Аввал хабар берганимиздек, давлатимиз раҳбари топшириғига биноан Фарғона вилоятининг Бешариқ, Андижон вилоятининг Асака туманларида 24 та вазирлик ва идоралар раҳбарларидан таркиб топган ишчи гуруҳи фаолият олиб бормоқда.
Гуруҳ вакилларининг аҳоли билан юзма-юз мулоқотида оддий одамларни узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган муаммолар юзага чиқмоқда. Ўз навбатида ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва ҳамюртларимиз турмуш шароитини яхшилашга халал бераётган масалаларнинг ижобий ечими юзасидан саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётир. Жумладан, Асака туманидаги «Марказ», «Озод» ва «Кужган» МФЙда ички йўлларни таъмирлаш ишларига киришилган. Бунинг учун 10 дан ортиқ транспорт воситалари жалб этилиб, кўчаларни шағаллаш бошлаб юборилди.
— Куз-қиш мавсуми келди дегунча, ички йўлларимизнинг абгор аҳволи дилимизга ғулғула солади, - дейди «Кужган» МФЙда истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Абдусаттор Олимов. — Ишчи гуруҳи вакиллари хонадонимизга келиб, муаммоларимиз ҳақида сўраганида шу масалада ёрдам беришларини сўрадик. Мана, бир зумда бошланган амалий ишларни кўриб, хурсанд бўляпмиз!
Андижон вилоятида эски электр симёғочларини темир-бетон таянчларга алмаштириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар рўёбга чиқарилаётганига қарамай, айрим ҳудудларда бу масалада аҳолини ташвишга солиб келаётган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Масалан, Асаканинг қатор маҳаллаларидаги эски симёғочлар ҳамон кўзга хунук кўриниб турибди.
— Ҳозирда «Марказ», «Обод», «Қипчоқ», «Арғин», «Юқори бўз», «Байналминал» маҳаллаларида эски симёғочларни янгисига алмаштириш ишлари олиб бориляпти, - дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Андижон филиали ходими Мухлиса Собирова. — Қолаверса, таъминотдаги узилишларга барҳам беришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Шу ўринда айтиш керак, электр энергияси таъминотидаги барқарорликка эришиш учун истеъмолчиларнинг ҳам иштироки муҳимдир. Боиси, жойларда электр энергиясидан манфаатсиз фойдаланиш, заруратдан ортиқ истеъмол қилиш, ноқонуний уланиш каби ҳолатлар йўқ эмас. Хонадонларда бўлганимизда бу борадаги тушунтириш ишларига урғу беряпмиз.
Асака тумани Андижон вилоятидаги ичимлик суви таъминоти энг оғир ҳудуд ҳисобланади. Аҳамиятлиси, айни дамда ҳудуддаги «Отиш», «Кужган» МФЙ ва «Наврўз» массивидаги сув иншоотларида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари тез орада обиҳаёт таъминотини бир қадар яхшилайди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади? Сув таъминотидаги муаммоларнинг юзага келишига сабаб нима?
— Оддий мисол, «Наврўз» массивидаги сув тўплаш иншооти 2005 йилда барпо этилган бўлиб, ўша пайтда Асака шаҳрининг 50 фоиз қисмини ичимлик суви билан таъминлаган, - дейди «Андижон сув таъминоти» МЧЖнинг туман филиали бош муҳандиси Ботиржон Тешабоев. — Бугунги кунга келиб чекка маҳаллалар у ёқда турсин, туман марказидаги 77 та кўп қаватли уйда ҳам ичимлик суви таъминоти қониқарли эмас. Бунга аҳоли ва ижтимоий объектлар сонининг ортиши, шаҳар ҳудудининг кенгайиши сабаб бўлмоқда. Шу боис тумандаги мавжуд сув қудуқлари ва иншоотларни тўлиқ ишга тушириш, имкониятини ошириш устида ишламоқдамиз. Бироқ бу билан муаммо юз фоиз ҳал бўлиб қолмайди. Шу сабаб ҳозирча аҳолини белгиланган соатлардагина ичимлик суви билан таъминлаш чорасини қўллаш мумкин.
Халқимиз излаган имкон топади, деб бежиз айтмайди. Шуниси аниқки, юқорида келтирганимиз республика ишчи гуруҳи фаолияти ана шу имкониятларни ишга солишга туртки бермоқда.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |