Президент Шавкат Мирзиёев 29 август куни Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари, турли соҳаларда ишга туширилаётган янги объектлар билан танишди.
Мустақиллик халқимизга эркинлик, рўшнолик олиб келганидек, ҳар йили бу айёмда яхшилигу янгиликлар кўп бўлади. Бу йил ҳам барча ҳудудларда иқтисодий-ижтимоий иншоотлар ишга туширилмоқда.
Улуғ айём олдидан давлатимиз раҳбари пойтахтимиздаги ана шундай бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Президентнинг 2022 йил 27 апрелдаги божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир фармонида соҳани рақамли трансформация қилиш, хизматлар сифати ва тезкорлигини ошириш чора-тадбирлари белгиланган эди. Жумладан, шу мақсадда Божхона қўмитасида Божхона расмийлаштируви маркази барпо этилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу мажмуани бориб кўрди.
Бу ерда Маълумотларни қайта ишлаш маркази, Масофавий электрон декларациялаш пости, “Call-марказ”, Таргетлаш ва хавфларни бошқариш бўлимлари ташкил этилган. Ахборот тизими хорижий давлатлар, мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, ташқи иқтисодий фаолият вакиллари, авиакомпаниялар маълумотлари билан интеграция қилинган. Ишни ташкил этишда тадбиркорларнинг таклифлари ҳам инобатга олинган.
Маълумотларни қайта ишлаш маркази амалдаги захирага нисбатан ўн баробар катта ҳажмли замонавий серверлар, компьютер ва бошқа зарур ускуналар билан жиҳозланган. Бу алоқа каналлари тезлигини 5 баробарга ошириш ва расмийлаштирув вақтини 2 баробарга қисқартиришни таъминлайди. Бутун тизим киберҳужумлардан ҳимояланган.
Масофавий электрон декларациялаш постида дастлабки босқичда Тошкент шаҳри тадбиркорлари масофадан туриб юборадиган божхона юк декларацияларини тезкорлик билан расмийлаштириш йўлга қўйилди. Кейинчалик бу билан республикадаги барча расмийлаштирув жараёнларини қамраб олиш режалаштирилган.
“Call-марказ”да божхона органларининг 11-08 ишонч телефони ҳамда қўмита веб-сайти орқали келиб тушаётган мурожаатларга жавоб берилади.
Таргетлаш ва хавфларни бошқариш бўлими Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорликда, ривожланган давлатлар тажрибаси асосида очилган. Бу ерда тезкор тузилмалар томонидан божхонанинг 50 та, Жаҳон божхона ташкилотининг 3 та ахборот дастури, 30 дан ортиқ идоралар ва хорижий божхоналарнинг маълумотлари таҳлил қилиниб, хавф-хатарлар баҳоланади ва барча божхона постлари фаолияти масофадан бошқарилади.
Марказий божхона лабораторияси ҳам экспертиза жараёнларини қисқартириш ва аниқлигини оширишга қаратилган илғор ускуналар билан жиҳозланди.
Умуман, Президент фармони асосида соҳа рақамлаштирилиши натижасида божхона расмийлаштируви вақти ўртача 2 баробарга қисқарди. Масалан, шу вақт экспорт йўналишида 2017 йилда 5 соат 42 дақиқа эди, 2023 йилда 30 дақиқани ташкил этмоқда.
Импорт товарларининг 80 фоизи ва экспорт товарларининг 89 фоизи соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилмоқда. Божхона юк декларацияларини сунъий интеллект ёрдамида автоматик расмийлаштириш ҳажми ҳам оширилмоқда.
– Бу шароитлар, натижалар, албатта, одамни қувонтиради. Лекин рақамлаштириш шундай жараёнки, бир жойда чекланиб қолмайди. Соҳада қилинган ишлардан кўра, қилиниши керак бўлган вазифалар кўп. Шунинг учун қулайликларни мунтазам ошириб бориш зарур. Тизим фаолиятига тадбиркорлар баҳо бериши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Импорт таркибининг таҳлили асосида маҳаллий тадбиркорларга таклиф бериш, божхона ҳудудида қайта ишлашни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Ходимларнинг моддий-ижтимоий шароитларини яхшилаб, тизимни коррупциядан холи соҳага айлантириш вазифаси қўйилди.
Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида иккита йирик шифо маскани – Миллий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт маркази барпо этилди.
Давлатимиз раҳбари 2020 йил ноябрда уларнинг қурилишини келиб кўрган, бу ерда қандай имкониятлар бўлиши лозимлиги ҳақида кўрсатмалар берган эди. Муассасалардаги бугунги замонавий шароит ва иш тартиби шунинг амалий ижроси, дейиш мумкин.
Шифо маскани ҳудуди тўрт гектардан ортиқ. Жами бир ярим минг квадрат метр майдонга эга еттита бино барпо этилган. Қурилиш ва жиҳозлашда хорижнинг илғор тажрибасига таянилган. Шу боис архитектураси мукаммал. Шошилинч ёрдам, реанимация, инфекцияли ҳолатлар – барчаси инобатга олинган.
Миллий тиббиёт маркази, бошқа шифохоналардан фарқли равишда, универсал бўлади. Бу ерда жарроҳлик, урология, трансплантология, травматология-ортопедия, гинекология, кардиохирургия, нефрология, кардиология, эндокринология, кардиоревматология, стоматология ва бошқа бўлимлар ташкил этилган. Жами 169 турдаги мингтадан кўп илғор тиббий асбоб-ускуналар ўрнатилган.
Марказ беш юз ўринга мўлжалланган. Амбулатор ва стационар тартибда икки юздан ортиқ тиббий хизмат кўрсатилади. Йилига уч мингдан зиёд, жумладан, аорта-коронар шунтлаш, эстетик-пластик хирургия, артропластика, орган ва тўқималарни кўчириб ўтказиш каби юқори технологик жарроҳлик амалиётларини бажариш қуввати мавжуд. Марказда мамлакатимизнинг олис ҳудудларидаги беморларга масофадан ташхис қўйиш, даволаш имконияти яратилмоқда.
Муассаса фаолиятида Германия, Туркия, Жанубий Корея каби давлатларнинг етакчи клиникалари билан ҳамкорлик қилинади. Чет эллик шифокорлар, ўзимизнинг хорижда малака оширган мутахассисларимиздан иборат жамоа – 250 нафар шифокор, 500 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият олиб боради.
Бундай имкониятларга эга марказ мамлакатимизда биринчиси. Қорақалпоғистон ва вилоятларда фаолият юритаётган кўп тармоқли клиникалар у билан боғланади.
Президент мажмуа ҳудудидаги Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам бўлди.
Бу марказ мазкур касалликларни даволаш билан бирга мамлакатимизда оториноларингология йўналишидаги ишларни мувофиқлаштиради. Бу ерда “Юқори нафас йўллари аъзолари физиологияси ва патологияси”, “Эшитиш ва мувозанат аъзолари физиологияси ва патологияси”, “Фониатрия ва ронхопатия” илмий лабораториялари ташкил этилди. Симуляцион амалий лаборатория, жарроҳлик хоналари ва 60 та ўрин-жойлар замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди.
Давлатимиз раҳбари ушбу марказлардаги қулайликлар билан танишди, шифокорлар билан суҳбатлашди. Соҳа масъуллари билан мулоқотда ушбу марказлар ёнида хорижий тиббиёт институти ташкил этиш, кадрлар малакасини ошириш, касалликлар профилактикасини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев янгиланган Республика болалар кутубхонасини бориб кўрди.
Давлатимиз раҳбари фаолиятининг илк кунларидан ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. 2017 йилда китоблар нашр этишни ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш бўйича Президент фармойиши қабул қилинган эди. Китобхонларни рағбатлантириш йўлга қўйилди.
Бу сиёсатнинг яна бир ифодаси сифатида яқинда Республика болалар кутубхонаси янгиланди.
1907 йилда қурилган тарихий бино реставрация қилиниб, замонавий жиҳозланди. Бугун муассаса ҳар жиҳатдан қулай, шинам ва ёруғ. Энди у нафақат болалар, балки катталарнинг ҳам севимли масканига айланмоқда.
Кутубхона ўзбек ва жаҳон болалар адабиётига оид 180 минг китоб фондига эга. Замонавий ахборот технологияларидан фойдаланилаётгани ходимлар ишини енгиллаштириб, китобхон болаларга қўшимча қулайлик яратган. Жумладан, ташриф буюрувчилар махсус ID-карта олади. У орқали китобхонларни рўйхатга олиш, китоб олиш ва топшириш жараёнлари электрон тарзда ташкил этилади.
Электрон кутубхонани ривожлантириш, видео ва аудио ресурслар фондини бойитиш, фойдали веб-контентлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аудио китобларни тинглаш хонаси ташкил этилган.
Президент ушбу шароитларни кўздан кечирди, китоб ўқиётган ва чет тилларини ўрганаётган болалар билан мулоқотда бўлди.
Давлатимиз раҳбари кутубхонани мактаблар билан самарали боғлаб, 180 минг китоб фондидан уларни баҳраманд қилиш, бу ерга кўпроқ ёшларни жалб этиш зарурлигини таъкидлади.
Муассасада халқаро конференция, семинар ва бошқа тадбирларни ҳам бевосита, ҳам онлайн ўтказиш имкони яратилган. Ҳудуд ободонлаштирилиб, янги қиёфага кирган. Мўъжазгина амфитеатр ташкил этилган.
Кутубхонага автотранспорт ажратиш, янги китоблар сотиб олиш бўйича кўрсатма берилди.
Пойтахтимиз жамоат транспортида метрополитеннинг ўрни жуда катта. Унинг қамровини кенгайтириш мақсадида, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ерусти метроси вужудга келди.
Ўтган йилларда бу улкан лойиҳанинг биринчи босқичи ва Сергели йўналиши очилган эди. Жорий йилда иккинчи босқич – Қўйлиқдан Сергелигача бўлган ерусти метроси қуриб битказилди.
Президент ушбу транспорт иншоотини бориб кўрди, жамоатчилик вакиллари билан бирга метрода юрди.
– 2017 йилда бу лойиҳани бошлаганимизда ишонмаганлар ҳам бўлган эди. Мана, Худога шукур, ерости ва ерусти метро йўллари боғланиб, ҳалқага айланди. Тўғри, оғир бўлди. Лекин халқимизга хизмат қиладиган, тарихда қоладиган йўл бу. Одамларимиз, фарзандларимиз бунда юриб, давлатдан рози бўлса, ниятимизга етган бўламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мазкур иккинчи босқич доирасида 12 километр эстакада йўл ва 7 та бекат барпо этилган. Бу оралиқдаги қатнов вақти 15 дақиқани ташкил этади. Бир кунда 40 мингдан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатилади.
Умуман, бугун Тошкент метрополитенининг жами узунлиги 70 километрдан ошди. Шундан 38 километри 1977 йилдан кейин бунёд этилган бўлса, охирги 7 йилда 32 километр метро йўли қурилди. Бекатлар сони 50 тага етди. Метрода юрувчи кунлик йўловчилар сони 750 мингга етиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, жорий йилда пойтахтимизга мингта автобус олиб келинди. Натижада жамоат транспортидан кунига 1 миллион 400 минг нафаргача йўловчи фойдаланмоқда. Бу шахсий транспортларга эҳтиёжни, пировардида кўчаларда тирбандликни камайтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари Сергели туманидаги Янги Бунёдобод маҳалласида бўлиб, шароитларни кўздан кечирди.
Бу ерда 6 мингдан зиёд аҳоли яшайди. 13 та кўп қаватли уй, мактаб, болалар ва ўсмирлар спорт мактабида барча шароитлар яратилган. Маҳалланинг драйвери – хизмат кўрсатиш. Яқинда маиший хизмат шохобчалари, тикувчилик корхонасини ўз ичига олган иш маркази барпо этилди. Уларда маҳаллий ёшлар фойдали меҳнат билан банд.
Президент тикувчилик корхонасидаги аёллар билан суҳбатлашди. Унинг раҳбари аёллар тадбиркорлигига берилаётган имкониятлар туфайли янги ускуналар олган, фаолиятини кенгайтирган.
– Биз нима учун хотин-қизлар масаласига алоҳида эътибор қаратамиз? Чунки бу оилага, фарзандларимизга, келажак авлодларимизга эътибордир, – деди Шавкат Мирзиёев.
Фуқаролар йиғини биноси замонавий қиёфага эга. Бу ерда кутубхона, тил ўрганиш тўгараклари ҳам бор. Маҳалла ҳудуди ободонлаштирилган. Ўйин ва спорт майдончалари таъмирланган. Икки йилда маҳаллада биронта жиноят содир этилмаган.
Маҳалла раиси ва фаоллари билан суҳбатда ёшлар бандлигини таъминлаш, маданий тадбирлар ва мусобақалар ташкил этиб, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳақида сўз борди. Туман раҳбарларига ижтимоий аҳамиятли лойиҳаларни кўпайтириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича кўрсатмалар берилди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |