Сурхондарё вилоятининг олис Бойсун туманидаги Дуоба маҳалласида “Обод хонадон– обод кўча– обод маҳалла” дастури мезонлари жорий этилиб, одамларнинг муносиб турмуш кечириши учун барча шароит яратилаётир. Қурилиш–ободонлаштириш ишлари маҳалла қиёфасини тубдан ўзгартириб, аҳолининг фахр-ифтихор туйғусини янада юксалтирмоқда.
Дуоба –осмонўпар тоғлар бағридаги сўлим гўша. Бойсун тумани марказидан 35 километр олисда, денгиз сатҳидан икки минг метр баландликда жойлашган. Дуоба, Гумматак ва Қайроқ кичик қишлоқларидан иборат маҳалладаги 553 оилада 2 минг 500 дан ортиқ аҳоли яшайди.
Асрлар давомида зарур инфратузилмага эга бўлмаган тоғли қишлоқ одамлари йўлларнинг тор ва нотекислиги, баҳор фаслида сойларда сел келиши, таълим, тиббиёт каби ижтимоий соҳа муассасаларидаги ҳаминқадар шароитлардан, электр энергияси ва суюлтирилган газ таъминотидаги узилишлардан, қиш фаслида йўллар қор билан қопланиб, транспорт ҳаракати чекланишидан азият чекиб, яшаётган эди.
Президентимиз ғояси билан жорий этилган “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” дастури мамлакатимиз жанубидаги тоғли ва чекка қишлоқлар одамлари учун ҳам замонавий шароитлар яратишга хизмат қилиб, уларнинг турмуш даражасини ошираётгани қувонарлидир.
Олис ҳудудда махсус штаб ташкил этилиб, республика, вилоят ва тумандан мутасаддилар бириктирилди. Бажариладиган ишларнинг “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Шу асосда маҳалла ҳудудига олиб борувчи йўлда йирик ҳажмдаги таъмирлаш– ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Кўчалар ва ариқлар, турар жой бинолари, ижтимоий соҳа обьектлари атрофи тартибга келтирилиб, ободонлаштирилмоқда.
Маҳаллани тубдан янгилаш жараёнида 40 километр йўл қайта реконструкция қилинмоқда. Дуоба, Деҳибола, Ўрмончи ва Деҳбодом маҳаллалари аҳолиси учун Қайроқ дарёси устидан ўтувчи кўприк қайта қурилмоқда. 58–умумтаълим мактаби учун 80 ўринли қўшимча бино барпо этилди. Кунига 50 қатнов ва 25 стационар ўринга эга қишлоқ шифохонаси қурилиб, маҳалла идораси қайта таъмирланмоқда. 180 ўринли янги мактаб, ҳудуддаги бешта маҳалла учун суюлтирилган газ баллонларини йиғиш ва сервис хизмати кўрсатиш шохобчаси қад ростламоқда. Стадион барпо этилаётир. Электр симёғочлари янгисига алмаштирилиб, трансформаторлар янгиланмоқда.
–Инсон қадрини улуғлаш бош мезонга айланган мамлакатимизнинг баланд тоғлар қўйнидаги қишлоқларида бу ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ,–дейди вилоят штаби раҳбари, Президентимизнинг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Абдулҳаким Эшмурадов.– Бунинг учун йирик миқдордаги маблағ сарфланмоқда. Ишчилар бетиним меҳнат қилиб, қурилиш–ободонлаштириш ишларини олиб бораётир. Уларнинг шижоатли меҳнати эвазига замонавий инфратузилмалар яратилиб, Янги Ўзбекистонга мос янги тоғ қишлоқлари бунёд этилмоқда.
Маълумотларга кўра, кўприк учун 4,5 миллиард, 180 ўринли мактаб ва қишлоқ шифохонаси учун 4,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланмоқда. Йўл инфратузилмасини яхшилашга 5 миллиард сўм йўналтирилган. 58-мактабнинг қўшимча биносини қуришга 1 миллиард 200 миллион сўм ҳаражат қилинаётир. Суюлтирилган газ баллонларини йиғиш ва сервис хизмати кўрсатиш шохобчаси, мактабгача таълим муассасаси, стадион қурилишлари ҳам катта маблағ эвазига барпо этилмоқда. Кўчаларни ободонлаштириш, электр таъминотини яхшилаш каби ишлар билан қўшиб ҳисоблаганда маҳалла аҳлининг яшаш тарзини тубдан яхшилаш учун 20 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланаяпти. Бундай ўзгаришлар олис тоғ қишлоқлари аҳолисининг эртанги куни янада фаровон, тўкин бўлишига ишонч туйғусини оширмоқда.
–Ҳудудимизда юз бераётган бундай янгиланишларни биз, кексалар бир умр орзу қилганмиз,–дейди маҳалла фаоли, меҳнат фахрийси Исроил Аҳмедов.– Яқин йилларда ҳам туман марказига бормоқчи бўлсак, йўллар носозлиги учун от-уловдан фойдаланишга мажбур бўлар эдик. Қишнинг қорли кунлари ва баҳорги сел тошқинлари ҳам жиддий қийинчиликлар туғдирар эди. Кейинчалик “УАЗ”, “Нива” сингари енгил машиналар ҳаракатланадиган тошли-тупроқли йўл барпо этилди. Қишда лой, ёзда чанг бу йўлга ҳам шукрона айтдик. Мана, эндиликда бу қийинчиликлар ортда қоладиган бўлди. Нафақат йўлимиз, балки ички кўчалар ҳам тубдан таъмирланиб, ёшу кекса учун етарли қулайлик яратилмоқда. Буларнинг барчаси юртимизда инсон қадр-қимматини эъзозлаб, барчанинг бирдек яшаши учун кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрликлар самарасидир.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ва Президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Сариев намунали маҳаллага айланаётган Дуобада бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. Тоғли ҳудудда намунали маҳаллага айланаётган сўлим гўшада бажарилаётган қурилиш–ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларини кўздан кечириб, барча юмушларни тез, сифатли амалга ошириш юзасидан тегишли тавсияларини билдирди. Маҳаллада ташкил этилган маданий–маърифий тадбирда иштирок этди.
Шу куни маҳалла аҳолиси бандлигини таъминлаш учун “Бойсун” давлат ўрмон хўжалигида наъматак бутаси экиш бўйича кўргазмали семинар ўтказилди. Унда шифобахш ва харидоргир ноёб бу ўсимликни аҳоли хонадонларида ҳам етишириш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |