2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Президент ташаббуси амалда: халқ қабулхоналари фаолиятидан аҳоли мамнун

Атоқли адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида шундай ибратли ибора бор: “Бу даргоҳдан ҳеч ким хафа бўлиб чиқмаган”.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган, бугунги кунга келиб фуқаролар ва давлат идоралари ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини бажараётган Президент Халқ қабулхоналари фаолияти ҳақида айни шу баҳо берсак, арзийди. Ўтган давр мобайнида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда ўзига хос тажриба тўпланди. Қабулхоналарга ўз дардини айтиб келган ҳар бир фуқаронинг муаммосига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонасида ҳам фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва холисона ҳал этиш доимо эътиборда. Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали 2022 йилнинг ўтган даврида Наманган вилояти аҳолисидан 80 минг 300дан зиёд мурожаат келиб тушган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5 минг 800тага ёки 7 фоизга камайган. Эътиборлиси, мурожаатларнинг 63 минг 450 таси, бошқача айтганда 79 фоизи қаноатлантирилган.

– Халқимизни эртага эмас, бугунги кунидан рози бўлиб яшашининг муҳим омилларидан бири бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришдир. Шу нуқтаи назардан вилоятнинг барча ҳудудларида аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаларини яратиш орқали қамбағалликни қисқартириш борасида секторлар раҳбарлари ва ҳоким ёрдамчилари билан ҳамкорликда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Баҳодир Юсупов. – Ҳозирга келиб вилоятдаги мавжуд 788 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 511 минг 200 та хонадон тўлиқ хатловдан ўтказилди. Бунинг натижасига кўра, 181 минг 685 та муаммо ҳал этилиб, 67 минг 478 кишининг бандлиги таъминланди. Биргина, йирик ишлаб чиқариш мажмуаси – “Golden Egg of Namangan” паррандачилик корхонаси томонидан аҳолини даромад манбаини ошириш мақсадида 1 минг 100 та хонадонга 100 тадан жами 110 минг парранда озуқаси билан бирга тарқатилди.

Қолаверса, “Хонадонбай” хатловлар натижасида аниқланган иқтисодий ночор хонадонларга имтиёзли кредитлар бериш орқали уй-хўжалигини юритишга кўмаклашилмоқда. Масалан, Поп тумани ички ишлар бўлими бошлиғи масъул бўлган учинчи сектор ҳудуди Ором маҳалласи “Туронбанк” томонидан 60 миллиард сўм кредит ҳисобига ташкил этилаётган 70 гектар иссиқхона комплекси бир йилда 70 та лойиҳа ташаббускорига бўлиниб, 600 нафар оила аъзоси ишга қабул қилинди. Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов саъй-ҳаракатлари билан кичик саноат зоналари сони 72 тага етказилди. Уларда жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 879,1 миллиард сўмлик 213 та ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди. 10 минг 310 та янги иш ўрни яратилди.

Президентимизнинг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарорлари ижроси бўйича ҳудудларда асаларичилик йўлга қўйилди.

Давлатобод тумани прокурори масъул иккинчи сектор ҳудуди  Гулобод маҳалласида кейинги икки йилда мавжуд 545 та хонадоннинг 180 таси асаларичиликка ихтисослашди, 54 тонна асал етиштирилди. Оилаларда асалдан 1 миллиард 800 миллион сўм даромад олингани қувонарлидир. Жорий йил якунига қадар асаларичилик билан шуғулланаётган оилалар сонини 250 тага етказиш режалаштирилган. Президентнинг вилоятдаги Халқ қабулхонаси раҳбарлигида шаҳар ва туманларнинг оғир ҳудудлари ҳамда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларига қўшимча, ҳар бир шаҳар, туман Халқ қабулхонаси томонидан "Бир халқ қабулхона – бир маҳалла" асосида аҳоли муаммолари ўрганилиб, кўчадаги ободончилик, ночор хонадонларни қамбағалликдан чиқариш чоралари кўрилди. Хусусан, 24 километр ички йўллар шағалланди, 280 та электр таянч устун, 152 дона кўча ёритиш чироғи ўрнатилди. 13 километр ариқ ва зовурлар тозаланиб, 1 минг 237 та хонадонга тўқсонбости экинлар экилди. 121 та хонадонда эса иссиқхоналар барпо қилинди. 10 минг 826 дона мевали кўчат экилиб, 5 минг 419 та хонадоннинг ташқи фасади, 3 минг 695 та ошхона ва тандирхона оқланди. Эътиборлиси, ушбу жараёнларда 448 киши иш билан таъминланди, 22 мингдан ортиқ фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди.

Қайд этиш жоиз, "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларига киритилмаган, 30 та оғир ҳудудда ободонлаштириш ишларини амалга ошириш мақсадида маҳаллий дастур – “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, 26 миллиард 100 миллион сўм маблағ ажратилди. Бугунги кунга қадар ушбу маҳаллаларда амалий ишлар бажарилиб, 610,2 километр ичимлик сув тармоғи, 135,4 километр электр тармоғи тортилиб, 5 минг 854 та таянч ва 58 та трансформатор ўрнатилди ва 286,7  километр масофадаги ички йўллар шағаллаштирилди.  

Масалан, Косонсой тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи масъул бўлган тўртинчи сектор ҳудуди Боғ кўча маҳалласининг “Нокзор” кўчасида яшовчи Ғ. Халиловнинг бундан икки йил аввал электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзасидан билдирган мурожаати Халқ қабулхонаси аралашуви билан ҳал этилди. Маҳаллий бюджет ҳисобидан 205 миллион сўм ажратилди. Ушбу ҳудудда 45 та бетон таянч, 1,8 километр узунликдаги 10-0,4 кВ янги хаво тармоғи ва бир дона трансформатор ўрнатилди. Бунинг самарасида  105 та хонадонда электр таъминоти яхшиланди.

Ўтган йили Наманган вилоятида 36 та ишлаб чиқариш кооперативи ташкил этилиб, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 1 минг 542 нафар ишсиз фуқаролар кооператив аъзолигига бириктирилди ҳамда уларнинг улуши сифатида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан 3 миллиард 800 миллион сўм субсидия маблағи берилди. Хусусан, Уйчи туманидаги “Asmus  tanho textile” ишлаб чиқариш кооперативига махсус ижтимоий дафтарларда мавжуд 100 нафар хотин-қиз ва ишсиз фуқаро аъзо сифатида бириктирилиб, 245 миллион сўм субсидия маблағи ажратилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ҳамда ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳимоя қилиш, уларга давлат томонидан манзилли тарзда кўмаклашиш белгиланган. Янгиқўрғон туманидаги собиқ ахборот технологиялари ва сервис касб-ҳунар коллежининг фойдаланилмасдан, бўш турган ўқув-устахона биноси 2021 йил март ойида туман прокурори ташаббуси билан “Саразар” масъулияти чекланган жамиятига тикувчилик фаолиятини йўлга қўйиш учун ижара шартномаси асосида берилди.  “Саноатқурилишбанк” Наманган филиалидан 3 миллиард сўм кредит ажратилди. Натижада, корхона томонидан 94 та янги иш ўрни яратилди, “Аёллар дафтари” рўйхатида турган 68 нафар хотин-қиз ишли бўлди.

Президентимиз раислигида 2022 йил 15 январь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллаларда ижтимоий муҳитни яхшилаш, жумладан, олис, ижтимоий аҳволи оғир ҳамда кўп миллатли маҳаллаларда уч авлод учрашувлари, маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш ва аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш чораларини кўриш белгиланган. Шу йилнинг ўтган даврида 737 та маҳаллада 756 та тиббий кўрик ташкил этилиб, 266 мингдан ортиқ фуқароларнинг саломатлиги теширилди. 5 минг 865 кишини ордер асосида шифохона ва амбулатор шароитда даволаш чоаралари кўрилди. 1 минг 464 нафар фуқаро санаторийга ва 1 минг 542 нафари  ногиронликни белгилаш учун тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияларига йўллантирилган.

– Президент Халқ қабулхонасидан миннатдормиз. Бугун давлат идоралари чинакамига халқимизга камарбаста бўлмоқда, – дейди Учқўрғон туманидаги Ёғду маҳалласида истиқомат қилувчи иккинчи гуруҳ ногирони Н. Насриддинова. – Тиббий кўрикда менда касаллик аниқланди. Мурожаатим эътиборга олиниб пойтахтимиздаги Республика травматология ортопедия илмий текшириш институтига даволаниш  учун ордер  берилди.

Халқ қабулхоналари уйма-уй юриш орқали аниқланган  муаммолар, жумладан ичимлик сув ва ички йўллар билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга ҳам алоҳида эътибор қартмоқда. Масалан, Президентнинг Наманган тумани Халқ қабулхонаси ва туман прокурори масъул иккинчи сектор ҳамкорлигида ўтган йилнинг ўзида ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш борасида олиб борилган амалий ишлар натижасида Намуна маҳалласида 5,3 километр узунликдаги ичимлик сув тармоғи тортилди. 160 та хонадоннинг ичимлик сув таъминоти яхшиланди. Шунингдек, Мингбулоқ туманидаги Маданият маҳалласининг “Кичик қораянтоқ” кўчаси, 21-уйда яшовчи фуқаро Р. Худойбердиеванинг туман Халқ қабулхонасига ва сайёр қабулда яшаш ҳудудидаги кўчани шағаллаштириш масаласидаги мурожаати ўрганилиб, иккинчи сектор раҳбари ташаббуси билан 850 метр ички йўлларга  шағал ётқизилди.

Жойларда халқ билан мулоқот ва “Маҳаллабай” ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал этиш мақсадида Президентнинг Намангандаги Халқ қабулхоналари, сектор раҳбарлари ва ҳоким ёрдамчилари томонидан ҳудудларда сайёр қабуллар ўтказилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган 3 минг 227 та сайёр қабулда 

16 минг 618 та мурожаат келиб тушган. Шундан 9 минг 82 таси қаноатлантирилган. Ўтган даврда Халқ қабулхоналари томонидан Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига 184 та ахборот киритилиб, 357 маротаба сектор ва ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботлари эшитилган. 80 нафар ана шундай мансабдорга огоҳлантириш ва 14 нафар масъул ходимга ҳайфсан берилган. Давлат ва хўжалик бошқаруви идораларига эса 239 та тақдимнома ва 73 та таклиф киритилган.  309 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган. Улардан  

72 нафарига огоҳлантириш, 160 нафарига ҳайфсан, 22 нафарига жарима, 9 нафари вазифасидан озод этилган ҳолда 46 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган.

Президент Халқ қабулхоналари томонидан одамларнинг дарду ташвишларини эшитиш ва уларни ҳал этиш орқали жойлардаги долзарб муаммоларнинг самарали ечими топилмоқда. Демакки, бугун Халқ қабулхоналари фаолиятидан аҳоли мамнун.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар