўп, бу эса ўз навбатида давомат, билим самарадорлигига салбий таъсир қиларди. Ҳудудда амалга оширилаётган «Обод қишлоқ» Давлат дастурида белгиланган ободонлаштириш ишлари бизнинг мактабдаям бажарилди, камчиликлар бартараф этилди, — дейди мактаб директорининг ўринбосари Умид Абдуллаев. — Таъмирлаш ишларига давлат бюджетидан 538,8 миллион сўм ажратилди. Қурилиш-таъмирлаш юмушларини «Тўрақўрғонободқурилишинвест» МЧЖ бунёдкорлари олиб борди. 

Эшик ва деразалар замонавий пластик ромларга алмаштирилди, иситиш ва ёритиш тизими янгиланди, бугунги кун талабига жавоб бермайдиган синф хоналари ва ўқув лабораториялари таъмирланди ҳамда пардозлаш, ташқи деворни тиклаш, мактаб ҳовлисини ободонлаштириш ишлари бажарилди. Жараённинг бориши, бажарилаётган ишлар сифатини нафақат буюртмачи ташкилот, балки қабул қилиб олувчи вилоят халқ таълими бошқармаси, туман халқ таълими бўлими, жамоатчилик вакиллари назорат қилиб борди. 

— 120 метр узунликдаги ташқи деворни тиклаб, 944 кв/метр майдон ободонлаштирилди, — деди пудратчи. — Ҳар куни 30 нафар қурувчи меҳнат қилди. Иш сифати ва суръатига талаб жиддий бўлди. 

Пардозчи усталарнинг қўли теккан синфхоналарни айланамиз. Деворлар сирти худди рандалангандек текис. Буни уларнинг тилида айтганда «нолга ўлдириш» дейилади. Қирралар ип тортилгандек тик ва тўғри, чоклар билинмайди. Ишлатилган бўёқлар сифати, ранги ҳам кўнгилдагидек. Шинам ва ёруғ ўқув хоналари, ички йўлаклар ва фан лабораториялари бунёдкорлар қўлидан чиққан заҳоти стол-стуллари олиб кирилиб, Давлат таълим стандартлари талаблари асосида жиҳозланган ва ўқув-кўргазмали воситалар ўрнатилган. 

— Илгари янги таъмирланган мактаб ёки мактабдан ташқари таълим муассасаларида болалар саломатлиги меъёрларини таъминлашга суст эътибор берилган. Натижада айрим таълим муассасаларидаги ўқув хоналарида ёритиш, иситиш, ҳаво намлиги ва тегишли ҳароратни ушлаб туриш каби шарт¬лар бажарилмаган, — дейди Тўрақўрғон туман халқ таълими бўлими мудири Баҳодир Тўйчиев. — Биз бу йил қурилиш-таъмирлаш ишларида ана шу меъёрлар сақланишини алоҳида назоратга олдик. Зеро, бунинг замирида ўқувчиларнинг соғлиғи туради. Дейлик, ёруғлик белгиланганидан кам бўлса, ўқиш ва ёзиш пайтида боланинг кўриш қобилияти зўриқади. Синф хонасининг яхши исимаслиги ёки намликнинг ортиб кетиши зотилжам, ревматизм, пневмония каби хасталиклар ривожланишига бош омилдир. Шуни назарда тутиб, тегишли мутахассислар иштирокида нуқсонлар тузатилди. 

Оқтош маҳалласида жойлашган 61-мактабда ҳам «Обод қишлоқ» Давлат дастурига кўра, 474,8 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш кўзда тутилган эди. Бош пудратчи бўлган мактабда бинонинг ички ва ташқи қисм¬лари тўлиқ таъмирланиб, иссиқлик тизими бутунлай янгиланди.— Уч фарзандим шу ерда ўқийди, — дейди мактаб билан қўшни ҳовлида истиқомат қилувчи Роҳатой Ботирова. — Қурувчиларнинг саъй-ҳаракати туфайли ҳар куни кўркамлашиб бораётган мактабга қараб қувонаман. Болаларим энди қишдаям иссиқ хонада ўқийди, шинам ва ёруғ мактаб бағрида улғаяди. Кўп йиллардан буён ечилмаётган сув муаммосига ҳам ечим топилди. Кўчамизни кўринг, текис ва равон. Ҳар бир ҳовли, ҳар бир бино янгидан қурилгандек ўзгача чирой очди. 

Тўрақўрғонда яна бир билим даргоҳи — 30-мактабни ҳам мукаммал таъмирлаш бўйича лойиҳалаш ишлари бошланган. Бу мактабда 490 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилади. Туманда таълим муассасаларини 2018-2019 ўқув йилига тайёрлаш бўйича қабул қилинган «Ҳаракатлар дастури»га мувофиқ жами 56 та мактаб, 2 та ИДУМ, битта махсус мактаб-интернат ва «Баркамол авлод» болалар марказида бошланган кенг кўламли ишлар якунига етказилди. 

9-мактаб директори Қаюмжон Каримов шундай дейди: 

— Ўқув биноларимизни уч йилда биринчи маротаба таъмирладик. Чунки ўқувчиларнинг мактаб мулкига муносабати жуда яхши. Мебеллардан тортиб, дарсликларгача, ҳатто бино ва бошқа иншоотлар ҳам давлат — яъни халқ мулки эканлиги, мамлакатимизнинг куч-қудрати ана шу мулкни асраб-авайлашгаям боғлиқлигини турли усуллар орқали сингдира олганимиз учун бирон буюм ёки жиҳозга шикаст етказилмади. 

Мактабнинг дид билан бўялган ўқув хоналарида кўргазмали қуроллар, паннолар ва шиорлар тартиб билан ўрнатилган. Ҳар бири маълум мақсадга йўналтирилган. Синф хоналарини безаш ва жиҳозлашда Халқ таълими вазирлиги тавсия қилган мезонларга амал қилинган. Оддий, ҳашамсиз, тушунарли ва керакли манбалар акс этган. Янги ўқув йилининг дарс жадвали, фан ва ижодий тўгараклар, спорт секцияларининг ишлаш жадвали осилган кириш йўлаги дарров эътиборингизни тортади. 14 та синф хонаси ёруғ ва озода. Информатика хонасидаги компьютерлар тартиб билан рақамланган ҳамда янги ўқув йилида шу компьютерда ишлайдиган ўқувчилар номи ёзиб қўйилган. 

—    Ҳар бир буюмнинг эгаси бўлиши керак, — деди Қаюмжон Каримов. — Шунда унга муносабат ўзгаради. Масъулият ҳис этиб, ўқувчи уни ўзиникидек авайлашга интилади. Натижада фойдаланиш муддати узаяди, шикаст етмайди. Бизда мактаб партаси ҳам алоҳида ўқувчининг тасарруфида ва назоратида. 

Ўқувчининг қалбида “мактаб бизники” дегандан кўра, “мактаб меники!” деган туйғуни шакллантиришнинг оддий йўли шу бўлса керак. 

Бу ерда маҳаллий ҳокимият кўмаги ва ички имкониятлардан келиб чиқиб, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик ва технология фанлари учун махсус ўқув хонаси барпо этилди. Янги ўқув йилига, куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича педагоглар жамоасининг тажрибасини оммалаштириш мақсадида амалий семинар ҳам ўтказилди. Тумандаги бошқа мактаблар шу ердан андоза олишди. 

Шу куни тумандаги 23-, 44-, 51-мактабларда янги ўқув йили муносабати билан амалга оширилган тайёргарлик ишлари билан танишдик. 44-мактабда ўқувчиларнинг дарсликларга бўлган эҳтиёжи қандай қондирилгани билан қизиқдик. Директор ўринбосари Раъно Ғиёсованинг таъкидлашича, 849 нафар ўқувчи учун барча фанлар бўйича дарсликлар етказиб берилган. 

— 5—8-синфлар учун 14 комплект дарслик етишмаганди. Туман халқ таълими бўлими орқали бу муаммони ҳал қилдик. Дарсликлар ортиб қолган бошқа мактаблар ҳисобидан қопланди, — дейди директор ўринбосари. — Бу йил 1-синфга 85 нафар ўқувчини қабул қилдик. 

Мактаб директори Дилдора Худойназарованинг айтишича, шаҳар(туман) халқ таълими бўлимлари қошида марказлашган эксплуатация бўлимлари ташкил этилгани мактаб масъуллари ишини анча енгиллаштирди. Электр устаси ёки сантехник қидириб, ҳам вақтдан, ҳам иш сифатидан ютқазган раҳбарлар эндиликда шу ернинг ўзида барча муаммосини ҳал этяпти. Авваллари малакали мутахассис учрамаса, тўғри келган усталар хизматидан ҳам фойдаланилган. Энди буюртма берилгач, носозлик малакали мутахассислар томонидан тузатилади. Гуруҳ ходимлари шу куни бу ерда кимё-биология фанлари лабораториясининг сув тизимини созлаш билан бандлигини кўриб, бу гапда жон бор экан, дедик. Чилангар ва сантехник ишлаётган хонада амалий машғулотлар учун жиҳозлар ҳам етарли. 

Ғанишер АКБАРОВ

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар