Бухоро вилояти Когон тумани «Ўбачўли» МФЙ Янги Қаллуқ қишлоғида яшовчи Гулчеҳра Нормуродова ўзига «Агробанк» АТБ Бухоро вилояти бошқармасидан келган хатни ўқиб, таажжубдан ёқа ушлади.
— Мазкур банкка профиль ишлаб чиқариш дастгоҳи сотиб олиш ниятида эканимни айтиб, 2021 йилнинг октябрида мурожаат қилгандим, — дейди у. — Тегишли ҳужжатларни ҳам тақдим этгандим. Аммо банк ходимлари «Ишингиз эрта-индин ҳал бўлади», деб роса овора қилдилар. Охир-оқибат банк раҳбари имзоси билан ажабтовур жавоб хати олдим.
Фуқаронинг «ажабтовур» дейишида жон бор. Банкнинг 2021 йил 17 декабрь кунидаги 02/947-сонли жавоб хатида шундай сўзларни ўқиш мумкин:
“...Мурожаатингизда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш мақсадида имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам беришни сўрагансиз... Мурожаатингиз юзасидан банк ходимлари ва маҳалла фуқаролар йиғинининг масъул ходими билан биргаликда дастлабки мониторинг ўтказилганда таъминотчи корхонадан чорва моллари олиб келинмаганлиги маълум бўлди, бу тўғрисида тегишли далолатнома расмийлаштирилган бўлиб, ҳудудий филиал томонидан кредит ажратилмаслигини маълум қиламиз».
Банкдан қурилиш материали ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида имтиёзли кредит сўраган фуқарога чорва моллари ҳали олиб келинмаганидан сўз очишса, ҳар қандай киши ҳам ёқасини ушлаб қолиши тайин. Қолаверса, Гулчеҳра Нормуродованинг таъкидлашича, мурожаати юзасидан банк ходимлари ҳам, маҳалла вакили ҳам у билан учрашган эмас. Ёлғончилик, лоқайдлик ҳам эви билан-да.
Ушбу жавоб хатининг «Агробанк» АТБ Бухоро вилояти бошқармаси ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ахборот тизимига ҳам юклатилганини айтмайсизми?!
Г. Нормуродова Халқ қабулхонасига ушбу масала ечими борасида кўмак сўраб мурожаат қилди. Суҳбат жараёнида у чорва моллари эмас, балки профиль ишлаб чиқариш дастгоҳи сотиб олиш учун кредит ажратишни сўраб мурожаат қилганини, хонадонига банк ва маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари келмаганларини ва ҳеч қандай далолатнома ёзмаганларини билдирди.
Маълумки, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Афтидан, банк мутасаддилари масаланинг бу жиҳатини унутишмоқда. Акс ҳолда, бир фуқарони шу қадар овора қилишмас, мурожаатига панжа орасидан қарашмас эди.
Гулчеҳра Нормуродовага келсак, Халқ қабулхонаси аралашуви билан унга ва ниҳоят, тадбиркорлик фаолиятини оқилона йўлга қўйиши учун 36 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағи ажратилди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |