Бухоро вилоятида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар қандай бормоқда, уларнинг самараcини одамлар ўз ҳаётида сезяптими? Ҳали ечимини кутаётган қандай муаммолар мавжуд? Бу Халқ депутатлари Ромитан туман кенгашининг сессияси муҳокамасига қўйилган бош масала бўлди.
Унда туманнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганган Республика ишчи гуруҳи аъзолари, Президент Администрацияси, вилоят ва туман ташкилотлари вакиллари, депутатлар, фуқароларнинг ўзини бошқариш органлари раислари ва бошқалар иштирок этди.
Республика ишчи гуруҳи томонидан тумандаги 45 та маҳаллада уйма-уй юриш ҳамда ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш давомида жами 5 минг 896 та муаммо аниқланган. Таҳлиллар кўрсатишича, уларнинг қарийб чорак қисми ичимлик сув масаласига оид. Шунингдек, бандлик, газ ва электр таъминоти, тиббий хизматдаги камчиликлар, ички йўллар ноободлиги одамларни кўпроқ безовта қилмоқда.
– Ҳа, камчиликлар талайгина ва оғриқли, – деди сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Н.Собиров. – Улар орасида ўз вақтида ва озгина эътибор қаратилса ҳал бўладиган масалалар ҳам бор. Ишчи гуруҳ аралашуви билан 768 та вакант иш ўрни аниқланди ҳамда 71 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди, 495 нафар фуқаро вақтинчалик ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. Бухоро тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари ва вилоят шифохоналарининг етакчи мутахассислари томонидан туманнинг чекка ҳудудларида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилди. Натижада турли касалликларга чалинган 556 нафар бемор аниқланди. Уларнинг 531 нафарига амбулатор, 35 нафарига стационар, 6 нафарига эса вилоят марказидаги шифохоналарда даволаниш учун йўлланма берилди. 17 нафар пенсионер ва ногиронга сиҳатгоҳда саломатлигини тиклаш имконияти яратилди. Ўрганишдан сўнг ўтган бир ой мобайнида муаммоларнинг қарийб 80 фоизи ечим топган.
Ишчи гуруҳ ҳал этилишини кутаётган кўплаб масалалар мавжудлигини аниқлаган. Масалан, ижтимоий ёрдамга ва уй-жойга муҳтож 62 та оила бор. Шу билан бирга, умумтаълим ва мактабгача таълим муассасаларида ҳам муаммолар учрайди. Айрим таълим муассасалари таъмирталаб, айниқса, 9 та умумтаълим мактаби спорт залига эга эмас. Шунингдек, тумандаги 21 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида мактабгача таълим муассасаси йўқ. Аҳволи ночор боғчалар ҳам анчагина. Қишлоқларда тиббиёт муассасалари жиддий эътиборга муҳтож. Чунончи, “Қўрғон” МФЙ ҳудудидаги қишлоқ врачлик пункти авария ҳолатида.
Тумандаги умумий узунлиги 1 минг 786 километр ички йўлларнинг 1 минг 250 километри таъмирталаблигича қолмоқда. Агар ишга жиддийроқ ёндашилса, камчиликларни бартараф этиш масаласида ўзгариш қилиш мумкин. Масалан, Республика ишчи гуруҳи ташаббуси ва туман ҳокимлиги саъй-ҳаракати билан ўн кун давомида Пулғўшак, Чортуғ қишлоқларидаги 3,5 километрлик ички йўллар текисланиб, шағал ётқизилди.
Сессияда бошқа соҳалардаги муаммолар ҳам муҳокама қилинди. Туман ҳудудида электр узатиш тармоқларидаги 1000 дан зиёд эскирган ёғоч таянчлар темир-бетон таянчларга алмаштириш хавфсизлик нуқтаи назаридан муҳимлиги, ҳудуд аҳолисининг атиги 32,7 фоизи ичимлик сув билан таъминлангани, 4 та сув сақлаш минораси ишчи ҳолатини йўқотгани сабаб янгидан қайта қуриш лозимлиги, бунинг устига сув қувурларининг 87,6 километри таъмирталаб эканига эътибор қаратилди.
Тадбирда “Обод қишлоқ” дастури ижроси, кўп қаватли уйлар ҳолати, қабристонларда ободонлаштириш ишларидаги камчиликлар, туманнинг олис ҳудудлари – Газли шаҳри ва “Қизилравот” маҳалла фуқаролар йиғинини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда юз бераётган муаммолар ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидлаш керакки, тилга олинган муаммолар ўқувчини туманда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда айтарли иш қилинмаган экан, деган хулосага ундамаслиги керак. Ҳудудда сезиларли ўзгаришлар бор. Буни Ромитанга келган киши сезиши мумкин. Лекин, бошқа жойларда бўлгани каби ҳудудда ҳам тўпланиб қолган муаммолар етарли. Сессияда таъкидланганидек, уларни яширмаслик, хаспўшламаслик, балки ҳал қилишга янгича ёндашиш, ечимини топиш лозим. Катта маблағ талаб этилмайдиган масалаларни улар катта муаммога айланмасидан олдин бартараф этиш, бефарқ бўлмаслик, бу борада айниқса, туман кенгаши депутатлари, маҳалла фуқаролари йиғинлари, умуман, барча фаол бўлиши керак.
Тадбирда туман ҳокими Б.Ҳалимов ва соҳа мутасаддилари ечимини кутаётган масалалар юзасидан ўз таклифларини билдирди.
Сессияда ўрганишлар давомида аниқланган ҳамда маълум вақт ва маблағ талаб этиладиган, хусусан, ичимлик суви, йўлларни таъмирлаш, таълим ва тиббиёт муассасалари, шунингдек, бошқа соҳалардаги ўта долзарб масалалар бўйича ҳар бир секторнинг “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиши таъкидланди. Унда ҳудуд, вилоят ва республика миқёсида ҳал этиладиган ишларнинг аниқ муддати ва молиялаштириш манбалари кўрсатилади.
Республика ишчи гуруҳи томонидан аниқланган масалалар барча шаҳар ва туманларда маҳаллий кенгашлар сессияларида муҳокама қилинди.
Эркин Ёдгоров, ЎзА
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |