Бағдодликлар яқин-яқингача бу ерларни “Дашт” деб атарди. Эртакларда айтилганидек, “қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган” жойлар эди. Овлоқ бўлгани учун унча-мунча одамнинг бу гўшага келишга юраги дов бермасди. Сув олиб келиш қийин бўлган ерларда деҳқончилик қилиш, уй-жой қуришни истовчилар саноқли эди...
Айни кезда бу ҳудуд таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Бор-йўғи бир йил муддатда бу ерда янги замонавий шаҳарча қад ростлади, унга “Гулистон” деб ном берилди, уй-жойлар қурилиши ва яратилган инфратузилма “Бағдод тажрибаси” сифатида бутун мамлакатга намуна бўлди.
Бу ҳаётда ҳар бир инсон ўз бошпанаси, уйи бўлишни орзу қилади. Уй-жой ҳам ватаннинг бир бўлаги. Президентимиз томонидан аҳолини уй-жой билан таъминлашда ўзига хос ташаббусга қўл урилди. Қақроқ даштда Гулистон шаҳарчаси бунёд этилишига Президентимизнинг ўтган йил февраль ойида Фарғона вилоятига ташрифи чоғида берган топшириқлари тамал тоши вазифасини ўтади. Ташаббускорлик, бунёдкорлик қулоч ёза бошлади. Орадан бир муддат ўтиб, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида уй-жой қурилиши бўйича “Бағдод тажрибаси”ни ўрганиш юзасидан барча туман ҳокимларига тавсиялар берилди. Чунончи, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари деганда, нафақат уларнинг йўли ёки қиёфаси яхшиланиши, балки у ерда яшовчи аҳолининг даромади кўпайиши, ижтимоий объектлар тўлиқ ишлаши зарурлиги таъкидланди. Энг асосийси, ҳақиқий обод маҳаллада “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” бўлмаслиги, бунинг учун тадбиркорлар билан маслаҳатлашиб, ишлаб чиқариш объектларини ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш зарурлиги айтилди.
Таъкидлаш керак, мазкур ташаббус замирида халқ дардига малҳам бўлиш, юз кўрсатишни бошлаётган муаммоларни барвақт бартараф қилиш, пухта режа ва мақсад мужассам. Оддий рақамларга эътибор қаратайлик, 2000 йилларда Бағдод туманида 140 минг атрофида аҳоли истиқомат қилган бўлса, айни пайтда 220 мингга яқин киши умргузаронлик қиляпти. Аён бўладики, аҳолини уй-жой билан таъминлаш муҳим ва долзарб масалага айланиб улгурган.
Яна бир жиҳат, халқимизни Ватан ичра кичик ватанли бўлишига эришиш мақсадида оммавий равишда кўп қаватли уйлар қурилаётгани, бу қурилишлар қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар ўрнида эмас, йиллар мобайнида бўш турган дашт ҳудудида амалга оширилаётгани эътиборга молик. Фактларга мурожаат қилинса, ўтган 85 йил мобайнида Бағдодда бор-йўғи 53 та кўп қаватли 786 та хонадонли уй қурилган, холос. Бугун эса туманда аҳолининг уй-жойга бўлган талаби инобатга олиниб, истиқболли дастурлар ишлаб чиқилган, уларни ҳаётга татбиқ этиш ишлари қизғин кетяпти. Аҳамиятлиси, бу уйларнинг сифати яхши, нархи эса арзон бўлишига эътибор қаратилмоқда. Шаҳарча ва унинг атрофидаги объектлар режасини тузишда истиқболда аҳолининг ўсиши, унинг инфратузилмаси ва ишлаб чиқаришнинг кенгайиши каби жиҳатлар ҳам назарда тутилган.
Инсон қадрини улуғлашга қаратилган ташаббус асосида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш мужассам. Шу боис, янги шаҳарчадаги уйлар дастлаб эҳтиёжманд оилаларга берилди. Уларга субсидиялар, банклардан имтиёзли кредитлар ажратилди, бошланғич тўловлари тўлаб берилди.
– Шунақа замонавий уйда яшашни хаёлимизга ҳам келтирмаган эдик, – дейди Ферузахон Сотимова. – Ёлғиз она сифатида уй-жой масаласида халқ қабулхонасига мурожаат қилгандим. Икки хонали шинам уйнинг бошланғич тўловини тўлаб берди. Ўзим ободонлаштириш корхонасида ишлайман. Қизимни ҳам мактаб-интернатга ишга олишди. Ҳозир ҳар ой банкка тўлов қилиб боряпман. Президентимиз, ҳукуматимиз ва раҳбарларимизни дуо қилиб яшаяпмиз.
Тан олиш керак, кўп қаватли уйларнинг ўзига яраша муаммолари бўлиши табиий. Мисол учун, баъзи шаҳарларда юқори қаватларга сув чиқмай қолиши ҳақида эшитиб қоламиз. Лекин Гулистонда бу жиҳат пухта ўйланган. 10 та трансформатор ўрнатилиб, 2 дона тик қудуқ қазилган, резервуар, сув тозалаш иншооти барпо этилган. Яна 2 та тик қудуқ захира сифатида битказилган.
– Рости, бу ерларда мана шундай кўркам шаҳарча қад ростлашига кўпчилик ишонмаганди. Оқилона ва узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси сифатида намоён бўлган шаҳарча бугун одамлар гавжум, рисоладагидек масканга айланди, – дейди “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фозилжон Халилов. – Айни дамда 66 та кўп қаватли уйларда, шунингдек, йиғинимиз таркибидаги Қосимобод ва Гулистон маҳаллаларида 6,5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда. Шаҳарчага кўчиб келишни истовчиларнинг кети узилмаяпти. Негаки, бу ерда барча инфратузилма объектлари муҳайё. Мактаб, боғча, ижтимоий объектлар, ишлаб чиқариш цехлари, оилавий поликлиника, 6 та икки қаватли савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, сунъий қопламали спорт майдончаси, кўнгилочар объектлар, болалар майдончалари, маданият маркази ҳамда коворкинг маркази аҳоли хизматида. Туман марказига доимий автобус қатнайди. Асосийси, электр, газ, ичимлик сув муаммоси йўқ, барча ички йўллар асфальтлаштирилган.
Шаҳарчанинг шундоқ биқинидаги саноат зоналарида эса доимий ишлаш, ҳалол меҳнат қилиб оила тебратиш имконияти яратилгани нур устига нур бўлди. Ҳудудга туташ экин майдонларида деҳқончилик қилиш мумкин. Табиатга уйғунлик, тиқилинч ва дим ҳаводан чекинилгани – шаҳарчанинг ўзига хос жиҳатларидан бири, аслида.
– Биз ҳам ҳавас қилиб шу ердаги уйнинг учинчи қаватидан хонадон сотиб олганмиз, – дейди миришкор боғбон Актамжон Остонақулов. – Боғимизга бу ердан бир қадам – шундоқ йўлнинг нариги тарафида. Ўртоқларим ҳазиллашиб, мени “шаҳарлик боғбон” дейишади, э, бор бўлишсин. Кечки пайт кетмоним елкада шаҳар айланаман. Чароғон кўчалар, болаларнинг ўйин-кулгуси, шўх қийқириқлари, ўриндиқларда дам олиб ўтирган гулистонликлар тилидаги шукроналик ва мамнунликдан чарчоқ ҳам чиқиб кетади.
Ўтган йилнинг 28 сентябрь куни Президентимиз Гулистон шаҳарчасига ташриф буюриб, бу ердаги бунёдкорлик ишлари билан танишди. Ҳудудларнинг шундай ривожланаётгани, одамлар уйли, ишли бўлаётганини кўриш мамнунлик бағишлашини билдирган эди. Давлатимиз раҳбари шу ерда маҳалла фаоллари, бағдодлик нуронийлар билан самимий суҳбатлашиб, халқни рози қилиш, инсон қадри хусусида ўз тавсияларини берди.
– Президентимиз ташрифидан сўнг ташкил этилган маҳалла фуқаролар йиғинида иш бошлаганимдан фахрланаман, шу билан бирга, ҳамиша улкан масъулиятни ҳис қиламан, – дейди Гулистон маҳалласидаги ёшлар етакчиси Отабек Якубов. – Айни пайтда йиғин ҳудудида 600 нафардан зиёд ёшлар яшайди. Уларни доимий иш билан таъминлаш, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, маданий ҳордиқ чиқаришлари учун бор куч-ғайратимизни сарфлаяпмиз. Ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар масъули билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Унинг айтишича, ҳудудда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, жунни қайта ишлаш, нон ишлаб чиқариш объектлари ишга тушириляпти, билимга чанқоқ ёшлар учун репетиторлик курслари очилган. Қўшимча 2 та оилавий боғча фаолияти йўлга қўйилган. Бундан кўринадики, шаҳарчада ҳаёт ўз ўзанига тушиб улгурган, ривожланиш босқичи юз кўрсатишни бошлаган.
Гапнинг индаллоси шуки, Гулистон маҳалласи Президентимизнинг халқона, одилона қарори, эзгу ташаббуси натижаси, шунингдек, меҳнаткаш халқимизнинг ғайрат-шижоати, бирдамлиги тимсоли бўлиб қолишига шак-шубҳа йўқ. Туманга ташриф буюрган киши борки, кечагина қақраган даштликлар, сувсиз ва экинсиз майдонлар ўрнида бунёд этилган бу гўзал маҳаллани, номига монанд турфа гулга бурканган шаҳарчани ўз кўзи билан кўришга, бу ерда истиқомат қилаётган ёшу қари билан суҳбатлашишга ошиқади.
Эзгуликнинг қаноти бор, дейдилар. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган мазкур ғоя – кўп қаватли уйлардан иборат йўлдош шаҳарчалар қуриш ташаббуси фарғоналиклар кўнглини тоғдек кўтарди. Ахир, неча йиллардан буён вилоятда бу даражадаги кенг миқёсли қурилиш амалга оширилмаган.
Президентимиз белгилаб берган режага кўра, келгуси беш йилда Фарғона вилоятида жами 30 минг квартирали 700 та кўп қаватли уй қурилади.
Аҳамиятлиси, бунда 2,5 мингта уй-жой оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган ёлғиз аёллар, эҳтиёжманд оилалар ва ногиронлиги бўлган фуқароларга берилади. Шунингдек, 14 мингдан зиёд оилага ипотека кредити бўйича 680 миллиард сўмлик субсидиялар ажратилиши кўзда тутилмоқда.
Бағдод тумани “Гулистон” маҳалласида барпо қилинган шаҳарча намунаси асосида Ёзёвон, Олтиариқ ва Фарғона туманларида ҳам камида 4-5 минг хонадонли «йўлдош» шаҳарчалар бунёд этилиши белгилаб берилган бўлса, айни кунларда бу ерларда бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилган. Жумладан, Ёзёвон туманидаги “Юқори Сойбўйи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 65 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон” массиви қурилмоқда. Замонавий шаҳарсозлик анъаналари асосида ишлаб чиқилган лойиҳа уч йилга мўлжалланган бўлиб, биринчи босқичда 33 та 5 ва 7 қаватли 948 та хонадондан иборат уйлар қурилиши режалаштирилган. Кейинги босқичларда 105 та кўп қаватли уйлар қад ростлайди. Бу билан 4 минг оила ўз хонадонига эга бўлади. Бундан ташқари, маданият саройи, мактаб, мактабгача таълим ташкилотлари, оилавий поликлиника, хизмат кўрсатиш ва савдо марказлари, кўп функцияли жамоат мажмуалари, истироҳат боғи барпо этиш орқали аҳоли учун қулай инфратузилма яратиш кўзда тутилган.
Ҳудудда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенг йўлга қўйиш учун 10,1 гектар ер майдонида кичик саноат зонасини ташкил этиш режага киритилган. Бу ерда пахтани қайта ишлаш, ёғ-мой заводлари, тўқимачилик фабрикаси қурилади. Асосийси, 1200 та иш ўрни яратилади. Тошкент-Ўш йўлининг маҳалладан ўтган қисмидаги 20 гектар майдонда эса юк машиналари учун логистика маркази, меҳмонхона, сервис ва хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этилади. Айни кунларда Фарғона шаҳри ва Фарғона туманида ҳам ана шу ишлар қизғин давом этмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Президентимиз бошлаб берган ташаббус айни кунларда фарғоналиклар қалбида ғунча очмоқда, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига, ўз олдиларига янада улкан ва хайрли мақсадларни қўйиб меҳнат қилишларига туртки бўлмоқда. Айтиш мумкинки, инсон қадри улуғланган, ҳар бир ислоҳот аҳоли фаровонлиги, юрт ободлиги учун хизмат қилаётгани аниқ-равшан кўриниб турган юртда яшашнинг завқи ҳам, қадри ҳам ўзгача бўлади. Бу завқу сурур эса янгидан-янги ғоялар, ташаббусларга қанот бўлиши табиий.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |