Иқлим ўзгаришида туз ва қум бўронлари муҳим ўрин тутади. Бу каби салбий ҳолатлар Оролбўйи ҳамда Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро вилоятларининг айрим ҳудуларида кузатилади.
10–14 метр секунд тезликдаги шамоллар сабаб юзага келадиган қум бўронлари натижасида ҳаво таркибида чанг миқдори меъёрдан 5,9 баробар кўпайиши аниқланган.
Саксовул, чекрез каби ўсимликларни кўпайтириш орқали кўчма қумларни мустаҳкамлаш мумкин. Шунингдек, бу усул ернинг устки қисмида шамол тезлигини камайтириш имконини ҳам беради. Соҳа олимларининг таъкидлашича, 3 йиллик саксовулзорда қум кўчиши 55 фоизга, 5 йилликда эса 79,5 фоизга камаяди. Буни қарангки, мазкур бута 7 ёшда янада ўсиб ўша ҳудудда бу каби салбий ҳолатлар бутунлай тўхтайди. Унинг илдизи бақувват бўлиб, бир тупи 10 тоннагача қумни мустаҳкамлаб, кўчкиларга йўл бермайди. Илдизи тупроққа чуқур кириб бориб, горизонтал йўналишда саккиз метргача етишидан маълумки, қумларни мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга. Худди шунингдек, черкезнинг ҳам илдизи тупроққа чуқур кириб боради.
Ҳаво таркибини яхшилаб, атроф муҳитни ифлосланишига чек қўйишда ҳам бу ўсимликларнинг аҳамияти катта. Тадқиқотларга кўра, 1 гектар ердаги саксовул ва черкез йил давомида 1135 килограмм карбонат ангидрид газини ютиб, 835 килограмм кислород ажратади. Мана шу жиҳатларини эътиборга олган ҳолда ҳукуматимиз томонидан Орол денгизининг қуриган тубида шу каби буталардан иборат яшил қопламалар барпо этиш мақсадида 2019–2021 йилларда 1 миллион 560 минг гектар майдонда уруғдан ва кўчатдан ўрмон барпо этиш ишлари амалга оширилди. Улар яқин 4–5 йил ичида қуюқ ўрмонзорларга айланиб қум, чанг ва тузларнинг атмосферага кўтарилишини тўхтатади.
Бу қувонарли ҳол, албатта. Аммо масаланинг яна бир томони борки, киши дилини хира қилади. Қизилқум, Устюрт, Қарши, Сурхон-Шеробод, Мирзачўл каби ҳудудларнинг тоғ олди дашт ерларида чорва молларининг тартибсиз боқилиши ва бошқа турли сабаблар туфайли ўсимликлар турлари ҳамда уларнинг қопланиш даражаси жуда сийраклашиб кетяпти. Бундай тартибсизлик оқибатида чўл ўсимликлари нобуд бўлмоқда. “Яшил қопламали” ҳудудларни кенгайтириб, муаммоларни бартараф этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлардан кутилган натижа секинлашмоқда. Ваҳоланки, қум ва туз бўронларининг олдини олиш йўлидаги чора-тадбирлар саломатлигимиз учун муҳим аҳамиятга эга. Инсон саломатлиги кўп жиҳатдан атроф-муҳит экологик ҳолатига боғлиқ. У қанча яхши бўлса, соғлигимиз ҳам шунча яхшиланиб боради.
Маданий ўрмонзорлар
— Ҳозирги кунда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси БМТнинг Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш конвенцияси котибияти кўмагида “Марказий Осиёда қум, чанг бўронлари ва қурғоқчиликка қарши қурашиш минтақавий лойиҳаси”да қатнашмоқда. — дейди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Ҳожимурод Толипов. — Ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистонда мазкур муаммоларнинг салбий таъсирини камайтириш ҳамда салоҳиятини ошириш бўйича 2022–2024 йилларга мўлжалланган миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Кейинги йилларда республикамизда тез-тез кучли шамол ва қум бўронлари кузатиляпти. Жанубий Қизилқумда 1 йилда 1 метр кенгликдан ўртача 41– 45 куб метр қум кўчиб ўтиши аниқланган. Муаммони иҳота дарахтзорлари ва ўрмонзорларини янада кўпайтириш йўли билан ҳал қилиш мумкин. Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, жорий йилда Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида 465 минг гектар майдонда, Хоразм вилоятида 8 минг гектар, Бухоро вилоятида 66 минг гектар ва Навоий вилоятида 40 минг гектар майдонда маданий ўрмонзорлар барпо этилди.
Намликни 5 йилгача сақловчи гидрогеллар
Маҳсулот тупроқ таркибига киритилгач, 2 йилгача хусусиятини йўқотмайди. У экологик жиҳатдан зарарсиз бўлиб, намликни 3–5 йилгача сақлаб туради.
— Илмий ва инновацион ечимлар салбий ҳолатларнинг олдини олишда катта аҳамиятга эга, –дейди Ҳожимурод Толипов. — Соҳада янгидан қўлланила бошлаган геоахборот тизимлари ва масофадан зондлаш маълумотлари асосида тайёрланган атлас хабарларни кенг фазовий ўлчамларда тўплаш, бирлаштириш ва рақамлаштиришда қўл келади. Мазкур атлас қум ва чанг бўронлари манбаларини таҳлил қилиш учун анча қулайлик яратиб, қаерда жойлашгани, уларнинг тупроқ таркиби ёки бошқа ўзгарувчан манбаларга боғлиқлигини аниқлаш имконини беради.
Инновацион лойиҳа асосида ишлаб чиқаришга татбиқ этилиб, соҳада қўлланилаётган сувда юқори бўкувчи, тупроқ таркибидаги намликни узоқ вақт сақлаш имконини берувчи гидрогел ҳам катта аҳамиятга эга. Техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Баходир Холназаров ғояси асосида яратилган мазкур маҳсулот “Surxon Gidrogel” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилмоқда.
— Республикамизда мавжуд маҳаллий хомашёлар асосида тайёрланадиган бу маҳсулот тупроқ таркибидаги тузларнинг миқдорига қараб, оғирлигидан 250 мартагача кўпроқ сувни ўзида сақлайди, — дейди Баходир Холназаров. — Лойиҳаларни яратишда проффессор Ҳайит Тўраевнинг ҳиссалари катта. Уларнинг берган билимлари, кўрсатмалари сабаб шу соҳага қизиқишим ортган. Сув билан таъминланмаган ва шўр ерларда яхшигина самара берадиган ушбу воситадан қум кўчиш эҳтимоли юқори ҳудудларда, ўрмончиликда кўчатлар экишда, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда ва кўкаламзорлаштиришда фойдаланиш мумкин. Экин тури, тупроқ таркиби ва иқлим шароитлари ҳисобга олиниб, гидрогелнинг сарфи аниқланади ҳамда махсус техника ёрдамида ўсимликка берилади. Маҳсулот тупроқ таркибига киритилгач, 2 йилгача хусусиятини йўқотмайди. У экологик жиҳатдан зарарсиз бўлиб, намликни 3–5 йилгача сақлаб туриши сабабли суғориш ишларини 40 фоизгача, минерал ўғитларни тупроқнинг унумдор қатламида тутиб қолиши боис агротехник ишловларни 30 фоизгача камайтиради.
Мана шу жиҳатлари билан ҳам Баҳодир ака айтаётган лойиҳанинг аҳамияти катта. Гидрогелар хориждан ички бозорга ўртача 90 минг сўмдан импорт қилинмоқда. “Surxon Gidrogel” эса маҳаллий хомашёлар асосида тайёрланадиган янги таркибли, биопарчаланувчан гидрогеларни ички бозорга уларнинг деярли ярим нархида таклиф қилмоқда.
Табиат, экология бутун инсоният учун муҳим мавзулар. Шунга яраша соҳада доир муаммолар ҳам жиддий ёндашишни талаб қилади. Давлатимиз, қолаверса, мутахассислар, олимлар томонидан экологик барқарорликни асраш, талофатларни олдини олиш юзасидан зарур чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |