Бугун Фарғона вилоятидаги аксарият маҳаллада тонглар қизғин бунёдкорлик ишлари билан бошланяпти: вилоят қишлоқ-маҳаллаларининг 374 тасида ички йўллар асфальтлаштирилиб, 229 тасида ичимлик суви ва оқова сув таъминоти бунёд этилаётган бўлса, 47 та ҳудуднинг электр таъминоти яхшиланяпти. Қишлоқ-маҳаллаларнинг аксарияти иқтисодий-ижтимоий аҳволи энг оғир ҳудудлардир.
Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Фарғона вилоятидаги энг оғир-мураккаб ҳудудлардаги фаолияти билан дастурлар ижроси жадаллаштириляпти. Маҳаллаларда, хонадонларда кечаётган сайёр қабулларда янги-янги тизимли масалалар ечими топиляпти. Дарҳақиқат, халқ билан мулоқотнинг «Оққўрғон тажрибаси» бугун Фарғонанинг барча туман-шаҳрида бирдек татбиқ этиляпти.
Авваллари бир туманга белгиланган дастур асосида ўртача 5-6 км. ички йўлларни асфальтлаш учун маблағ ажратилган бўлса, бугун биргина Қува туманидаги 29 та маҳаллада бир пайтнинг ўзида 192 км.дан ортиқ йўлларни асфальтлаш ишлари кетяпти.
Бу – Қувада жорий йилда 38 баравар кўп ички йўллар асфальт қилиняпти, дегани. Биргина «Акбаробод» маҳалласида 5 км. йўл асфальтланишига гувоҳ бўлиб, аҳоли билан сўзлашар эканмиз, қуваликлар бир иборани тез-тез тилга олишди: «Бу кунларни 30 йил кутдик...».
Эътиборлиси, битта тизимли масала ҳал қилиниши – Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган юзлаб-минглаб мурожаатларга ҳам ечим топилди, деганидир. Айтайлик, Қуванинг «Намуна» маҳалласидаги 3 км. йўлга бетон қопланаётгани билан ҳудуддаги 2 мингдан зиёд аҳолини ўйлантирган энг асосий муаммо ҳал қилиняпти ёки Тошлоқнинг «Тоғлиқ» ва «Конизар» маҳаллаларидаги 14,2 км. йўл асфальтлаштирилиши билан қарийб 8 минг нафар аҳолининг узоғи яқин, йўли равон бўляпти.
Марғилонда ҳам бунёдкорлик ишлари авжида. Шаҳарнинг биргина «Янгибоғ» маҳалласида 1,5 км. ичимлик суви ва 700 метр оқова сув тармоғи бунёд этилиши билан ҳудуддаги қарийб 6 минг 250 нафар аҳоли тўлиқ оби ҳаёт билан таъминланади.
Қўштепа туманида эса бу йил 16 та маҳаллада 33,6 км. янги электр тармоғи қуриляпти. Бу 16 та маҳалладаги хонадонлар ҳам, уларда яшаётган минглаб инсонлар қалби ҳам чароғон бўлади, дегани ёки биргина «Деҳқонобод» маҳалласидаги 1,4 км. электр тармоғи тортилиши-ю 100 га яқин бетон таянчлар ва янги трансформатор ўрнатилиши билан 200 дан зиёд хонадоннинг электр таъминоти яхшиланади.
Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Фарғона вилоятидаги фаолияти давом этяпти.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |