Ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол ва аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳининг Фарғона вилояти Сўх ва Қува туманларидаги фаолияти натижасида қатор камчиликлар аниқланди.
Уларнинг аксариятига жойида ечим топилган бўлса, халқ депутатлари туман кенгашлари сессияларида комиссия рўйхатга олган бошқа муаммоларни ҳал этиш юзасидан “йўл харитаси” белгилаб олинди.
Тўрт сектор раҳбарлари томонидан ҳудудларда бир қатор ишлар амалга оширилаётган бўлса-да, баъзи ҳолатларда муаммолардан кўз юмилмоқда. Масалан, Сўх туманидаги ўрганишлар чоғида 345 та камчилик ва муаммо аниқланган. Таълим, тиббиёт, маданият соҳаларида, жойларда аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш борасида вужудга келган бу масалаларнинг аксарияти йиллар давомида тўпланиб қолган.
Айниқса, туманда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ишлар қониқарсиз, аксарият тиббиёт масканлари таъмирга муҳтож, кадрлар етишмовчилиги йиллар давомида ҳал этилмасдан келмоқда. Мазкур йўналишда 46 та муаммо аниқлангани ҳам буни яққол кўрсатиб турибди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларни кичик бизнес субъектларига жалб этиш, уларнинг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга эътибор етарли даражада эмас. “Себзор”, “Соҳибкор”, “Офтобрў”, “Навобод” маҳалла фуқаролари йиғинлари ҳозирги кунга қадар тармоқ асосида ичимлик суви билан таъминланмаган.
Ишчи гуруҳ томонидан туманда 125 та бўш турган бино, қурилиши тугалланмаган объект ва фойдаланилмаётган ер майдонлари аниқланган. Ваҳоланки, уларда кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, янги иш ўринлари яратиш имконияти мавжуд. Туманда аҳоли турар жойлари ва халқ хўжалигининг бошқа тармоқларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш борасида ҳам кўплаб муаммолар учрайди. Кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари мавжуд эмаслиги натижасида кўп қаватли уйларнинг коммунал тармоқлари, ертўласи ва фасадлари таъмирталаб ҳолга келиб қолган.
Сессияда маҳаллий кенгаш депутатлари ва тўртта сектор раҳбарлари зиммасига аниқланган муаммоларни бартараф этиш, халқ ичига янада чуқур кириб бориш, одамларнинг ҳаётдан розилигига эришиш йўлидаги амалий ишларни фаоллаштириш бош вазифа сифатида юклатилди.
Қува туманида ҳам жиддий муаммолар тўпланиб қолгани аҳоли хонадонлари, ижтимоий муассасаларга ташриф ва фуқаролар билан юзма-юз мулоқотлар чоғида маълум бўлди. Жумладан, ишчи гуруҳ томонидан 65 та маҳаллада уйма-уй юрилиб, 2 минг 112 та муаммоли масала аниқланган. Инсон муносиб турмуш кечириши учун қулай турар жой, коммунал воситалар, масалан, кафолатланган газ ва ичимлик суви зарур. Бироқ, ўрганишлар давомида ўртага қўйилган масалаларнинг 347 таси табиий газ, 122 таси ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ экани айни йўналишдаги юмушларнинг ҳақиқий аҳволидан дарак беради. Хусусан, Султонобод, Ўрабоши, Сойкелди, Бойистон, Турк, Юзия маҳаллалари ҳозирга қадар ичимлик суви тармоғига уланмаган.
Туманда 76 та кўп қаватли уй бўлиб, уларда иссиқлик таъминоти, марказлашган қозонхоналар ва магистрал тармоқлар мавжуд эмас. Туман марказидаги 17 километрлик оқова сув тармоғи ва сув тозалаш иншооти таъмирга муҳтож.
Сессияда янги саноат ва хизмат кўрсатиш корхоналари ташкил этиш, бўш турган бинолардан унумли фойдаланиш, коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларидаги муаммолар, ижтимоий соҳада ечимини кутаётган масалалар ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Шунингдек, тўй-ҳашамлар, оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солишнинг депутатлар ва кенг жамоатчилик томонидан назорат қилиниши масаласи кўриб чиқилди.
Сессияда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Йиғилишда Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари С.Ортиқова иштирок этди.
М.Сулаймонов, ЎзА
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |