2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Сайёр қабул: мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал бўлди

Мамлакатимизда халқ билан очиқ мулоқот қилиш орқали одамларнинг дарду-ташвишини тинглаб, ечимини топишга кўмаклашиш тизими йўлга қўйилгани инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаб, жойларда ўртага ташланаётган масалаларни ҳал этишда ўз самарасини бераётир. Халқимизнинг бугунги кундан рози бўлиб, тўкин ва обод турмуш кечиришига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов ҳам Сурхондарё вилоятида аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, муаммоларни эшитиш, оммавий ахборот воситаларига бўлган фикри, эътирози ва таклифларини ўрганиш мақсадида сайёр қабул ўтказди.

Очиқ мулоқотда аҳоли сув таъминотидаги муаммолар, суюлтирилган газ баллон билан таъминлаш, электр сим устуни ўрнатиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун банк кредити олиш, уй-жойнинг кадастр ҳужжатини расмийлаштириш, болалар нафақаси тайинлаш, ўзини-ўзи банд қилиш учун духовка олишга ёрдамлашиш каби масалаларда мурожаат этди.

Термиз туманидаги Термиз маҳалласида яшовчи М.Қундузова ҳудуд аҳолиси суюлтирилган газ билан таъминлангани, қайнонаси билан бир уйда яшаётгани учун битта суюлтирилган газ балон бутун бошли рўзғорга етмаётганини маълум қилди. Уй-жойнинг битта кадастр ҳужжати бўлгани учун бошқа суюлтирилган газ балон берилмаётганини айтди. Бу масала жойида ўрганилиб, М.Қундузовалар оиласи алоҳида рўзғор бўлгани учун газ балон етказиб бериш масаласи ечимини топди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси мудири А.Эшмурадовнинг таъкидлашича, воҳада битта уй-жойда бир нечта оила яшаётгани ва уларнинг аксарияти қўшимча суюлтирилган газ балонига эҳтиёж сезаётгани ўрганилиб, жорий йилда етти мингта газ балонга буюртма берилган. Йилнинг ўтган даврида беш мингта суюлтирилган газ балони олиб келиниб, талабга қараб, таъминланмоқда.

Сайёр қабулда Термиз шаҳрида истиқомат қиладиган Ў.Нурматова, Т.Аллаёровалар тоза ичимлик сув билан боғлиқ масалаларни ўртага ташлади. Тупроққўрғон маҳалласилик Ў.Тўрамуродова отаси 1 гуруҳ ногиронлигини айтиб, ўзи вақтинча ишсиз эканини таъкидлади. Ўзини ўзи банд қилиш учун турли пишириқ тайёрлаб сотишни йўлга қўймоқчилиги, бунинг учун духовка харид қилишга ҳам маблағи етмаётганини маълум қилди. Шу ернинг ўзида унга шаҳардаги биринчи сектор мутасаддилари томонидан электр духовкаси топширилди. Фуқаро Ш.Қурбонов «Ҳар бир оила тадбиркор» лойиҳаси доирасида «Агробанк»дан 18 миллион кредит ажратилишида, Ф,Нуриддинова эса болалар нафақаси тайинланишида ёрдам сўради. 

Бу масалалар ҳам соҳа мутасаддилари иштирокида кўриб, чиқилиб қаноатлантириладиган бўлди. Термиз давлат университети талабаси Ш.Абдиқодирова ахборот технологиялари бўйича таълим олаётгани, лекин оилада компьютер бўлмаганлиги учун соҳани чуқур ўзлаштиришда муаммоларга дуч келаётганини маълум қилди. Компьютер харид қилишга ёрдам беришни сўради. Талаба қизнинг мурожаати шу ернинг ўзида қаноатлантирилиб, унга компьютер топширилди.

Вилоятда иккита телевидение, битта радио, 35 та газета-журнал ва иккита интернет нашр фаолият юритиб, воҳада юз бераётган кундалик ўзгаришлар ва янгиликларни аҳолига етказмоқда. Жорий йилда «Сурхон тонги» ва «Заря сурхона» газеталари бирлашган таҳририяти замонавий усулда барпо этилган янги бинога кўчиб ўтди. Сурхондарё вилояти телерадиокомпанияси замонавий технологиялар билан жиҳозланди. 

Воҳадаги ОАВлар таҳлилий мақолалар, эшиттириш ва кўрсатувлар билан одамлар, айниқса ёшлар маънавиятини юксалтиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Шунингдек, ёшлар ўртасида наср ва назмда ижод қилишга интилиш, иштиёқ ошиб бораётир. Очиқ мулоқотда ана шундай ижодкор йигит-қизлар мамлакатимизда ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаб, ўз салоҳиятини намойиш этишига қаратилаётган эътибор ҳақида фахр билан фикр юритди. Ижод намуналарини, китоб ҳолида нашр қилиш масаласини ўртага ташлади.

– Ёш истеъдодлар ижодидан намуналарни жамлаб, тўплам ҳолида нашр эттиришга тайёрлаганмиз, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси вилоят бўлими бош мутахассиси Д.Жумаева. – Лекин, маблағ йўқлиги сабабли икки йилдан буён нашр этилмаяпти. Сайёр қабулда шу масалада ёрдам сўраган эдик, ҳомийлик асосида чоп этиладиган бўлди. Бунинг учун сўнгги йилларда мамлакатимизда ижодкорларга қаратилаётган эътибордан миннатдормиз.

Ўтаётган йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси ва вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан сурхондарёлик машҳур шоир, марҳум Шафоат Раҳматуллаев яшаган хонадон тубдан таъмирланиб, оила аъзолари учун барча замонавий шароит яратиб берилди. Шунингдек, кекса журналист Тўра Қобиловга кам таъминланган, уй-жойга эҳтиёжманд 100 оила учун замонавий усулда қурилган кўп қаватли арзон уй-жойдан хонадон ажратилди. Бошланғич тўлови ҳомийлар маблағи ҳисобидан тўлаб берилди. Сайёр қабул чоғида кекса журналист халқ қабулхонасига келиб, хонадоннинг кадастр ҳужжатлари тайёрланиб, номига расмийлаштирилганини қувонч билан маълум қилди. Бундай ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига чуқур миннатдорлик билдирди.

Очиқ мулоқотда мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Айрим мурожаатлар бўйича тушунтиришлар берилди. Ечими вақт талаб этадиган масалалар юзасидан аниқ муддат белгиланиб, ижроси қатъий назоратга олинди.

Сайёр қабул доирасида меҳмонлар кекса журналист Тўра Қобиловга берилган янги хонадонни бориб кўрди. Вилоят «Сурхон тонги» ва «Заря сурхана» газеталари бирлашган таҳририятининг янги биноси, замонавий босмахонаси билан танишиб, журналистлар билан суҳбатлашди.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар