Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ҳокими Нодир Эркаев ҳудуд аҳолиси билан ишлашнинг янгича механизмини йўлга қўйди.
Унга кўра, ҳокимликнинг телеграм каналида тумандаги МФЙ рўйхати шакллантирилиб овозга қўйилади. Тўпланган овозлар сонига қараб, ўша ҳудудга ҳоким ва туман раҳбарлари ҳамда туман кенгаши депутатлари биргаликда борган ҳолда муаммо ва камчимликларни ўрганади, аҳолининг мурожаатлари тингланади.
Туман масъулларининг бу галги манзили туманнинг олис Чамбил МФЙга қарашли Оқчова қишлоғи бўлди. Мазкур қишлоқда бугунги кунда 2 минг 198 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Тоғли ҳудуд ҳисобланган ушбу қишлоқда эскирган устунлар, электр энергияси қувватининг пастлиги, кўчаларнинг носозлиги, сел сувлари ювиб кетган кўприклар билан боғлиқ кўплаб муаммолар аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келарди.
Ҳоким бошчилигидаги туман масъуллари нафақат қишлоқдаги ижтимоий муаммолар, балки хонадонма-хонадон кириб фуқароларнинг мурожаатларини тинглади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож хонадонларга озиқ-овқат ва амалий кўмак берилди.
Масалан, шу қишлоқда яшовчи Руёб Сафарова узоқ йиллардан буён Қалқама бозорида аравакашлик қилиб, кун кечиради. Турмуш ўртоғи Исмоил Ҳусанов 76 ёшда ва иккинчи гуруҳ ногирони. Доимий хасталик туфайли ётиб қолган. Вақти-вақти билан даволаниб турмаса хасталиги оғирлашади. Оила ҳар томонлама ижтимоий ҳимояга муҳтож.
Туман ҳокими масъуллар иштирокида мазкур хонадонда бўлиб, оила вакилларининг муаммоларини тинглади.
- Аёл бошим билан оғир меҳнат қилишдан чарчадим, бир ўғлим бор, ҳали ёш мактабда 7-синфда ўқийди, - дейди Руёб Сафарова. – Давлат бераётган нафақа тирикчиликка ҳам етмайди. Ҳафтада бир кун бозор бўлади. Тирикчилик учун арава сураман. Одамларнинг юкларини ташийман. Яшашимиз жуда оғир. Уйларимиз бир аҳволда. Туман ҳокими ва депутатларнинг ўзи уйимга келиб муаммоларим ҳақида сўрашди. Кўзларимга ёш келди. Турмуш ўртоғимни даволанишига ёрдам қиладиган бўлди. Энг муҳими эски зах босган уйимизнинг ёнида икки хонали замонавий уй қуриб берадиган бўлишди. Ўзимни эса бозорга фаррош қилиб ишга жойлашди. Фарзандимга кийим-бош, озиқ-овқат маҳсулотлари беришди, кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Насиб этса, янги йилни янги уйларда кутиб оламиз.
Аҳолининг мурожаатларини тинглаш билан бирга уларга томорқалардан унумли фойдаланиш, ихчам иссиқхоналар қуриш, боғдорчилик қилиш борасида тавсиялар берилди. Боиси томорқаларнинг аксарият қисмига чорва учун беда экилган. Масалан, Махмараим Ҳамидов ҳам томорқасининг асосий қисмига беда эккан. Тушунтириш ва тавсиялардан кейин субсидия маблағи ҳисобига иссиқхона қурдирадиган бўлди.
Шу ўринда масъуллар қишлоқдаги яна бир жиҳатга эътибор қаратди. Яъни кўпчилик хонадон аъзолари чорвадан чиққан ўғитни қишга ёқиш учун “тезак” қилган. Ушбу имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда хонадонларга биогумус қилиш технологияси тушунтирилди. Бунда порилар махсус ҳандақларга йиғилиб, чувалчанг ташланади. Чувалчанглар порини биогумусга айлантиради. Оддий, лекин сердаромад усул. Олинган фойданинг бир қисмига ёқилғи учун кўмир сотиб олинади. Шундай қилинса, ҳам қишдан беталофот чиқилади, ҳам рўзғор учун доимий даромад манбаи яратилади. Биогумус эса жуда харидоргир ҳисобланади.
Ўрганишлар натижасида қишлоқдаги абгор йўлларга қум-шағал аралашмаси тўкиладиган, тахминан 30-35 та электр устунлар янгисига алмаштириладиган, иккита кўприк таъмирланадиган бўлди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Бемор аҳоли вакилларига бепул тиббий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.
Ҳудудларда муаммо ва камчиликлар кўп. Уларни ҳал қилиш билан бирга аҳолига тадбиркорлик қилиш учун яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш йўлларини батафсил тушунтириш ва бу борада амалий ёрдам қилиш одамларнинг тушмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади. Чироқчи туманида эса, бу борадаги ишлар янгича ечим ва изланишлар билан давом этмоқда.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |