Давлатимиз раҳбари 2022 йил 23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берган топшириқлари асосида мамлакатимизнинг вилоятлари Оролбўйининг ҳар бир шаҳар ва туманига бириктирилди.
Наманган вилояти Қораўзак туманига бириктирилган бўлиб, ҳудудни ривожлантириш мақсадида 35 банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланди. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун дастлабки ҳисоб-китобларга асосан жами 1 триллион сўм, шундан маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан – 21,3 миллиард сўм, ирригация ва мелиорация тадбирлари учун ташаббускорлар маблағи – 164,8 миллиард сўм, ҳомийлик маблағи ҳисобидан – 2,5 миллиард сўм, банк кредити ва ўз маблағи ҳисобидан – 815,5 миллиард сўм йўналтириш бўйича дастлабки ҳисоб-китоблар ишлаб чиқилди.
Шундан ўтган қисқа вақт мобайнида маҳаллий бюджет ҳисобидан 10,1 миллиард сўм, ташаббускор маблағлари ҳисобидан 7,8 миллиард сўм, ҳомийлик маблағи ҳисобидан 3 миллиард сўм, жами 20,9 миллиард сўм молиялаштирилди. Натижада “Йўл харитаси”га киритилган топшириқлардан 29 тасининг ижроси таъминланди, 1 таси бажарилмоқда, 5 та топшириқни бажариш чоралари кўриляпти.
Хусусан, “Қуралпа” овул фуқаролар йиғинида 14,1 километр ички йўл таъмирланди, “Қораўзак” ҳамда “Маданият” овул фуқаролар йиғинларида пиёдалар йўлаги текисланди, “Қойбак”, “Қораўзак” овул фуқаролар йиғинларида тунги ёритгичлар ўрнатилди. Бундан ташқари, туман маркази – “Ғарезсизлик гузари” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Амангул Қалимбетова ва Роза Турдиеванинг уй-жойларини таъмирлаб бериш, туман ҳудудидаги 10148 гектар ер майдонларини фойдаланишга киритиш ишлари амалга оширилди.
Жумладан, 7 та лойиҳа ташаббускорлари томонидан 1000 гектар ер майдони ўзлаштирилиб, 48 километр ирригация-мелиорация тармоғи реконструкция қилинди ҳамда 30 гектар ер майдони шудгорланди. Туманда 130 минг туп терак кўчати ва 5 минг туп манзарали кўчат экилди.
Қораўзак туманини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш мақсадида қиймати 727,9 миллиард сўмни ташкил этган 24 та лойиҳанинг манзилли рўйхати шакллантирилди. Мазкур лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 1230 та янги иш ўрни яратилади.
Тумандаги 13 та шаҳарча ва овул фуқаролар йиғинига Наманган вилоятининг шаҳар ва туманлари бириктирилган. Ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли бандлигини таъминлаш, кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президент Администрациясининг топшириғи билан қиймати 2,1 миллиард сўм бўлган турли ўлчамдаги сув сақлаш сиғимлари, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ҳамда текстиль маҳсулотлари туманнинг ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларига бепул етказиб берилди.
– Ҳудудимизга вилоятнинг Поп тумани бириктирилган бўлиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга яқиндан ёрдам бермоқда, – дейди “Ак. С.Камалов” овул фуқаролар йиғини раиси Женис Бекбаулиев, – Наманганлик дўстларимизнинг ҳар бир ташрифи дўстлик байрамига айланади. Маиший хизмат кўрсатиш контейнерларининг ўрнатилиши натижасида аҳолига сартарошхона, аёллар гўзаллик салони, тикувчилик цехи, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчалари ишга туширилди. Овул ёшларининг бандлиги таъминланди. Долзарб муаммолардан бири чекка ҳудудлар аҳолисини ичимлик сув билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. “Ирғақли” ҳамда “Қоракўл” аҳоли пунктларига наманганликларнинг беминнат ёрдами билан мини ЭКОС қуриб берилди. Натижада 100 нафарга яқин аҳоли тоза ичимлик сув билан таъминланди. Шунингдек, 47 та босма кран қурилди. Аҳолининг ўзини-ўзи банд қилиши учун 78 хонадоннинг ҳар бирига 20-30 бошдан парранда, маиший техникалар, шунингдек, ёшларнинг даромадга эга бўлиши учун тикув машиналари, компьютер жамланмалари тақдим этилди. Бундан ташқари, ҳудудимиздаги умумтаълим мактабларига, мактабгача таълим ташкилотларига ўқув жиҳозлари, компьютерлар, бадиий адабиётлар, спорт анжомлари топширилди. Бундай ёрдамдан овул аҳолиси жуда ҳам хурсанд.
Яқинда Поп тумани делегацияси овулга яна келди. Ҳудуддаги моддий кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд оилаларнинг хонадонларида бўлди. Ойгул ая Юсупбекова меҳмонлар билан суҳбатлашди, қувонч кўз ёшларини яшира олмади, шу кунларга етгани учун шукрона айтди. 75 ёшни қаршилаган онахон юрт тинчлигини сўраб, қўлларини дуога очди.
Маълумки, Наманганда текстиль, енгил саноат яхши ривожланган. Ҳозирда ўн мингдан ортиқ бўш иш ўринлари мавжуд. Режага кўра, вилоятнинг ҳар бир ҳудудига 100 нафардан ёш сафарбар этилиб, шу орқали 1400 нафарга яқин қораўзакликларнинг бандлиги таъминланади. Қорақалпоғистон Республикасидан жами 60 нафар, шундан Қораўзак туманидан 20 нафар ишбилармонлик соҳаси вакиллари Наманган вилоятида фаолият кўрсатаётган кичик саноат зоналари фаолияти билан таништирилди.
Қораўзак агро-иқтисодиёт коллежининг бўш турган биноси ўрнида қиймати 4,3 миллиард сўмлик тикувчилик корхонаси фойдаланишга топширилди. “Namangan-Qorao’zak tekstil” масъулияти чекланган жамияти давлат рўйхатидан ўтказилиб, янги иш ўринлари яратилди.
– Янги корхонанинг фаолият бошлаши билан уйда ишсиз ўтирган 60 нафарга яқин хотин-қиз иш билан таъминланди, – дейди иш юритувчи Дилбар Камалова. –Корхонамизга Хитой Халқ Республикасидан олиб келинган замонавий ускуналар ўрнатилган. Ҳозирги вақтда тикувчиларимиз томонидан 4-5 хилдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Яқин кунларда ушбу маҳсулотларни Россия Федерациясига экспортга чиқариш режалаштирилган. Ходимлар учун барча шароитлар яратилган. Зарур хом ашёлар вақтида етказиляпти.
Бундан ташқари, тумандаги 10 нафар хотин-қизга 50 миллион сўмлик тикув машинаси олиб берилиб, уларнинг бандлиги таъминланди.
– Овул фуқаролар йиғинларининг ижтимоий инфратузилмасини янада яхшилаш, аҳоли бандлиги, уларнинг муносиб турмуш шароитини таъминлаш мақсадида наманганликлар билан ҳамкорликда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Қораўзак тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Махамаддин Гулимбетов. – Жорий йилнинг март ойида барча маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида қиймати 1,9 миллиард сўмлик 13 та маиший сервис хизмат кўрсатиш (сартарошхона, чевархона, автотех хизмат кўрсатиш) имкониятларини ўз ичига олган контейнерлар етказилиб, белгиланган жойларга ўрнатиб берилди. Натижада чекка ҳудудлар аҳолиси эндиликда туман марказига келиб юрмасдан, ўзларининг ҳудудида маиший хизмат турларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Шунинг натижасида янги иш ўринлари яратилди. Бу ҳар томонлама фойдали. Туманнинг Бердақ, “Ак.С.Камалов”, “Қуралпа”, “Маданият”, “Қораўзак”, “Есимўзак” овул фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида 10 та мини ЭКОС барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Айниқса, жойларда кексаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тумандаги барча фуқаролар йиғинларига 2 минг дона китоб совға қилинди.
– Наманган вилоятининг жарроҳ, эндокринолог, онколог, кардиолог ҳамда болалар невропатологи каби тор мутахассисликдаги шифокорлари аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди, – дейди Қораўзак тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Зарипбай Байниязов. – Республика шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш илмий маркази Наманган филиалидан тиббиёт фанлари номзоди Равшанбек Темиров бошчилигидаги шифокорлар тумандаги кўп тармоқли поликлиникага, оилавий поликлиникаларга, оилавий шифокорлик пунктларига бориб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди. Уларга зарур муолажалар буюрилиб, тегишли маслаҳатлар берилди. 20 нафар туғма юрак нуқсонига гумон қилинган бемор ҳам тиббий кўрикдан ўтказилиб, шундан 2 нафар беморга Наманган вилоят кардиология марказида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Вилоят ҳокимлиги томонидан туман тиббиёт муассасаларига 998,5 миллион сўмлик тиббиёт асбоб-ускуналари етказиб берилди. Жумладан, терапия ва болалар бўлимларига 10 дона небулайзер, туғруқ бўлимига 1 дона кювез, 1 дона неонатал монитор, беморлар учун 3 дона монитор, 1 дона гематологик анализатор, қишлоқ оилавий поликлиникалари учун 4 дона ЭКГ аппарати, болалар бўлими учун 10 дона ётоқ жиҳози топширилди.
Жорий йил ноябрь ойида наманганлик шифокорлар туман кўп тармоқли поликлиникаси, энг чекка ҳудудда жойлашган “Қойбақ” овул фуқаролар йиғинида бўлиб, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди. Тиббий кўрик натижаларига кўра, 9 нафар фуқаро туманда стационар шароитда, 6 нафари Наманган вилоятининг даволаш муассасаларида даволанадиган бўлди. Ушбу муассасада стационар шароитда даволанаётган беморларга совғалар топширилди.
Тумандаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқувчилар билан тарбияланувчиларга етарли шарт-шароит яратиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, 33 та умумтаълим мактабига инвентарлар (электрон доскалар, видеопроектор, адабий китоблар) ҳамда 313,8 миллион сўмлик 3 турдаги (рубоб, доира, дутор) 198 дона мусиқа чолғу асбоби, “Есим”, “Қуралпа”, “Ата макан” ва “Қутли макан” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларидаги мактабгача таълим ташкилотлари 560 миллион сўмлик инвентар билан таъминланиб, Наманган вилояти ҳокимининг 2022 йил 29 августдаги фармойишига асосан 6 та мактабгача таълим ташкилотига сув тозалаш фильтри ўрнатилди. Туманнинг юз нафар мактаб ўқувчиси таътил даврида Косонсой тумани “Соҳил” болалар соғломлаштириш оромгоҳида дам олиб қайтди.
– “Самат”, “Тознинг овули”, “Қорамойин” ҳамда “Богежейли” аҳоли пунктларида истиқомат қилувчи 56 та хонадон фарзандлари учун мактабгача таълим ташкилотини қуриш муаммо бўлиб келаётган эди, – дейди “Қораўзак” овул фуқаролар йиғини раиси Жеткербай Атаниязов. – Уйчи тумани раҳбарларидан амалий ёрдам сўрадик. Уларнинг ёрдами билан 80 ўринли мактабгача таълим ташкилоти биносининг қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Яқин кунларда фойдаланишга топширилади. Бундан ташқари, 82 та хонадонга турли кўринишдаги ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.
Тумандаги ёшлар етакчилари билан биргаликда маҳалла ёшларининг бўш вақтини мароқли ўтказиш, уларни санъат, спорт, ахборот технологиялари ҳамда китобхонлик йўналишларига жалб қилиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туман ёшлари ўртасида мини футбол ва стол тенниси бўйича Наманган вилояти ҳокими кубоги учун мусобақалар ҳамда 5000 қадам юриш марафони ўтказилиб, ғолиблар муносиб тақдирланди.
Вилоят ҳокимлигининг амалий ёрдами билан амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари Оролбўйининг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланган Қораўзак тумани аҳолисининг турмуш тарзини янада яхшилаш, бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш, энг муҳими бугунги кундан рози бўлиб яшашларига хизмат қилмоқда.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |