Ҳудудларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар аҳолини қийнаб келаётган долзарб масалаларни ўрганиш ва уларни жойида ҳал этишга кенг имконият яратмоқда.
Наманганда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан эълон қилинган “оммавий сайёр қабуллар уч ойлиги” доирасида Президент маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов бошчилигидаги оммавий сайёр қабуллар бошланди.
Унда вазирлик ва идоралар мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳи аъзолари, секторлар, ҳудудий бошқарма, ташкилот, муассасалар раҳбарлари иштирок этиб, Наманган шаҳри, Давлатобод, Янги Наманган ва Наманган туманларида яшовчи беш юздан зиёд фуқароларнинг суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт, таълим, тиббиёт, газ, сув, электр, кадастр, молия, банк, пенсия каби йўналишлардаги мурожаатларини кўриб чиқди.
– “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил амалда, – дейди Наманган туманидаги Кичик Тошбулоқ маҳалласида истиқомат қилувчи Дилдора Сиддиқова. – Турмуш ўртоғимниннг оёқларидаги қон-томир касаллиги янада авж олди. Ўзимизда кўрсатмаган дўхтирларимиз қолмади, ҳатто жарроҳлик амалиётини олди, кутилган натижани бермади. Самарали даволаш мақсадида “Акфа медлайн” хусусий шифохонасига олиб бордик Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг вилоят бошқармаси амалий кўмагида тиббий амалиёт муваффақиятли амалга оширилди.
Сайёр қабулда Республика Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Баҳодир Мирзараҳимов иштирокида балоғат ёшига етган етти нафар ўғил-қизга фуқароликни тасдиқловчи ID карталар топширилди.
Шу куни 37 нафар фуқаронинг ички ишлар масалаларига оид мурожаати қабул қилиниб, уларнинг 19 таси ўз ечимини топди. Давлатобод туманидаги 1-кичик ноҳия, 52-уй, 16-хонадонда яшовчи Иброҳим Холматов пул олди-берди муносабатларида “оғзи куйганлардан” бўлиб чиқди. У танишига берган 7 минг 200 АҚШ долларини ўз вақтида ололмади. Вазирлик аралашуви ва туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан қарздордан фуқарога етказилган зарар тўлалигича қоплаб берилди.
Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги мутасаддилари қабул давомида мурожаатларни манзилли ўрганишга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, вазир ўринбосари Мухтор Муҳиддинов Наманган шаҳридаги Зарбдор маҳалласидан келган меҳнат фахрийси Раҳима Нақибжонованинг дардини тинглади. Аянинг уч ўғлидан икки нафари муҳожирлик асосида чет элда ишламоқда. Уйда қолган фарзанди қоровул. Оилавий топиш-тутишни яхшилаш учун келинларига тикув машинаси олиб бериш, оиласига моддий ёрдам ажратилишини сўради. Мазкур масала ва шунга ўхшаш ўнлаб мурожаатларни жойига бориб, атрофлича ўрганиб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Судьялар олий кенгашининг қабулида 49 нафар маҳкум муддатидан аввал жазодан озод этилди. 13 нафар аёлга фарзандлари таъминоти учун алимент пуллари ундириб берилди. Вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамкорлигида Наманган шаҳридаги ажралиш ёқасида турган 6 та оила яраштирилди. Пенсия таъминоти бўйича 5 нафар фуқаронинг фуқаролик паспорти ва меҳнат дафтарчасидаги исм-шарифларининг ёзилишида ноаниқлик юзага келганлиги сабабли юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлаш тўғрисидаги аризалари қаноатлантирилди.
Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг вилоят бошқармаси мутасаддилари томонидан фуқароларнинг 11 та мурожаатига жавоб қайтарилди. Хусусан, 6 турдаги муаммоли масалалардан 5 та мурожаат жойида ижобий ҳал қилинди.
– Вазир ўринбосари Узоқбой Бегумқуловнинг бевосита хайрихоҳлиги билан ўз иш жойимни топдим, – дейди Наманган давлат университетининг мусиқий таълим йўналиши бўйича жорий йилги битирувчиси Муаззам Турғунова. – Наманган туманининг Қирғизқўрғон маҳалласидан келгандим. Ҳудудимиздаги 13-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотига мусиқа раҳбари этиб тайинландим.
Сайёр қабулнинг дастлабки кунида фуқаролардан келиб тушган жами 514 та мурожаатнинг 257 таси ўз ечимини топди. 56 тасига хуқуқий маслаҳатлар берилди, 120 та мурожаат маълум муддатда ўрганиш талаб этганлиги учун алоҳида назоратга олинди. Мурожаатларнинг 24 фоизи суд, прокуратура ва ички ишлар, 20 фоизи эса маҳаллий ҳокимликлар фаолиятига доир масалаларга тўғри келди.
Давлат идоралари ва ташкилотлари мутасаддилари иштирокидаги сайёр қабул тадбири Чортоқ, Уйчи, Норин, Янгиқўрғон ва Учқўрғон туманлари фуқаролари учун давом этади.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |