Одамзот обод, қулай, яхши жойда эмин-эркин яшайди.
Агар яшаётган жойини яхшилашнинг иложи бўлмаса, бошқа жойга кўчади.
Бундан беш йил аввал Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги Манас қишлоғидан ҳам одамлар кўчиб кета бошлаган эди. 2018 йил Президентимиз ташаббуси билан “Обод қишлоқ” дастурининг амалга оширилиши бу жараённи тўхтатди. Қишлоқнинг ҳаётида янги давр бошланди.
Фақат Манасда эмас, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги қишлоқларда ҳаётни тубдан ўзгартирган ушбу дастур асосида амалга оширилган катта ишларни бугун ҳатто бошқа мамлакатларда ҳам яхши билишади. Орадан беш йил ўтиб бу воқеаларни эслашнинг сабаби пандемия туфайли бироз сустлашган бу бундёдкорлик Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18 мартдаги “2022 – 2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан яна жонланди. Энди Манасда муваффақиятли амалга оширилган катта бунёдкорлик ҳаракати яна кенг қулоч ёзгани бу иш биринчи бошланган нуқтада эришилган натижаларни яна эсга солди.
Бундан беш йил аввал “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишда Манас намуна-синов майдони бўлиб хизмат қилган эди. Ушбу дастур туфайли Манас хароб қишлоқдан обод гўшага айланганини нафақат республикамиз вилоятларидан, қўшни мамлакатлардан ҳам одамлар келиб кўриб кетишди. Бу ҳақда ўзимизда ҳам, хориждаги оммавий ахборот воситаларида ҳам кўп ёзилди.
Масалан, Болосоғун номидаги Қирғизистон миллий университети доценти Мирсаид Анарбаев “Ачык соз” (“Очиқ сўз”) газетаси 2018 йил 13 сентябрь сонининг ярим саҳифадан кўпроғини эгаллаган “Беқиёс ўзгарган Манас” сарлавҳали мақоласида ўзининг кўрганларини мароқ билан ҳикоя қилиб шундай ёзган:
“Манас қишлоғи Ўзбекистоннинг 10 та вилояти оралаб ўтиб, мамлакатни Эрон, Афғонистон ва Туркманистон билан боғлайдиган улуғ йўлга яқин жойлашган. Энг муҳими қишлоққа Президентнинг назари тушди. Уни кўргани атайин узоқлардан ташриф буюрувчиларнинг қадами узилмаяпти. Истагимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти бошлаган ушбу хайрли ташаббус қанот ёзиб, бутун мамлакат обод ва фаравон бўлсин”.
Ҳақиқатан ҳам “Обод қишлоқ” дастури дастлаб синовдан ўтказилган Манас қишлоғида амалга оширилган ишлар тарихдаги энг хайрли ишлардан бири бўлди.
Ушбу дастурни амалда синовдан ўтказиш учун Манас қишлоғи танлангани бежиз эмас. Жиззах чўлини ўзлаштиришнинг илк даврида вилоят марказидан 70 километр олисда барпо этилган Манас қишлоғида одамларнинг яшаш шароти ўта оғир эди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти ҳокими вазифасида ишлаган давридан бу ердаги оғир шароитдан хабардорлиги учун қишлоқлар ҳаётини тубдан ўзгартиришга қаратилган дастурни синовдан ўтказиш учун айнан уни танлаган бўлса керак.
Мингдан зиёд хонадонда 6 мингдан кўпроқ турли миллат вакилларидан иборат аҳоли истиқомат қилаётган қишлоқда кўча ва йўллар, ичимлик суви, иссиқлик, электр энергияси тармоқлари, маданий, маиший хизмат кўрсатиш, хуллас барча инфратизим иншоотлар фойдаланиш муддати ўтиб, издан чиқиб бўлган эди. 25-30 йил давомида таъмирланмаган қишлоқ уйларининг, ижтимоий иншоотларнинг ташқи қиёфаси аянчли кўринарди. Қишлоқда бошқа иш бўлмаганидан аҳоли коттедж, кўп қаватли уйлар ёнидаги бўш ерларга хом ғиштдан кичик-кичик молхоналар қуриб қўй-эчки, сигир боқиб тирикчилик қиларди.
Йиллар давомида секин-аста юзага келган қишлоқ инқирози одамларнинг руҳиятида ҳам кўникма ҳосил қилган, бу қийинчиликни ҳукуматнинг, маҳаллий ҳокимиятнинг эътиборсизлиги эмас, тақдирнинг, қисматнинг буюргани сифатида қабул қила бошлаганди. Кўпчилик 2-3 километр узоқликдан сувни ташиб ичишга эшак араваси, яна биров қишда исинишга ғўзапояси, дастурхонда нон-чойи, ҳар замон қора шўрваси борлигига шукур қиларди.
Бу ҳаётга кўникмаган ўзига тўқроқ, имконияти бор оилалар қўшни мамлакатларга, республика, вилоят марказий шаҳарларига кўчиб кетганди. Ёшларнинг аксарияти хорижга чиқиб ишлаб келишни ҳам муваффақият ҳисобларди. Бундай имконияти бўлмаганлар турмуш қийинчиликлари билан мардонавор курашиб яшашда давом этаётганди.
Қишлоқдаги вазият аллақачон ҳаммасини янгилашни, бошқатдан бошлашни тақоза этарди. Бу иш катта куч, катта маблағ талаб қилиши, Республика ҳукуматининг ёрдамисиз бу ишни бажариб бўлмаслиги ҳам кўриниб турарди.
Обод қишлоқ” дастури қабул қилиниши билан Президентимиз топшириғига мувофиқ Манасга турли вазирлик ва идоралардан тегишли мутахассислар, техникалар кўмакка келиб иш бошлагач, бир ой ичида 34 та тўрт қаватли уй капитал, 30 дан зиёд шахсий хонадонлар жорий таъмирдан чиқарилди. Иккита мактаб, иккита мактабгача таълим муасассаси 500 томошабин залига эга маданият саройи тўлиқ капитал таъмирланиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. 22 та кўчанинг барчасига тўлиқ тош-шағал ётқизилди.10 та кўча эни 6 метр кенгликда асфальтланди. Йўл ва кўчаларнинг чекка қисмига сув қочириш учун 6 километрдан зиёдроқ латок ўрнатилди.
Дастур доирасида сизот сувлари сатҳи кўтарилишини бартараф этиш учун 41 километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқлари тозаланди. Икки қаватли 34 та уйнинг томи қайта ёпилди. Уй-жойлар атрофидаги режасиз қурилишлар ўрнида янгидан ёрдамчи бинолар, тандирхоналар курилди. Мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида “Сувоқова” давлат унитар корхонаси жамоаси томонидан 6,5 километрлик сув қувури ётқизилди. Сув тарқатиш иншоотлари таъмирдан чиқарилди. 2 умумтаълим мактаби таъмирланиб, қайта жиҳозланди. Ушбу мактабларда ўқув-ишлаб чиқариш устахонаси барпо этилиб, дурадгорлик, чилангарлик, тикувчилик дастгоҳлари билан таъминланди. 17 та болалар майдончаси, 2 мини футбол майдони, 250 ўринли стадион барпо этилди.
Дастур давомида қишлоқда амалга оширилган энг катта ўзаришлардан бири қишлоқ аҳли учун ишлаш имконияти, доимий даромад манбаи яратилгани бўлди. Дастурини амалга ошириш давомида 200 нафардан зиёд хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Жумладан, “Жиззахпахтасаноат” акциядорлик жамиятининг 100 ўринли, “Заминтекс” масъулияти чекланган жамиятининг 20 ўринли тикувчилик цехлари қурилиб, қишлоқ хотин-қизларидан 120 нафари ишга жойлаштирилди.
30 та иссиқхона, кўп қаватли уйларда яшовчи фуқароларнинг молларини боқиш учун 100 бошга мўлжалланган замонавий ферма қурилди. Аҳолининг кундалик эҳтиёжини таъминлаш мақсадида замонавий кўринишдаги 31 та савдо дўкони, новвойхона, ҳаммом барпо этилди. Қишлоқ врачлик пункти қайта реконструкция қилиниб, унинг ўрнида 500 қатновга мўлжалланган оилавий поликлиника ташкил этилди.
– Халқимизнинг муаммоларини яхши биладиган ва уни ҳал эта оладиган Президентимиз назари қишлоғимизга тушиши бизнинг бахтимиз бўлди, – дейди ўша йилларда “Манас” қишлоқ фуқаролар йиғинига раис бўлган, меҳнат фахрийси Жалил Кенжаев. – Манас республикамиз тарихида энг қисқа фурсатда қайта қурилган қишлоқ бўлса керак. 45 кун давом этган ҳашар давомида амалга оширилган ишларнинг барчасини санаб чиқиш қийин албатта. Бу ишнинг бутун кўламини, маҳобатини ҳис этиш учун келиб кўриш керак.
Кўп қаватли уйлар олдидаги молхоналар ўрнида қурилган ўйин майдончаларида бугун қишлоқ болаларининг шодон овозлари янграмоқда. Ҳовлиларда гулзорлар барпо этилиб, дам олиш учун ўриндиқлар ўрнатилган. Бундан беш йил аввал экилган дарахтлар бугун вояга етиб мева, соя бераётир.
Дастур амалга оширилгунга қадар Манасда ҳовлисидан даромад оладиган хонадонлар кам эди. Сув келмаслиги, ернинг шўрлиги асосий сабаб қилиб кўрсатиларди. Қишлоқни ободонлаштириш давомида бунинг ҳам имконияти топилди. Оқар сув келди. Шўр ерда анор ривожланар экан. Бугун қишлоқдаги ҳар бир хонадонда анор етиштирилади.
– Ҳовлимизда 100 дан зиёд анор ўсаётир, – дейди Барчиной Хайитматова. – Рўзғордан орттириб ҳар йили ярим тоннача анор сотамиз. Оилага қўшимча даромад. “Аёллар дафтари”га киритилган эдим. Маҳалла кўмаклашиб мўжазгина иссиқхона ҳам қуриб берди. Қишлоғимизни ободлаштириб, турмушимизни яхшилашга ғамхўрлик қилган Президентимиздан миннатдорман.
Яхши ишнинг яхшилигини айтиш ҳам зарур. Қишлоқларни ободонлаштиришда, янгилашда намуна-синов майдони бўлган Манасда амалга оширилган ишлар келиб кўришга, мақтовга арзирли.
Қишлоқни обод қилиш фақат аҳолининг моддий эҳтиёжини қондиришгина эмас, қишлоқ турмуш маданиятини юксалтириш, ёшлар маънавиятини ўстиришда жуда катта аҳамиятга эга бўлди. 500 ўринли “Манас” маданият уйи тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, маданий-маърифий масканга айлантирилиши билан турли оммавий тадбирлар ўтказиш учун имконият яратилди. Қишлоққа республикамизнинг таниқли санъат ва маданият арбоблари иштирокида ижодий ташкилотлар жамоалари келиши, учрашувлар, бадиий кечалар ўтказилиши, концертлар ташкил этилиши энди одатга ҳолга айланди. Қардош Қирғизистондан таниқли ижодкорлар ташриф буюриб манасдаги миллатдошлари ҳаёти билан танишиб кетишди.
Яхши ишнинг яхшилиги фақат биргина моддий жиҳатда эмас. Ўтган асрнинг 80-йилларида ташкил топган “Маржон” қирғиз миллий фольклор ансамбли кейинги йилларда фаолияти деярли тўхтаб қолганди. Дастур амалга оширилиши шарофати билан ансамбль қайтадан туғилди. Қисқа муддатда қайта тикланган ансамбль туман ва республикамиз миқёсида ўтказилган маданий ва оммавий тадбирларда фаол қатнашиб юксак бадиий ижрочилик маҳоратини намойиш этди. 40 нафар манаслик талантли ёшлардан ташкил топган бадиий жамоа ўтган йили шаҳар, туман бадиий жамоалари ўртасида танловнинг вилоят, республика босқичларида иккинчи ўринни эгаллади.
Катта байрам ва фестивалларда, жумладан атоқли адиб Чингиз Айтматовнинг 90 йиллигига бағишлаб Тошкентда ўтказилган концертда муваффақиятли иштирок этди.
“Обод қишлоқ” дастури асосида Манасда амалга оширилган ишлар халқимиз фаравонлигини ошириш, турмуш маданиятини юксалтиришда нақадар долзарб аҳамиятга эга вазифа эканлигини яққол кўрсатиб берди.
Бу эзгу иш, аввало, одамларни ҳаётдан рози қилиб, уларнинг эртанги кунга, давлатимиз томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ишончини мустаҳкамлади.
Манас қишлоғида орттирилган тажриба Мирзачўлнинг Гагарин шаҳрида янада бойиди. Дастурни амалга оширишда бу ерда 2 мингга яқин аҳоли яшайдиган 317 та барак уйдан иборат каттагина массивни бузиб, бу кулбаларнинг эгалари учун замонавий турар жой бинолари барпо этилди. Қисқа муддатда 317 та, жумладан, 4 сотихли 2-3 хонали 223 та намунали уй, 2-3 хонали 94 та кўп қаватли уй қисқа муддатда, май-октябрь ойларида қуриб битказилди.
Шаҳар марказий кўчасининг 1,3 километрлик қисми 3 метрга кенгайтирилиб, умумий узунлиги 7,5 километр янги лоток, 17 километр бордюр ўрнатилди. Шаҳарда 21 километрлик ички йўл ва кўчалар таъмирланиб, асфальт ётқизилди. 27 километр пиёдалар йўлакчаси қурилиб, кўча бўйлаб 192 та ёритиш устуни ўрнатилди.
Гагаринни кўркам ва яшил шаҳарга айлантириш учун 27,5 минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахтлар, 100 мингдан ортиқ гул кўчатлари экилди, 21,5 минг квадрат метр майдонга чим ётқизилди.
Мирзачўлдаги қурилишнинг кўлами Манасдагидан кўра бир неча марта каттароқ, суръати ҳам юқори, сифати ҳам чинакам шаҳармонанд бўлди. Бундан ташқари, кўп йиллар таъмирланмаган уйлар тураржойлар таъмирланиши шаҳарга шинамлик, кенглик ва кўркамлик бағишлади.
Кейинги йилларда мамлакатимиз, халқимиз, одамлар ҳаётида ўзгаришлар шунчалик тез рўй бермоқдаки, уларни тўлиқ англай олмай қолаётгандекмиз. Шууримизда кўпроқ бугун кўриб турганларимиз акс этиб, ўзгаришлардан олдинги манзара хотирамиздан тез ўчаётгандек. Бу тассаввур айнан “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари асосида амалга оширилаётган ишларга ҳам дахлдор. Гўё ҳаммаси аввалдан шундай бўлгандек.
Аммо илгари шу ерда яшаб, кейин тақдир тақозоси билан бошқа юртларга кетган кишилар бу ўзгаришларни янада аниқ ва теран ҳис этади. Мирзачўлда туғилиб, болалиги шу ерда ўтган, аниқроғи, шу ердаги 1-умумтаълим мактабини бундан 44 йил аввал битириб, дунёнинг турли томонига тарқалиб кетган бир гуруҳ синфдошларнинг Гагариндаги учрашувда айтилган гаплар шу фикрни тасдиқлади.
Меҳмонлар Гагарин шаҳрининг замонавий қиёфасини кўриб, ҳайратларини яширолмади. Улар болалик тасаввурларидаги Гагарин шаҳарчаси ўрнида бугун том маънода замонавий шаҳар пайдо бўлганлигини айтишди.
– Бу ердаги қариндошларим, синфдошларим орқали туғилиб ўсган шаҳримдаги янгиликлардан хабардор бўлиб тураман, – дейди Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида яшовчи тадбиркор Баянжан Жумаханова. – Аммо бунчалик катта ўзгаришларни кўраман, деб хаёлимга келтирмаган эдим. Болаликда ҳар куни юрган мана шу марказий кўчани ҳам танимай қолдим. Назаримда у жуда кенгайиб кетгандек.
Кўп қаватли замонавий иморатлар қурилиб, икки ёнидаги эски деворлар, панжаралар, пастқам иншоотлар ўрнида яшил майдонлар, гулзорлар барпо этилибди. Бу ўзгариш биргина марказий кўчада эмас, бутун шаҳарда рўй бергани мени ростакамига ҳайратга солди. Бир вақтлар мен билган, кўрган шаҳар ўрнида бугун замонавий, кўркам ва чиройли шаҳар қад ростлабди.
Бундан тўрт йил аввал Гагарин шаҳри ҳақида айтилган бу гапларни тумандаги “Мустақиллик”, Ўзбекистон, Мирзадала, Дўстлик, Ержар, Боғбон маҳаллалари ҳақида ҳам билдириш мумкин.
Бу ободлик Жиззах вилоятининг барча ҳудудларида янгиланган қишлоқларнинг, маҳаллаларнинг манзарасига айланиб бормоқда.
Дастур доирасида қурилиш, янгилаш, ободонлаштириш фақат туман марказларига яқин қишлоқларда эмас, вилоятнинг энг чекка, илгари ҳеч кимнинг эътиборида бўлмаган ҳудудларида ҳам олиб борилаётир. Жумладан, 90-йилларнинг бошида собиқ иттифоқ вазирликлари тассаруфидаги конларда ишловчилар яшайдиган Қўйтош, Маржонбулоқ, Хонбанди шаҳарчалари кейинги йилларда анча хароб ҳолга келган эди. Дастур асосида бу шаҳарчаларда жуда катта ҳажмда иш бажарилиб, улар қайтадан обод қилинди.
Ҳозир “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қилинган ишлар ҳақидаги бу гаплар янгилик эмас албатта. Аммо беш йил аввал бошлаган ишга бу йил яна давлатимиз раҳбари томонидан қайта эътибор қаратилгани ободлик, одамларни ҳаётдан рози қилиш учун уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш Янги Ўзбектонни барпо этишдаги энг муҳим вазифа эканлигнинг яна бир исботидир.
“Обод қишлоқ” дастури вилоятнинг ҳар бир туманида иккитадан қишлоқда амалга оширилаётир. Аҳамиятли жиҳати энди ободлик, янгиланиш фақат давлат дастурига тушган қишлоқларда эмас, деярли кўпчилик аҳоли манзилларига хос белги бўлиб қолди. Ҳозир вилоятнинг қайси ҳудудига йўлингиз тушмасин қурилишларга, ободонлаштиришга гувоҳ бўласиз. Бу янгланаётган Ўзбекистоннинг янги манзараси. Бу манзара ҳали кўплаб тарихий, илмий, бадиий асарларга, фильмларга мавзу бўлиши шубҳасиз.
Бу ишларнинг барчаси ҳудудларнинг қиёфасини тудан ўзгартираётир. Фақат ҳудуд қиёфасини эмас, одамларнинг кайфиятини ўзгартирмоқда, уларнинг қалбида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар истиқболига, келажакка ишонч кучаймоқда.
Давлатимиз раҳбари тез-тез таъкидлаб келаётганидек, қишлоқлар обод бўлса, у ердаги одамларнинг кайфияти ўзгаради, уларда ўз ҳаётини янада яхшилашга интилиш пайдо бўлади, бунинг натижасида Ватанимиз обод бўлади ва мамлакатимизнинг иқтисоди янада юксалади.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |