Сурхондарё вилоятида ногиронлиги бор фуқароларга янги уй-жой калити тантанали топширилмоқда.
Термиз шаҳрида бўлиб ўтган ана шундай тадбирда вилоят марказидаги Гулистон маҳалласида қад ростлаган 18 хонадонга мўлжалланган 3 қаватли, Жарқўрғон туманидаги Қораёғоч маҳалласида 5 оилага мўлжалланган икки қаватли, Термиз туманидаги Учқизил массивида 10 хонадонга икки сотихли янгиланган намунавий лойиҳалар асосидаги арзон уй-жойлар калити топширилди.
Вилоят Халқ қабулхонаси раҳбар ва ходимлари, Термиз шаҳар, Жарқўрғон ва Термиз туманлари ҳокимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, янги уйларга кўчиб ўтган ногиронлиги бор шахслар ва уларнинг яқинлари иштирок этган тадбирда юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар халқ манфаатларини таъминлаб, меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган фуқароларни ҳам ҳар томонлама ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашида юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди.
Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Жорий йилда вилоятда ногиронлиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларидан 405 оила янги уй-жой билан таъминланмоқда. Ўтган тўққиз ойда 53 шундай оила шинам ва замонавий уйларга кўчиб ўтди. Шу кунларда яна 263 оилага мўлжалланган уйларда қурилиш ишлари якунланиб, фойдаланишга топшириш учун шай ҳолатга келтирилди. Уларнинг биттаси Термиз шаҳрида 18 оилага мўлжалланган уч қаватли арзон уй, биттаси Жарқўрғон туманида 5 хонадон учун икки қаватли уй-жой ва бошқа туманларда 230 оилага мўлжалланган икки сотихли янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган уйлардир.
Термиз шаҳар Гулистон маҳалласида бунёд этилган 18 хонадонли уч қаватли уйни қуриб, фойдаланишга топшириш учун 2 миллиард сўм маблағ сарфланди. Икки ва уч хонали хонадонларда муносиб турмуш кечириш учун барча шароит яратилган.
– Уй қурилишида меҳнат қилар эдим, – дейди Термиз шаҳар "Жўйижангал" маҳалласидан Ў.Хўжамбердиев. – Тақдир экан, томдан йиқилиб, I гуруҳ ногирони бўлиб қолдим. Кўп йиллардан буён аёлим, қизим ва ўғлим билан ижарада яшаб келаётган эдик. Эр киши соғлом бўлмаса, уй-жой қуриш фақат орзу бўлиб қолаверар экан. Энди меҳнат қилишга қурбим етмайди. Фарзандларим билан умрим ижарада ўтиб кетармикан, деб эзилар эдим. Давлатимиздан миннатдормиз, мана, бугун биз учун жуда қувончли кун бўлди. Замонавий жиҳозланган уч хонали арзон ва шинам хонадонга кўчиб ўтдик. Бундан турмуш ўртоғим, болаларим, яқинларим мендан ҳам кўра кўпроқ суюнишмоқда. Яратганга шукр. Бизга бундай эътибор ва ғамхўрлик кўрсатаётган давлатимиздан миннатдормиз.
Тадбирда янги уй эгаларига маиший техника воситалари совға қилинди. Бир гуруҳ эҳтиёжманд фуқароларга ногиронлик аравачалари топширилди. Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар барчага бир олам завқ улашди.
Вилоятнинг бошқа туманларида ҳам ногиронлиги бор оилаларга янги уйлар калити тантанали топширилмоқда.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Б.Пўлатов сўзга чиқди.
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |