Бу билан туман, вилоят ва республика ташкилотларига келиб тушаётган мурожаатлар ягона платформага бирлаштирилади
Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари халқ билан очиқ, тўғридан тўғри ва доимий мулоқотни ташкил этишда қулай имконият ва шароитлар яратди. Шу билан бирга, кенг жамоатчилик муҳокамаси натижасида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида халқ билан очиқ мулоқот механизмларини янада такомиллаштириш, маҳалладан туриб барча давлат органларига мурожаат қилиш ҳамда уларнинг раҳбарлари билан мулоқот қилиш тизимини яратиш бўйича вазифалар белгиланган эди. Мазкур ҳужжатларда белгиланган норма ва вазифалар ижроси доирасида давлат органлари ва ташкилотларига келиб тушаётган мурожаатларни рўйхатга олиш, уларни кўриб чиқиш ва натижасини назорат қилиш бўйича Мурожаатлар билан ишлашнинг ягона онлайн платформаси ҳам (murojaat.gov.uz) ишга туширилди.
Мурожаатлар билан ишлаш жараёнлари таҳлиллари ва ўрганишлар мамлакатимиз бўйича жами мурожаатларнинг учдан бир қисми Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари орқали юборилаётган бўлса, қолганлари туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасидаги ташкилотларга бевосита келиб тушмоқда. Ўтган олти йилга яқин давр мобайнида виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар кўриб чиқилиши, уларда кўтарилган масалалар ҳал қилиниши устидан самарали ва шаффоф назорат тизими жорий қилинган. Мурожаатларда кўтарилган масалалар ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мурожаатлар билан ишлаш борасидаги фаолиятини таҳлил қилиш йўлга қўйилган. Айни шу мурожаатлар таҳлили ўтган даврда кўплаб тизимли масалаларни аниқлаш, уларга ечим топиш, муҳим дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқишда катта амалий аҳамиятга эга бўлмоқда.
Шу муносабат билан Президент виртуал қабулхонаси тизимида тўпланган тажрибадан фойдаланиб, давлат идораларига бевосита келиб тушаётган мурожаатлар билан ишлаш жараёнлари устидан ҳам самарали назорат ўрнатиш ва таҳлил тизимини йўлга қўйиш долзарб вазифа ҳисобланади. Туман, шаҳар, вилоят ва республика ташкилотларининг мурожаатлар билан ишлаш жараёнини murojaat.gov.uz ягона онлайн платформасига бирлаштирилиши шу борада муҳим қадам бўлиб, бунинг ҳаётий самараси қуйидаги жиҳатларда кўринади:
– аҳолига маҳаллий даражадаги муаммолар юзасидан туман-шаҳар ташкилотларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имконияти яратилади;
– барча бўғиндаги ташкилотларга бевосита (ташкилот веб-сайти, почта алоқаси, ишонч телефони, сайёр қабул ва раҳбарларнинг шахсий қабулида) келиб тушадиган мурожаатларнинг ягона тизим доирасида рўйхатга олиниши, барча жараённи рақамлаштириш орқали мурожаатларнинг ўз вақтида ва белгиланган тартибда кўриб чиқилиши устидан шаффоф “рақамли назорат” ўрнатилиши таъминланади;
– аҳоли муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиш ва ҳал этиш, мурожаатларни давлат органлари ва ташкилотлари томонидан кўриб чиқишнинг бир-бири билан узвий боғланган тўрт поғонали “маҳалла – туман/шаҳар – вилоят – республика” тизимини жорий этишнинг асоси пайдо бўлади;
– барча мурожаатни мурожаат этувчилар, вазирлик ва идоралар, мурожаатларга сабаб бўлган муаммолар ҳамда ҳудудлар кесимида, шу жумладан, “маҳаллабай” мониторинг ва таҳлил қилиш имконияти таъминланади;
– ҳар бир босқичда мурожаатни кўриб чиқиш ҳолати бўйича мурожаат этувчиларни хабардор қилиб бориш ва мурожаат натижасига нисбатан муносабат билдириш механизми жорий қилинади;
– маҳалла аҳолиси учун аҳамиятли бўлган ижтимоий-иқтисодий муаммолар юзасидан мурожаатларнинг кўриб чиқилишида маҳалла раисларининг роли оширилади;
– давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мурожаатлар билан ишлаш кўрсаткичлари онлайн эълон қилиб борилади.
Асосий мақсад – аҳолининг кундалик турмуш тарзига бевосита таъсир қилувчи масалалар бўйича мурожаатларни марказлашган тизим асосида дастлабки бўғинда ҳал қилинишига эришиш, мурожаатлар билан ишлашнинг ўзаро уйғун “маҳалла-туман-вилоят-республика” тизимини йўлга қўйиш, барча бўғиндаги раҳбарларнинг аҳоли муаммолари билан ишлаш борасидаги фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, маҳалла институтини жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантиришдан иборат.
Бугунги кунда 100 дан ортиқ давлат органларининг мурожаатлар билан ишлайдиган 900 нафардан ортиқ мутахассислари ушбу тизимда ишлаш бўйича тегишли ўқувларга қамраб олинди, уларнинг бу борадаги билим ва малакаси оширилди. Жорий йил 1 сентябрдан давлат органлари Ягона онлайн платформада мурожаатларни рўйхатга олишни бошлади.
Мурожаатлар билан ишлашнинг ягона онлайн платформаси –murojaat.gov.uz электрон манзили орқали давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликларнинг вертикал бошқарув бўйича исталган ташкилотига онлайн мурожаат қилиш имконияти мавжуд.
Мурожаат йўллаш учун аввало тизимга шахсни тасдиқловчи ҳужжат реквизитларини киритиш лозим. Бунинг учун фуқаролик паспорти, ID-карта ва хорижга чиқиш паспортидан, 16 ёшга тўлмаганлар эса туғилганлик ҳақида гувоҳномадан фойдаланиши мумкин.
Кейинги босқичда мурожаат юбориш шакли тўлдирилади. Бунда платформа Давлат персоналлаштириш маркази базаси билан интеграция қилингани туфайли мурожаатчи ҳақидаги маълумотлар автоматик равишда тўлдирилиб, вақт тежалади. Айрим маълумотларни, масалан, маҳалла номини исталган пайт шахсий кабинет орқали тизимга киритиб қўйиш, янгилаш мумкин.
Мурожаат шакли тўлдирилиб, мурожаат матни киритилгач, масалани кўриб чиқиш учун юбориладиган ташкилот рўйхатдан танланади. Бунда, тизим аввал мурожаатчи яшаётган ҳудуддаги ташкилотлар рўйхатини акс эттиради. Зарур ташкилотни туман/шаҳар, вилоят ва республика даражасидаги ташкилотлар рўйхатидан излаб топиш мумкин.
Агар фуқаро масаласининг ечими қайси давлат органи ёки бошқа ташкилотнинг ваколатида эканини олдиндан билмаса, платформа веб-сайтининг ташкилотлар тўғрисидаги бўлими орқали бу саволга жавоб топиш имкони бор. Яъни бунда ташкилотларнинг вазифалари ва функциялари, ташкилот раҳбарининг фуқароларни қабул қилиш вақтлари, ташкилот билан боғланиш имкониятлари тўғрисида батафсил маълумот олиш мумкин.
Мазкур имкониятлар вазирлик ва идораларнинг қуйи ташкилотларига нисбатан ҳам жорий этилган. Бунинг учун тегишли ташкилотнинг платформадаги саҳифасига кириш лозим. Маълумотлар ҳар бир ташкилотнинг масъул ходимлари томонидан киритилиб, янгиланиб борилади.
Ҳар қандай масала юзасидан батафсил, шу жумладан, ҳуқуқий маълумот олиш учун эса платформа веб-сайтининг “Ўзингизни қизиқтирган саволга жавоб топинг” бўлимидан фойдаланиш мумкин. Мазкур бўлим “advice.uz ҳуқуқий ахборот портали”нинг ахборот ресурслари билан интеграция қилинган.
Мурожаатчининг барча мурожаати тўғрисидаги маълумот платформадаги шахсий кабинетда жамланади. Шахсий кабинетга телеграм мессенжери ва электрон почта манзилини боғлаб қўйиш эса мурожаатни кўриб чиқиш ҳолатидан доимий хабардор бўлиб туриш имконини беради.
Ягона платформани вазирлик ва идораларнинг идоравий ахборот тизимлари билан босқичма-босқич интеграция қилиш ҳамда доимий такомиллаштириб бориш кўзда тутилган.
Мухтасар айтганда, murojaat.gov.uz платформаси энг аввало давлат органлари ва ташкилотларига бевосита келиб тушаётган мурожаатларни ягона тизимда рўйхатга олиш, ҳудудий масалаларни – ҳудуд, республика доирасидаги муаммоларни эса республика миқёсида кўриб чиқиб, ҳал қилишнинг ўзаро уйғун тўрт поғонали (“маҳалла – туман/шаҳар – вилоят – республика”) тизимини жорий этишга, бу борадаги мурожаатлар кўриб чиқилиши устидан “рақамли назорат” ўрнатилишига хизмат қилади.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |