2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Халқ қабулхонаси – халқимиз хизматида

Халқ қабулхоналари одамларнинг дарду ташвишини тинглаб, муаммоларига ечим топишда энг самарали, ишончли ва қулай тизимга айланди.

Конституциямизда ҳам бош мақсадимиз – фақат кучли ҳуқуқий демократик давлат эмас, балки адолатли жамият барпо этиш экани алоҳида белгилаб қўйилган.

 Шундай экан, Халқ қабулхоналари бу йўналишдаги конституциявий нормаларни ҳаётга жорий этишга, халқимизнинг асрий орзуларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Бу жараёнда барча даражадаги раҳбарларнинг фуқаролар билан очиқ, ошкора мулоқоти йўлга қўйилиб, аҳолининг ҳақли талабларини ҳал этиш ва эҳтиёжларини аниқлаш, ҳаётидан рози бўлиб яшашига кўмаклашиш муҳим вазифа сифатида белгилаб олинди. Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак, деган улуғвор ғоя раҳбарларнинг мурожаатлар билан ишлаш масъулиятини оширди. Кейинги беш йилда юз берган бу янгиланишлар одамларнинг бугун кечагидан, эртага бугунгидан яхшироқ яшашга бўлган иштиёқини рўёбга чиқариш учун қулай муҳит, кенг имконият яратди.

Эндиликда ҳаётнинг ўзи аҳоли мурожаатларига муносабатни тамомила ўзгартириб, ҳатто уларнинг ижроси қай даражада бажарилаётганини чуқур таҳлил қилишни тақозо этмоқда. Натижалари ҳокимлик йиғилишларида, маҳаллий кенгашлар сессияларида муҳокама этилаётир. Буларнинг барчаси юртимизда қисқа даврда юз берган беқиёс янгиланишлар, шу жумладан, очиқлик ва ошкораликнинг амалдаги самараларидир. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида Президентимизнинг виртуал ва вилоятдаги Халқ қабулхоналарига келиб тушган 166 минг 113 та мурожаатнинг 155 минг 583 таси кўриб чиқилиб, 140 минг 51 таси қаноатлантирилган. 86 770 таси ижобий ҳал этилган. Аҳоли томонидан ўртага ташланган бу масалаларнинг 38 минг 82 таси Президентимизнинг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхоналарига тушган бўлиб, уларнинг 33 минг 875 таси ёки 97,8 фоизи қаноатлантирилган. Бундан беш йил олдин бир вилоятда бир йилда юз мингдан ортиқ инсоннинг муаммоси ечим топганини тасаввур қилармидик? Ёки одамлар дуч келган масаласини раҳбарлар олдига тортинмасдан кўндаланг қўя олармиди? Йўқ, албатта. Чунки, юртимизда аҳоли мурожаатларини тинглаш ва ҳал этишга ҳозиргидек эътиборнинг ўзи йўқ эди.

Хўш, воҳа аҳли қандай йўналишлар бўйича Халқ қабулхоналарига кўпроқ мурожаат этмоқда? Таҳлилларга кўра, йилнинг ўтган даврида 18 минг 190 та мурожаатда 18 ёшгача болалар нафақаси сўралган. 6 минг 557 мурожаатда уй-жой таъминоти, 6 минг 387 тасида алимент ундириш, 4 минг 860 тасида иш билан, 4 минг 173 тасида маиший газ балон билан таъминлаш, 3 минг 677 тасида ички йўлларни таъмирлаш ва қуришда ёрдам сўралган. Ичимлик сув ва электр энергиясидаги муаммолар, уй-жойни таъмирлаш, даволанишга кўмаклашиш, моддий ёрдам,тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун кредит олиш ва ер ажратиш билан боғлиқ мурожаатлар ҳам талайгина. Масалан, Халқ қабулхонасига Бойсун туманидаги Тузбозор маҳалласида яшовчи 100 дан ортиқ аҳоли хонадони табиий газ тармоғига улаб берилмаётгани ҳақидаги мурожаат келиб тушди. Мазкур жамоавий мурожаат Халқ қабулхонаси томонидан назоратга олингач, «Бойсунтумангаз» газ таъминоти бўлими мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилган ва аҳолига тушунтириш бериш билан чекланган. Халқ қабулхонасида мурожаат назоратдан ечилмай, Халқ депутатлари Бойсун туман кенгашига шу йил 15 октябрда аҳоли муаммолари юзасидан ахборот киритилганида мазкур масала кўрсатиб ўтилган. Масала «Бойсунтумангаз» газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан қайта ўрганилиб, хонадонларга АСКУГ тизимига мос замонавий газ ҳисоблаш асбоби ўрнатилишига рухсат берилди. Табиий газга уланиши таъминланди.

Туманнинг Ширинобод маҳалласида истиқомат қиладиган К.Эшонқулов Халқ қабулхонасига мурожаат этиб, маҳаллий ҳокимлик ногиронлар ва касалмандларга дори-дармон учун моддий ёрдам кўрсатаётганини, лекин 21 марта жарроҳлик амалиётини ўтказган бўлсада, бу фуқарога на туман ҳокимлиги, на сектор ёки маҳалла томонидан молиявий кўмак берилмаганини маълум қилган. Турмуш шароитини ўрганиб, амалий ёрдам кўрсатишни сўраган. Бу мурожаат муаллифи учун сектор раҳбарлари иштирокида алоҳида шахсий қабул ташкил этилди. Унинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, даволаниши учун 15 миллион сўм маблағ берилди. Олтинсой туманидаги Жобу маҳалласилик Абдирежаб Одинаев ва бошқалар кўчага ичимлик сув тармоғини улаб бериш, ички йўлларга тош тўкиб таъмирлаш, аҳолига замонавий қишлоқ оилавий поликлиникаси ва мактабгача таълим муассасаси барпо этиш масаласида мурожаат қилди.

Улар ўртага ташлаган бу масалалар ўрганилиб, кўчага ичимлик сув тармоғи тортилди. Ички йўлларга тош тўкилиб, таъмирланди. Маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан қишлоқ оилавий поликлиникаси қурилишига пойдевор ташланди. Болалар боғчаси қад ростлади. Халқ қабулхонаси ва сектор раҳбари томонидан ҳудуддаги бошқа муаммолар ҳам ўрганилиб, ечими топилди. Кези келганда шуни айтиш лозимки, халқимизни қийнаётган кўчаларни таъмирлаш, ичимлик сув, электр энергияси таъминоти каби муаммоларнинг аксарияти узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган масалалардир. Мисол учун, мустақиллик йиллари ички йўлларни таъмирлашга талаб даражасида аҳамият берилмагани сабабли айрим қишлоқ кўчалари яроқсиз ҳолга келган. Ўтган тузумда ўрнатилган сув қувурлари чириб қолган. Электр энергияси етказиб берадиган сим ёғочлар ўз хизматини ўтаб бўлган. Ёки маҳаллаларда аҳоли сони кескин ортиб, янги уй-жойлар қурилаётгани натижасида ўрнатилган электр трансформаторлари кучланиши етмай қолган.

Айни пайтда шундай ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланаётганидан фойдаланиб, муносиб турмуш кечириш учун бу масалалар ечимини кўндаланг қўймоқда. Жумладан, Ангор туманидаги Каттақум маҳалласида яшайдиган бир гуруҳ фуқаролар Халқ қабулхонасига Тараққиёт кўчаси ҳудудида электр энергияси билан боғлиқ муаммоларни маълум қилди. Ички йўлларга шағал ётқизишда ёрдам беришни сўради.

Мурожаат тегишли тартибда ўрганилгач ҳудуддаги 160 кучланиш ҳажмга эга трансформатор ёнидан қўшимча 400 кучланишдаги трансформатор ўрнатилиб, 1 километр узунликдаги янги тармоқ тортиб берилди. Маҳалланинг «МЖК» деб номланувчи ҳудудида 1 километр ёпиқ кабель ва 2 километр электр тармоқлари тортилди. Қўшимча 17 та электр бетон устун ўрнатилди. Тараққиёт кўчасидаги 700 метр ички йўлга тош-шағал ётқизилди.  Янги Ўзбекистоннинг Халқ қабулхоналари бугун фидойи халқимизнинг том маънодаги дарду-ташвишини тинглаб, қувончларига шерик бўладиган, улар дуч келаётган муаммоларни ишончли ҳал этадиган ўзига хос тузилмага айланди. Ҳокимият ва халқ ўртасида очиқ, шаффоф мулоқот қилиш тизимини яратди. Бундай улуғвор, эзгу ишлар жойларда қонун устуворлигини таъминлаб, одамларни рози қилиш, уларнинг эртага эмас, айнан бугун яхши яшаши, муносиб турмуш кечириши учун барча шароитларни яратиб беришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

 

Абдулҳаким ЭШМУРОДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар