Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Узун туманидаги олис ва то-ли Боботоғ массивида бўлиб, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонуни лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасига бағишланган учрашувлар ўтказди.
Аҳолини муборак Қурбон ҳайити байрами билан табриклаб, уларнинг таклиф ва муаммоларини тинглади.
Очиқ мулоқатларда конституциявий ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари, Бош қомусимизга киритилиши кутилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган халқпарвар давлат барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби муҳим вазифалар ҳақида маълумот берилди. Асосий қонунимизга инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, оила, меҳнат муносабатлари, суд-ҳуқуқ соҳаси, тадбиркорлик ва ерга оид масалалар, таълим, тиббиёт, экология ва бошқа кўплаб йўналишларда таклиф этилаётган ўзгартиришлар, сўнгги йилларда вилоят ҳамда чекка Боботоғ массивида юз бераётган янгиланишлар тўғрисида фикр алмашилди.
Боботоғ массиви Термиз шаҳридан 260, Узун тумани марказидан қарийб 75 километр олисда жойлашган. Президентимизнинг 2021 йил 17 февралдаги “2021-2023 йилларда Сурхондарё вилояти Узун тумани Боботоғ ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори узоқ йиллар ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан ортда қолган тоғли ҳудудни юксалтиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мазкур ҳужжатга мувофиқ аҳолининг муносиб турмуш кечириши учун барча қулайликлар яратилиб, саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда истиқболли инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ижтимоий, энергетика ва телекоммуникация объектлари қурилиб, мавжудлари реконструкция қилинаётир. Қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгариб, 16 мингга яқин аҳолининг обод турмуш кечириши, фаровон яшаши, ёшларнинг сифатли таълим олиши учун зарур шароит яратилаётир.
–Боботоғ – Янги Ўзбекистоннинг энг обод гўшасига айланади,–деди вилоят раҳбари Нурли келажак маҳалласида бўлиб ўтган учрашувда.–Буни ҳудудда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари мисолида ўзларингиз кўриб турибсизлар. Мамлакатимизнинг барча жойларида юз бераётган худди шундай ўзгаришлар, жамиятимиз ва одамлар онгу-шууридаги янгиланишлар янги конституциявий-ҳуқуқий маконни яратиш заруратини юзага келтирди. Шу асосда ишлаб чиқилган лойиҳада Асосий қонунимизга 200 га яқин ўзгартириш, олтита янги модда билан 16 та янги норма киритиш кутилмоқда. Сизлар ҳам мазкур сиёсий жараёнда фаол иштирок этиб, қонун лойиҳасига таклифларингизни беришингизга ишонаман.
Пурвиқор тоғлар бағридаги Нурли келажак маҳалласи бундан 20 йил муқаддам ташкил этилган. Ҳудудда 86 хонадон мавжуд бўлиб, улардаги 123 оилада 522 киши истиқомат қилмоқда. Аҳоли асосан чорвачилик ва лалми ерларда деҳқончилик қилиш билан шуғулланади.
Очиқ мулоқот якунида Тўра Боболов аҳоли мурожаатларини тинглаб, мутасадди раҳбарлар билан уларнинг ечимини излади. Жумладан, фуқароларнинг айтишича, бу ерда ичимлик сув масаласи долзарб муаммога айланган. Хусусий автмашинада келтириладиган ичимлик сувни аҳоли 800 минг сўмдан сотиб олади. Одамларни қийнаётган бу масаласини ҳал этиш учун мутасаддиларга маҳаллани бир ҳафта муддатда иккита махсус сув ташийдиган автомашина ва бепул тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш вазифаси топширилди. Чорвачилик ва лалми ерларда деҳқончилик қилиш одамларнинг асосий даромад манбаи бўлиб, ер майдонлари қоракўлчилик кластери балансига ўтиб кетган. Мурожаатчилар вилоят раҳбаридан мана шу масалани ечиб беришни сўради. Шунингдек, юзма–юз мулоқотда солиқ тўловлари, маиший газ баллан ва электр энергияси таъминоти, моддий ёрдам, хотин-қизлар учун иш жойлари барпо этиш, мактабгача таълим муассасаси қуриш, мактабда лабаратория, спорт зали барпо этиш каби масалалар ҳам ўртага ташланди.
Маҳалла аҳлининг барча мурожаатлари тинглангач, чорвачилик йўналишида кооператив ташкил этиб, қоракўлчилик кластери балансига ўтказилган 1 минг 200 гектар яйловни аҳолига қайтариб бериш вазифаси қўйилди. Ер солиғини ҳисоблаш масаласи қайта кўриб чиқилиб, сувли ер сифатида олинаётган солиқ тўловлари сессия қарори билан лалми майдонларга энг минал кўрсаткичда тўлаш тартиби жорий этиладиган бўлди. Электр энергияси таъминоти ва ички йўллар билан боғлик муаммо ҳам жойида ечимини топди. Бунинг учун бир ой муддатда 50 та электр устуни ўрнатиб, янги трансформатор билан таъминланади. Тўрт километр яроқсиз йўл таъмирланади. Маҳаллада “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” га киритилган 11 нафар, ижтимоий кўмакка муҳтож 6 оилага бир марталик ижтимоий ёрдам кўрсатиш топшириғи берилди. Мурожаатлар ечими бўйича 800 миллион сўмга енгил конструкцияли спорт зал, сендвич панелдан 50 ўринли мактабгача таълим муассасаси қурилади. 40 хотин-қиз бандлиги таъминланадиган муъжазгина корхона барпо этилиб, ип йигирув ускунаси ва тикув машинаси, зардўзлик дастгоҳлари ўртанитилади. Бир ҳафта муддатда мурожаатчиларга 13 та маиший газ баллон етказиб берилади. Мактабда физика лабараторияси барпо этиш, тиббий хизмат сифатини ошириш юзасидан ҳам мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
–Яқин йилларда ҳам эътибордан чеккада қолгандек тасаввурда яшар эдик,– дейди меҳнат фахрийси Узоқбой Давлатов.– Мана, кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар бизнинг қишлоғимизгача етиб келди. Муаммоларимиз босқичма-босқич ҳал этиб, турмуш даражамиз ошмоқда. Энг муҳими катта-кичик раҳбарлар биздан хол-аҳвол сўраб, дардимизни тингламоқда. Ёшим 70 га яқинлашди. Ҳаётимни ёш авлод тарбиясига бағишлаб, мактабда ўқитувчи бўлиб ишладим. Лекин, ўша йилларда педагогларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари амалдаги Конституциямизда аниқ-тиниқ белгиланмаган эди. Ўзгартириш ва қўшимчалар билан бойитилаётган Асосий қонунимизга педагоглар ҳуқуқларини кафолатлайдиган норма киритилаётганини эшитиб, жуда қувондим. Чунки, бу масала биз ўқитувчилар учун яқин йилларда ҳам руёбга чиқмайдиган орзудек бўлиб туюлар эди. Инсон қадрини улуғлашга қаратилаётган бундай эътибор учун давлатимиздан беҳад миннатормиз.
Шу куни вилоят ҳокими Тўра Боболов ҳудуддаги Оқ мачит маҳалласи аҳолиси билан ҳам учрашиб, конституциявий қонун лойиҳасини муҳокама этди. Ёшлар ўртасида спорт беллашувлари ўтказилиб, ғолиблар муносиб рағбатлантирилди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |