Бугунги кунда Президентимизнинг Халқ қабулхоналари орқали аҳолидан уй-жой, коммунал хизмат кўрсатиш, йўл қурилиши, тадбиркорлик каби соҳалар бўйича келиб тушаётган мурожаатларни ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхоналарига жорий йилнинг 8 ойида пойтахтимиз аҳолисидан қарийб 109 минг 270 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 53 минг 800 дан ортиғи ҳал қилинган. Шундан 42 минг 440 дан зиёд масалага ҳуқуқий маълумот ва тушунтириш бериш орқали ечим топилган бўлса, 726 та мурожаат узоқ муддатли назоратга олинган, қолганлари айни кунларда ўрганиш жараёнида.
Мурожаатларнинг бирига кўра, Олмазор тумани “Чилтўғон” маҳалласида яшовчи Нигина Аҳмедова Уста олим кўчасида автомобиллар серқатновлиги оқибатида аҳолига ноқулайлик туғилаётгани, йўл-транспорт ҳодисалари юз бераётганини айтиб, ҳудудда режалаштирилган йўл усти пиёдалар кўприги қурилишини тезроқ бошлаб, битириб беришда амалий ёрдам сўраган. Шу мазмундаги мурожаатлар тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ишчи гуруҳ тузилган ҳолда ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар натижасида тегишли дастурларга таклиф киритилиб, 2022 йил июлдан мазкур йўл усти кўпригини бунёд этиш ишлари бошланди. Айни пайтда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги қадимий манзиллардан бири “Кўкча” маҳалласи 7-Қўрғонча кўчасида эса шу пайтгача оқова сув тармоғи йўқ эди. Аҳолининг оммавий қабуллардаги мурожаатидан сўнг бу борадаги ишлаб чиқилган “йўл харитаси”га асосан бугун мазкур кўчада 850 погонометр оқова сув тармоғи тортиляпти, 2 та оқова сув ҳайдаш насоси ўрнатилади. Бу билан 67 та хонадоннинг 60 йиллик масаласи ниҳоят барҳам топяпти.
Сергели туманидаги “Нўғайқўрғон” маҳалласи Саъдий кўчаси аҳолисидан келиб тушган мурожаатларда эса электр тармоқларидаги муаммоларга ечим топиш кун тартибига қўйилган эди. Аҳоли сони, ишлаб чиқариш қувватлари ошган бўлсада, трансформатор алмаштирилмагани тез-тез узилишларга сабаб бўлар, бу эса, табиийки, одамларнинг хунобини оширарди. Бу борадаги мурожаатлар жойига чиқиб ўрганилгач, чиндан ҳам “Нўғайқўрғон” ва “Қубайтепа” маҳаллаларини электр энергияси билан таъминловчи трансформатор зўриқиб ишлаётгани аниқланди. Дастур асосида айни пайтда 400 киловольт-ампер ўрнига қуввати 630 киловольт-амперли янги трансформатор ўрнатилмоқда.
Шунингдек, Сергели тумани “Қўйлиқ-6” массивидаги 15-уй 1970-йилларда қурилган. 200 га яқин аҳолига хизмат кўрсатадиган лифт ҳам аллақачон муддатини ўтаб бўлган, унинг носозлиги боис юқори қаватдаги нуронийлар ҳаво олиш учун ойда бир кўчага чиқишга ҳам мажбур бўлаётган эди. Шу уйда яшовчи Хуршида Товбоева ва бошқаларнинг мурожаатлари асосида бу масала ҳам манзилли дастурга киритилгач, мазкур уйда ҳам анча вақтдан бери кутилган янги лифт ўрнатиш ишлари бошланди.
Шайхонтоҳур тумани “Қоратош” маҳалласидаги 104, Чилонзор тумани 16-мавзедаги 16-уйларда яшовчи аҳолини ҳам айни шу масала анчадан бери безовта қилаётган эди. Мурожаатлардан сўнг бу уйлардаги фойдаланилаётганига 30 йилдан ошган, белгиланган муддатидан ҳам 5 йилдан зиёд вақт хизмат қилган эски лифтлар ҳам айни кунларда янгиланмоқда.
Олмазор тумани Норозтепа кўчасидаги 1-уйда 1980 йилларда ўрнатилган лифтлар ҳам бирин-кетин янгисига алмаштирилгач, 81 хонадоннинг мушкули осон бўлди.
Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхоналарининг ҳам маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари-ю хотин-қизлар фаоллари билан уйғун фаолият олиб бораётгани, уларнинг бошини бирлаштираётгани маҳаллалардаги кўплаб тизимли муаммоларга ечим топиш имконини бермоқда. Дейлик, Ўзбекистон бадиий академияси академиги, Ўзбекистон санъат арбоби, профессор Саъдулла Абдуллаев кўп йиллар Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида меҳнат қилган.
Саъдулла аканинг қизи Фотима ҳам ота касбини танлади, тез орада санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертациясини ҳимоя қилади. Ёш истеъдод эгаси учун эса амалиёт ниҳоятда зарур эди. Фотима Абдуллаева айни шу масаладаги мурожаати сектор ва маҳалла масъуллари билан бирга кўриб чиқилгач, унга “Камолон” маҳалласидаги 34-мактабнинг бўш турган ертўласида дизайнерлик йўналишида ўқув курси ташкил қилишда амалий ёрдам кўрсатилди. Ертўладан жой ажратилиб, хоналар таъмирланди, 33 миллион сўмлик имтиёзли кредит эвазига зарур жиҳозлар олинди. Натижада бугун ўнлаб оилалар фарзандлари бу ерда дизайнерлик сир-асрорини ўрганмоқда.
Ёғоч ўймакорлиги ҳадисини олган ёш ҳунарманд Жамшид Ғуломовнинг ҳам шу мазмундаги мурожаатидан сўнг унга ҳам “Камолон” маҳалласидаги 84-мактабнинг бўш турган ертўласидан жой ажратилди. Бу ерда мўъжаз устахона ва тўгарак ташкил қилган ёш ҳунарманд ўнлаб ёшларга ёғоч ўймакорлигидан сабоқ бермоқда.
Асли тиббиёт ходими бўлган Маъмура Муҳримовага ҳам шу ерда жисмоний тарбия курсини ташкил этишда кўмаклашилди. Бугун Маъмура опа жисмоний ривожланиши нисбатан паст бўлган 20 дан ортиқ болалар билан машғулотлар олиб бормоқда.
Ҳар бир киши оғир вазиятга тушар экан, биринчи навбатда, давлатдан ёрдам кутади. Кутилган кўмак қўли чўзилганда эса инсон шу жамиятда ўз ўрни, ўз қадри борлигини англайди. Ота-онасидан эрта ажраб, бувисининг қўлида улғайган олмазорлик Абдуғаффор Ибодов ҳам паррандачиликка қизиқди, шу йўналишдаги фабрикаларда ишлаб, тажриба орттирди.
Сўнг ўз бизнесини йўлга қўйишни мақсад қилди. Туман секторлари раҳбарларининг сайёр қабулида Абдуғаффорнинг ҳам декоратив жўжаларни кўпайтиришга оид бизнес-лойиҳаси маъқулланди. 20 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Бу пулга инкубатор ва товуқ қафаслари харид қилган йигитча жўжа парваришлашга киришиб кетди, ўз даромад манбаига эга бўлди, тадбиркор бўлди.
Халқ қабулхонасига қилинган мурожаатларидан сўнг ҳаётида реал ўзгаришлар бўлаётган бу каби кўплаб фуқароларни бир жиҳат – давлат қўлловига таянч, эртанги кунга ишонч ва албатта фаровон ҳаётга интилиш якдиллиги бирлаштириб турибди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |