Тошкент вилоятида Ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий аҳволни ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш натижалари муҳокамасига бағишланган халқ депутатлари Тошкент туман Кенгашининг сессияси ўтказилди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ҳокимияти органлари, тегишли вазирликлар, идоралар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Тошкент туманида 200125 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, аҳолини ўйлантираётган муаммолар асосан инфратузилма ҳамда коммунал хизмат кўрсатиш билан боғлиқ. Хусусан, туманда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш долзарб ҳисобланмоқда. Сессияда қайд этилганидек, маҳаллий аҳолининг 68% ичимлик суви билан таъминланган.
Тумандаги 125,7 км ичимлик суви тармоқларидан 71% яроқлилик муддати ўтган бўлганлиги боис оби-ҳаётнинг 20-25% исроф бўлаётганлиги таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 октябрдаги қарорига кўра, 2017-2018 йилларда туманда ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича белгиланган вазифаларнинг 50% амалга оширилган, холос, натижада тизимли муаммолар ҳал этилмаган.
Хусусан, Қибрай туманининг Қодирия сув иншоотидан Чиноз туманигача ичимлик суви тармоқларини тортиш орқали Тошкент тумани аҳолисини тўлиқ таъминлаш белгиланган бўлсада, бу борадаги ишлар бугунги кунгача бошланмаган. Шу муносабат билан сессияда белгиланган вазифалар ижро этилмаслигига олиб келган муаммолар таҳлил қилинди. Объектив сабаблар қаторида сув таъминоти тизимларини барпо этиш ва улардан фойдаланиш бўйича меъёрий ва техник ҳужжатлар замон талабига жавоб бермаслиги, бундай тизимларни лойиҳалаштириш, ривожлантириш ва самарали ишлатишни ташкил этишга янги ёндашувлар зарурлиги таъкидланди.
Соҳалар кесимидаги таҳлилларда энг кўп муаммолар кўча йўлларини таъмирлаш, газ ва электр таъминоти йўналишида эканлиги аниқланди. Бундан ташқари, аҳоли томонидан соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим, бандлик ва халқ таълими билан боғлиқ мурожаатлар қилинган.
Аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан Республика ишчи гуруҳи ташаббуси билан бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Сағбон” маҳалласи Огаҳий кўчасида яроқлилик муддати ўтганлиги сабабли кўп йиллардан буён муаммо бўлган 700 метр узунликдаги ичимлик суви қувурлари янгиланиб, Олтинобод маҳалласида газ қувурлари тортилди. Бир қатор фуқарлар йиғинларида кам таъминланган оилалар электр таъминотига уланган ҳолда, янги ҳисоблагичлар бепул ўрнатилди. Шунингдек туманнинг марказдан олис ҳудудларида тижорат транспорти қатнови йўлга қўйилди.
Сессия кун тартиби доирасида тумандаги жами 250 та бўш турган обьектлардан фойдаланишни йўлга қўйиш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди. Таъкидланганидек, хатлов натижасида уларнинг катта қисми аввал хусусийлаштирилган, салмоқли қисми давлат мулки объектлари, шунингдек давлат улуши бор ташкилотларга тегишли эканлиги маълум бўлди. Бу борада юқори турувчи ташкилоти мавжуд бўш турган обьектларни фаолиятини тиклаш чораларини кўриш ёки туман хокимлиги балансига топшириш масласини кўриб чиқиш тўғрисида мурожаат хатлари юборилган. Давлат рақобат қўмитаси томонидан 165 та обьектларга сўровномалар берилган бўлиб, 47 тасида жами 10,6 млрд.сўм инвестиция киритиб, 329 та янги иш ўринлари яратиш бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқилди. Улар саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишида қатор лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутади.
Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича режалаштирилган барча чора-тадбирларнинг ўз вақтида амалга оширилиши учун маҳаллий бюджет, бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари билан бир қаторда тумандаги корхоналар ва бизнес субъектлари маблағларидан ҳам фойдаланиш, бунда ресурсларнинг мақсадли ва оқилона сарфланиши устидан назоратни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2018 йил 13 августдаги Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишни назарда тутадиган қарори ижросини ҳам кўриб чиқди.
Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н. Йўлдошев иштирок этди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |