2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Самарқандда ўтган оммавий қабуллар қандай натижа берди?

Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида ташкил қилинган Республика ишчи гуруҳи Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон, Иштихон ва Жомбой туманларида оммавий қабуллари ўтказди. Қабул жараёнида Самарқанд вилояти аҳолисини ўйлантираётган айрим масалалар «маҳаллабай» ўрганилиб, жойида ҳал этилди.

Хусусан, суд масаласида келиб тушган мурожаатлар асосида 18 нафар маҳкумга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси енгилроғига алмаштирилди, 37 нафар шахс эса жазони ўташдан муддатидан аввал шартли озод қилинди.

Прокуратура органлари кўриб чиққан 199 та масаланинг аксарият қисми ижобий ҳал этилди. Бу жараёнда 18 нафар мурожаатчига алимент, 25 нафар шахсга моддий-маънавий зарар ундирилиши таъминланди.

Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолиятига оид масалалар ҳам ҳал қилинди. Оқдарёлик Вазира Жуманова бир йил аввал имтиёзли кредит эвазига тикувчилик цехи фаолиятини йўлга қўйиб, 7 нафар хотин-қиз бандлигини таъминлаган эди. Бугунги қабулда унинг қўшимча бино қуриб, фаолиятини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишга оид таклифи қўллаб-қувватланди. Масала жойига чиқиб ўрганилгач, яқин орада тадбиркор аёлга ҳомийлик ҳисобидан тикув машиналари олиб бериладиган бўлди.

Иштихон тумани "Барлос" маҳалласида яшовчи Гуландом Норбекова эса аввалги қабулдаги мурожаатлари асосида ўтган вақт ичида унга 2-сектор кўмагида икки хонали шинам уй қуриб берилгани учун давлатимизга миннатдорлик билдирди.

Жомбой туманида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш билан машғул тадбиркор Қобилжон Нуриллаевга эса фаолиятини кенгайтириши учун 200 миллион сўм кредит бериладиган бўлди.

Умуман, қабуллар жараёнида 18 нафар мурожаатчига тадбиркорлик фаолияти учун 1 миллиард 204 миллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши таъминланди.

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ БЎЙИЧА...

Халқ таълими тизими бўйича келиб тушган мурожаатлар жойига чиқиб ўрганилгач, 7 та мактабни таъмирлаш масаласи келгуси йиллардаги инвестиция дастурига киритиладиган бўлди, бир қатор мурожаатчилар мактабларга ишга жойлаштирилди.

Олий ва ўрта махсус таълим соҳасига оид мурожаатлар асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож 15 нафар талабанинг контракт тўловлари тўлаб берилди.

Самарқанд давлат чет тиллар институтида таълим олаётган ижтимоий кўмакка муҳтож 10 нафар талабанинг контракт пули институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўлаб бериладиган бўлди.

Мурожаатлар асосида 6 нафар тадбиркор давлат хусусий шерикчилик асосидаги нодавлат мактабгача таълим муассасалари ташкил этиш учун Мактабгача таълим вазирлиги билан битим имзолади. Паяриқлик Барно Туганова ҳам шундай битим асосида туманнинг Гўзал маҳалласида 75 ўринли нодавлат болалар боғчаси ташкил қилиш имконига эга бўлди.

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ СОҲАСИДА...

Соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича эса 230 та масаланинг 129 таси жойида ҳал қилинди. Мурожаатлар асосида шифохоналарда бепул даволаниш учун 27 та йўлланма берилди, 51 та юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Дейлик, эҳтиётсизлик оқибатида оёғидан ажраган иштихонлик Насиба Қўқонованинг протез ўрнатишга оид масаласи ҳам шу ерда ҳал қилинди.

Мурожаатлар асосида Оқдарё тумани «Пичоқчи» маҳалласида яшовчи Моҳира Аъзамова оғир дард билан курашаётган турмуш ўртоғи Рустам Исломовни даволатиш, паяриқлик Олимжон Ёқубжонов вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, жомбойлик Наргиза Маматқулова, Саъдулло Ҳайдаров Жомбой туман марказий шифохонасида даволаниш имконига эга бўлишди.

Кўплаб фуқаролар бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, 30 нафар эҳтиёжманд инсонларга ногиронлик аравачалари, ортопедия жиҳозлари ва реабилитация воситалари берилди.

Оила ва хотин қизлар давлат қўмитаси масъуллари 149 та мурожаатнинг 73 тасини ижобий ҳал этди. Дейлик, Жомбой тумани "Қўлбости" маҳалласида яшовчи Хосият Холиқованинг кўзини жарроҳлик йўли билан даволатиш учун маблағ ажратишга оид масаласига ҳам ечим топилди.

ТУРЛИ МУРОЖААТЛАР...

Автомобиль йўллари қўмитасига мурожаатлар асосида 8 км. ички йўлга тош-шағал, 4,5 км. йўлга асфальт ётқизилди. Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари эса 36 та мурожаатни жойига чиқиб ўргангач, 20 та сув насоси ва агрегатларини ишлатиб берди, 66 км. ирригация-мелиорация объектлари тозаланди.Жомбойлик Ғулом Қобиловнинг Тегирмон ариқ зовурини тозалаш ишларида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати асосида қарийб бир километрлик зовурда қазиш-тозалаш ишлари бажарилди.

Иштихонлик Мурод Жўраевнинг «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси масъулларига мурожаатидан сўнг туманнинг «Ўзбекистон» маҳалласига шиша толали алоқа кабеллари тортилиб, 128 та хонадон интернетга уланди. Худди шундай мурожаатлар асосида Булунғур туманининг «Гулистон», Жомбой тумани «Деҳқонобод» маҳаллаларидаги 500 дан ортиқ хонадонларга ҳам юқори тезликдаги интернет тармоғи тортиб берилди.

Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган республика ишчи гуруҳининг Самарқанд вилоятидаги оммавий қабулларида 3 минг 56 та масала кўриб чиқилиб, уларнинг 1 минг 311 таси, яъни 43 фоизи ижобий ҳал қилинди.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар