Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигидаги ишлар ҳолати, аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида 6 октябрь куни Сирдарё вилоятида бўлди.
Бу йил вилоятнинг 75 минг гектар майдонида пахта етиштирилди. Айни пайтда қарийб 80 минг гектар ерга ғалла экилмоқда.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Сирдарё туманидаги “Арслон бобо” ва “Омонбой ўғли Тугал” фермер хўжаликлари даласини кўздан кечирди.
“Арслон бобо” фермер хўжалигининг ер майдони 90 гектар бўлиб, бу йил ғалладан 80 центнердан ҳосил олинган. Ҳозир пахта терими авжида. Шунингдек, картошка, мош, сабзи, пиёз каби такрорий экинлар ҳам етиштирилиб, бозорга қўшимча маҳсулот чиқарилмоқда.
“Омонбой ўғли Тугал” фермер хўжалиги 62 гектарда деҳқончилик қилади. Бу ерда ҳам ғалла ҳосилдорлиги 80 центнер бўлган. Кўсак сони ва теримнинг боришига қараганда, пахтанинг ҳам “чўғи баланд”.
Бу қўшни хўжаликларда ерлар лазерли ускуна ёрдамида текислангани натижасида сув аввалгига нисбатан 30-40 фоиз тежалмоқда, суғориш вақти ҳам қисқарган. Насослар қуёш панеллари қувватида ишлайди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дала четларига тут, ток, қоратол ва бошқа кўчатлар экилган.
Президентимиз шу ерда сирдарёлик фермерлар, нуронийлар билан суҳбатлашди.
– Халқимиз «меҳр кўзда» деганидек, сизлар билан кўришиб, ҳорманглар деб келдим, – деди Шавкат Мирзиёев. – Адолатли ҳакам бўлса, айтиш мумкинки, Сирдарёда ҳам ўзгариш бўлаяпти. Лекин замон шундай шиддат билан ўтаяптики, одамларнинг ниятлари илгарилаб кетяпти. Шунга яраша шароит яратиш, халқимиз талабини қондириш учун янги-янги режалар қилишимиз керак. Бугун азиз Сирдарё аҳлига раҳмат айтиш билан бирга, эришилаётган натижалар бардавом бўлиши учун, туманларнинг, одамларнинг бири икки бўлиши учун зарур йўналишларни белгилагани келдик.
Фермерлар қишлоқ хўжалигида имкониятлар кенгайиб, манфаатдорлик ошгани, мажбурий меҳнат тугатилгани, қўшимча маҳсулотлар етиштирилаётганини айтишди.
– Ер – халқимиз ризқ-рўзи манбаи. Бир пайтлар пахта майдонидан бир гектар ажратиш жиноят эди, такрорий экин эккан таъқиб қилинарди. Мана, ҳозир 80 минг гектар пахта ва ғалла майдонларини аҳолига бердик, ҳали яна берамиз. Улардан олинган маҳсулот ҳам халқимизники-ку. Бозорга маҳсулот, оилаларга даромад бўлади-ку. Бугун республикадан келган раҳбарлар ва ҳокимлар яна 7,5 минг гектар ер ажратилса, Сирдарё вилоятида ишсизликни йўқ қилиш бўйича таклиф бераяпти. Мен буни, албатта, қўллаб-қувватладим, – деди Президент.
Давлатимиз раҳбари шу ерда деҳқончилик қилаётган ёшлар билан ҳам суҳбатлашди. Улар мазкур фермер хўжаликлари даласидан 0,5 гектардан ер олиб, мош, сабзи, пиёз, саримсоқпиёз етиштираётганини сўзлаб беришди. Бундан олган даромади ҳисобидан университетда ўқиш, уйини бутлаш режаларини маълум қилишди.
Президентимиз Сайхунобод туманидаги “Шукроналик мўъжизалари” фермер хўжалиги даласида ҳам бўлди.
Хўжаликнинг умумий ер майдони 70 гектар. Жорий йилда 25 гектарга пахта, 45 гектарга ғалла экилди. Ҳосилдорлик меҳнатга яраша – юқори.
Мамлакатимизда қайси маҳсулот кўпроқ даромад келтирса, ўшани экишга эътибор ортаётгани ҳам қишлоқ хўжалигида яхши самара бермоқда. Бу фермер хўжалиги ҳам ғалладан бўшаган майдондан яхши даромад олади. Хусусан, бу йил 45 гектар майдонга такрорий экин сифатида мош экилган. Хўжалик фаолияти билан танишув чоғида ушбу экинни етиштириш бўйича чет эл тажрибасини ўрганиш, ҳосилдорликни ошириш учун илмий асосланган ёндашувларни қўллаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу ерда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари ва мутасаддилари билан мулоқот бўлди. Давлатимиз раҳбари инновация ва нав эвазига ҳосилдорликни ошириш, сувдан оқилона фойдаланиш ва ҳисобини юритиш зарурлигини таъкидлади.
Иш фаолияти давомида муносиб яшаш ва меҳнат шароитига эга бўлиш самарадорликни оширади. Бу қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам муҳим саналади.
Президент миришкорлар, хусусан, фермерларнинг кўп вақти далада ўтишига эътибор қаратди. Шуни инобатга олиб фермер ва унинг оиласи, ишчилар учун далада ихчам уйчалар ташкил этиш таклифини берди. Бундай ихчам уйлар электр билан таъминланиши, яшаш учун барча шароитларга эга бўлиши кераклигини айтди.
Мазкур уйлар мавсумий бўлмаслиги, фермер истаган пайти – тўрт фаслда ҳам ишдан ортган пайти йўл босиб уйига бормасдан, шу ернинг ўзида бироз ҳордиқ чиқара оладиган жой бўлиши лозимлиги таъкидланди. Мутасаддиларга бундай уйларни ташкил қилишда нималарга эътибор қаратиш зарурлиги, фермерлар учун бу борада кам фоизли кредитлар ажратилиши лозимлиги ҳақида топшириқлар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Сайхунобод туманидаги “Политекс Сирдарё” пахта-тўқимачилик кластери корхонасини бориб кўрди.
Илгари Сайхунобод туманида саноат умуман йўқ эди, фақат пахта экиларди. Қишлоқ хўжалигидаги янгиланишлар, кластер тизими натижасида бу ерда ҳам саноат пайдо бўлди. Ҳозир биргина пахтадан ип, калава, мато, тайёр кийимлар, чигитдан ёғ, совун, озуқа ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Хусусан, “Политекс Сирдарё” кластерининг тўқимачилик корхонасида ҳам ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Германия технологияси келтириб ўрнатилиб, 700 та иш ўрни яратилган. Корхонанинг йиллик қуввати 7 минг тонна бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида Хитой, Туркия ва Бангладеш давлатларига 2,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Шунингдек, кластер қошида йилига 30 минг тонна ёғ-мой тайёрлайдиган корхона ҳам мавжуд. Унда 100 нафар аҳоли бандлиги таъминланган.
Давлатимиз раҳбари “Политекс Сирдарё” кластерининг тўқимачилик корхонасида ип-калава ишлаб чиқариш жараёни билан танишди, ишчилар билан мулоқот қилди.
Шу ерда Сирдарё вилояти тўқимачилик корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намойиш этилди. Бугунги кунда вилоятда 9 та пахта-тўқимачилик кластери фаолият кўрсатмоқда. Бу йил 268 минг тонна пахта хомашёси етиштириш режалаштирилган. Унинг юз фоизи ҳудуднинг ўзида қайта ишланади.
Президентимиз оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳам суҳбатлашди.
– Бугун Сирдарёга келишдан асосий мақсадимиз – вилоятни аҳолиси тўлиқ иш билан таъминланган ҳудудга айлантириш мезонларини белгилаш, – деди Шавкат Мирзиёев. – Биринчи мезон, Сирдарё шароитида, бу – ер. Кластер эгаларининг дунёқараши ўзгаряпти, сифатга ҳаракат қиляпти, даромади ошяпти. Энди улар халқ манфаатига хизмат қилиши керак. Бу манфаат биринчи навбатда иш ўрни. Масалан, аҳолига деҳқончилик учун ер ажратиш орқали 100 минг иш ўрни яратиш мўлжалланяпти. Иккинчидан, бу ерларга нима даромадли бўлса, шуни экиш бўйича эркинлик берилади. Ким бозорни тушуниб, кўпроқ меҳнат қилса, нақд даромад олади. Яна бир муҳим томони, агар Сирдарё вилоятида ишсизликни тугата олсак, бу бошқа ҳудудлар учун намуна бўлади.
Сайхунобод туманида Сирдарё вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказилди.
Унда асосий эътибор иш жойларини кўпайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига қаратилди.
Сирдарё вилоятида 35 минг нафар ишсиз, 42 минг нафар чет элга ишга кетганлар бор. Меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларни ҳам ҳисобга олиб, 100 минг иш ўрни яратиш зарур. Бунинг учун пахта майдонлари қисқартирилиб, бу ерлар аҳолига бўлиб берилиши қайд этилди.
Бироқ, бу қисқариш ўрнини ҳосилдорликни 2-3 баравар ошириш ҳисобидан қоплаш, Пахтачилик кенгаши ва олимлар билан ишлаш зарурлиги таъкидланди.
Озиқ-овқат етиштирувчи деҳқонларнинг кредити учун қўшимча 300 миллиард сўм ажратилмоқда. Энди деҳқонлар 150 миллион сўмгача гаровсиз кредит олади. Булар келгуси йилда Сирдарё аҳолиси учун 45 минг иш ўрни яратишга замин бўлади.
Шунингдек, 5 минг гектар экин майдонида суғориш тизимини яхшилашга бюджетдан 40 миллиард сўм ажратилади.
Ҳудудда озиқ-овқат маҳсулотлари, чорва ва парранда етиштириш учун жуда катта имкониятлар бор. Шу боис келгуси йилда 1 триллион сўмлик паррандачилик лойиҳаларини амалга ошириш, гўшт ва тухум маҳсулотлари ҳажмини 2 баравар кўпайтириш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Вилоятда 1,7 миллиард долларлик 858 та инвестиция лойиҳалари ҳисобига 20 минг иш ўрни яратиш режалаштирилган.
– Ҳар куни қайсидир масаланинг ичига кириб, қийин бўлса ҳам маблағини топиб, қарор қилиб бераяпмиз. Бугун яна ким масала қўйса, уни ҳам ечиб бераман. Қайси ҳоким ҳисоб-китоб билан аниқ режа қўйиб, ишларни тизимли йўлга қўйса, албатта, натижа бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.
Йиғилишда Бош вазир ўринбосарлари иш ўринларини ташкил этиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ижтимоий соҳани яхшилаш режалари юзасидан ахборот берди.
Шу билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилоятига ташрифи якунланди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |