1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Мамлакат тараққиёти ҳақида сўз кетганида, аввало, ёш авлод таълим-тарбияси масаласи муҳим аҳамиятга эга. Демакки, аслида тарбиянинг асосида таълим ётади, шу сабаб бу сўз ҳамиша “тарбия” жумласидан олдинда келади. Шундай экан, ўқитувчи зиммасида тарбияга асос бўлувчи таълимни бера олиш масъулияти бирламчи аҳамиятга эга.
Бугунги кунда мамлакатимизда ўқитувчи мақомини юксалтириш, уларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш бўйича олиб борилаётган ишлар кўлами қандай? Ўзбекистон Республикаси мактаб ва мактабгача таълим вазири Ҳилола УМАРОВА билан суҳбатимиз шу масалалар юзасидан бўлди.
– Аввало, сизга ва сиз бошчилигингизда юртимизда ёш авлодга таълим бериш йўлида хизмат қилаётган устоз-мураббийларга 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни қутлуғ бўлсин!
– Раҳмат! Мен ҳам суҳбатимиз аввалида юртимиздаги барча ўқитувчи ва мураббийларни яқинлашиб келаётган ушбу байрам билан самимий табриклайман. Заҳматли, шу билан бирга, шарафли касб эгалари – азиз устозларимизга юксак касбий фаолиятида катта муваффақиятлар, оилавий бахт-саодат, мустаҳкам соғлиқ тилайман.
– Юртимизда ўқитувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган қандай ишларни эътироф этасиз?
– Аввало, тан олиб айтишимиз керакки, яқин ўтмишда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш, уларни ўз хизмат вазифасига кирмайдиган ишларга мажбурлаш каби нохуш ҳолатлар бор эди. Давлатимиз раҳбарининг шахсий иродаси ва ташаббуси билан сўнгги йилларда бу каби инсон ҳуқуқларини камситувчи ишларга барҳам берилди. Ўқитувчининг мақоми ва обрўсини кўтаришга давлат сиёсати даражасида қаралмоқда, уларнинг ўз касбий фаолияти билан тўлиқ шуғулланишлари учун зарур шароитлар яратиб берилмоқда. Янги таҳрирда қабул қилинган мамлакатимиз Конституциясининг 52-моддасида ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлигини таъминлаш, касбий жиҳатдан ўсиш борасида қатор ҳуқуқий асослар келтириб ўтилган. Бу эса ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, унинг касбий фаолиятини давлат томонидан ҳимоя қилинишининг ҳуқуқий асосини яратиб берди.
Жорий йилнинг 27 мартида қабул қилинган, педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг "Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги қонуни ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди, десак, янглишмаймиз. Қонунда назарда тутилган ҳуқуқий нормаларнинг ҳаётийлиги шундаки, педагог ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини бузиш билан боғлиқ жиҳатлар аниқ ва адолатли белгиланган.
Эътибор берайлик, умумий ҳолатда бирор шахсни мажбурий меҳнатга жалб этиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача жаримага сабаб бўлса, мазкур қонун асосида педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача жарима билан жазоланиши белгиланмоқда.
Яна бир жиҳат: эндиликда педагог ходимни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, агар худди шундай қилмиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан 200 бараваригача жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш жазоси белгиланди. Бундан кўринадики, педагогларни мажбурий меҳнатга жалб этиш ёки мажбурлаш, нафақат маъмурий, балки жиноий жавобгарликка ҳам сабаб бўлади. Аниқроқ айтганда, эндиликда ушбу ҳолатга такроран йўл қўйган мансабдор шахсларга 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.
Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида кўриб чиқилаётган яна бир – “Педагог мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасида ҳам қатор муҳим жиҳатлар кўзда тутилган. Жумладан, унда педагогдан касбий мажбуриятларига кирмайдиган ҳисоботлар ва бошқа маълумотлар, шу жумладан, аҳолининг солиқлар, коммунал тўловлар, кредитлар ва бошқа қарздорлиги бўйича маълумотларни, битирувчиларнинг бандлиги таъминланганлиги бўйича ҳисоботларни шакллантириш ва тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.
– Мактабларда ўқувчи ўрнини кўпайтириш ва ўқитувчиларга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Албатта, вақт ўтган сари аҳоли демографиясининг ўсиши ва шунга яраша таълим олиш эҳтиёжларининг ортиб бориши соҳа инфратузилмасини доимий янгилаб боришни, кўпроқ ўқув ўринларини яратиш заруратини туғдиради. Бу борада жорий йилнинг ўтган даври мобайнида қатор муҳим ишлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 30 декабрдаги "2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ жорий йилда юртимизда жами 338 та (шундан 24 та янги мактаб бинолари қуриш, 237 тасини реконструкция қилиш ва 77 тасини мукаммал таъмирлаш) умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш белгиланган. Мазкур мақсадлар учун давлат бюджетидан жами 2,1 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
Қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган жами 338 та умумтаълим объектларининг 236 тасида (17 таси янги қурилиш, 148 таси реконструкция ва 71 таси мукаммал таъмирлаш) ишлар якунланган бўлса, 102 тасида қурилиш ишлари давом этмоқда.
Бугунги кунга қадар маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда мазкур таълим объектларида 2,1 триллион сўмлик пудрат шартномалари расмийлаштирилиб, 1,6 триллион сўмлик (82 фоиз) ишлар бажарилган бўлса, 1,4 триллион сўмлик (71 фоиз) маблағлар молиялаштирилган. Жорий йилда режалаштирилган ва умумтаълим мактабларида олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари натижасида 89 мингдан ортиқ янги ўқувчи ўрни яратилади, мавжуд 63 мингдан ортиқ ўқувчи ўрнига эга таълим муассасалари мукаммал таъмирланади ҳамда 46 дона спорт зали бинолари қурилади.
Ҳозирга қадар 236 та таълим объектида қурилиш-таъмирлаш ишлари тугатилгани натижасида 49,6 минг ўқув ўрни яратилди (шундан 11,2 минг янги мактаблар қурилиши ҳисобига, 38,4 минг қўшимча ўқув бинолар қурилиши ҳисобига) ҳамда 44,2 минг ўқувчи ўрнидан ортиқ мавжуд бинолар мукаммал таъмирланиши ҳисобига замонавий қиёфага келтирилди.
Шунингдек, спорт заллари мавжуд бўлмаган 33 та мактабда янги спорт заллари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, 2023 йил ҳисобидан мактабгача таълим тизимида 57 та объект янгидан қурилмоқда, 123 таси реконструкция қилинмоқда ва 2 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган. Бунинг натижасида 19 660 та янги ўрин яратилади, 10 168 та мавжуд ўринлар таъмирланади.
Қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган объектлардан жами 102 тасида (шундан, 34 таси янги қурилиш, 66 таси реконструкция қилиш ва 2 таси мукаммал таъмирлаш) қурилиш-таъмирлаш ишлари тугатилиб, фойдаланишга топширилди. Фойдаланишга топширилган 102 та объектлар ҳисобига мактабгача таълим ташкилотларида қўшимча 10,6 мингдан ортиқ янги ўринлар яратилди, мавжуд 5,4 мингдан ортиқ ўқув ўрни мукаммал таъмирланди.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 майдаги фармонида 2024 йил 1 январдан мактабга биринчи марта ишга қабул қилинаётган ўқитувчиларни касбий сертификатлаш тизими жорий этилиши кўзда тутилган. Бу жараёнлар қандай амалга оширилади?
– Бунда 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб педагогик касбларга биринчи марта ишга қабул қилинадиган олий маълумотли талабгорлар стажёр-ўқитувчи сифатида фаолият юритади ва улар ишга қабул қилинган вақтдан бошлаб бир йил муддат давомида касбий сертификатга эга бўлиши талаб этилади. Стажёр-ўқитувчиларга улар касбий сертификат олгунига қадар олий маълумотли (тоифасиз) ўқитувчининг базавий тариф ставкаси қўлланилади.
Мазкур жараёнларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида вазирлик томонидан тегишли қонунчилик ҳужжати лойиҳаси тайёрланди. Ушбу амалиёт ўқитувчиларнинг касбий фаолиятини ривожлантириш, уларнинг янада самарали меҳнат қилишларида қатор қулайликлар яратади. Хусусан, янги жараён орқали педагог кадрларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатида кўрсатилган тайёрлов, таълим йўналиши, мутахассислиги ёки ихтисослиги бўйича билимлари синовдан ўтказилади, педагогик маҳорати ўрганилиб, холис баҳо берилади. Бунинг натижаси ўлароқ, умумий ўрта таълим ташкилотларини юқори билим савиясига эга бўлган, истеъдодли ва иқтидорли педагог кадрлар билан тўлдириш имконияти яратилади. Ушбу амалиёт Маданият вазирлиги ва Бадиий академия тизимидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари, мактаб-интернатлари ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари педагог кадрларига татбиқ этилмаслиги кўзда тутилмоқда.
– ЮНEСКОнинг 1966 йил 5 июлдаги "Ўқитувчилар мақоми тўғрисида"ги тавсиясининг 7-бандида педагогнинг “эркинлиги принципи” мустаҳкамланган. Халқаро йўналишлардаги вазифалар хусусида фикр билдирсангиз?
– Дарҳақиқат, бу халқаро ҳамжамият томонидан педагог ходимларнинг эркин ижод қилиш ҳуқуқини мустаҳкамловчи ҳужжатдир.
Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги қонунининг 45-моддасида ҳам бу каби ҳуқуқий норма кўрсатилган бўлиб, педагог ходимларнинг мақоми жамият ва давлат томонидан тан олиниши қайд этилган. Шу маънода вазирлигимиз жорий йил ЮНEСКО ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда бу борадаги турли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, 21-22 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида “Малакали ўқитувчилар – малакали миллат” мавзусида Марказий Осиё педагогика симпозиуми ташкил этилди.
Шунингдек, 8-9 август кунлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ЮНEСКО ташкилоти билан ҳамкорликда “Иккинчи устозлар форуми” ташкил этилди. Ушбу форумда ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда янги ўқув йилида таълим-тарбия сифатини янада яхшилаш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб олинди. Форумнинг давоми сифатида юртимизнинг барча ҳудудларида 15-17 август кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва барча вилоятларда, 22-24 август кунлари туман ва шаҳарларда, 28-29 август кунлари эса умумий ўрта таълим муассасаларида ўқитувчилар малакасини оширишга қаратилган семинар-тренинглар ташкил этилди.
Яна бир лойиҳа сифатида умумтаълим мактабларида ўқитишнинг замонавий усулларини жорий этиш ва Президент мактаблари тажрибасини оммалаштиришга қаратилган математика ва инглиз тили фани ўқитувчилари иштирокидаги уч босқичли каскад усулида семинар-тренинглар ташкил этилди. Ҳозирги кунга қадар эса 16 021 нафар математика фани, 17 477 нафар инглиз тили фани ўқитувчилари мазкур тренингларга жалб этилди.
– Таълим сифатини ошириш мақсадида жорий этилган янги баҳолаш тизимининг афзалликлари нимада?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 майдаги фармонига асосан, мактабгача ва умумий ўрта таълимни янги босқичга олиб чиқиш, унинг сифатини ошириш ҳамда таълим дастурларини такомиллаштириш мақсадида 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич умумтаълим мактабларида билимни баҳолашнинг янги тартиби жорий қилинди.
Тажриба-синов тариқасида жорий этилаётган янги баҳолаш тартибига кўра, 5-11-синф ўқувчиларининг билими форматив ва сумматив усуллар ёрдамида баҳоланади. Форматив баҳолаш – ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасидаги узлуксиз фикр алмашиш жараёнидир. Фикр-мулоҳаза оғзаки ва ёзма, расмий ва норасмий бўлиши мумкин. Бу – ўқувчиларнинг кейинги ҳаракатларини мослаштириш мақсадида унинг ютуқлари тўғрисида маълумот олишнинг узлуксиз жараёнидир.
Сумматив баҳолаш эса ўқишнинг маълум бир даврида ўқувчининг давлат таълим стандарти ва ўқув дастурларида белгиланган компетенцияларни эгаллаганлик даражасини расмий баҳолаш жараёнидир. Бу жараён тест, ёзма иш, оғзаки суҳбат, лойиҳа иши, тақдимот ишлари, амалий машғулот, лаборатория иши, ижодий ишлар ва шу каби бошқа йўналишларда амалга оширилади. Мазкур баҳолаш жараёнлари давомида ўқитувчи ўқувчининг ўзлаштириш баҳоларини электрон журналга киритиб боради, юқори кўрсаткичга эришган ўқувчилар чораклик сумматив баҳолашдан бир муддатга озод этилади. Баҳолашнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида фанлар бўйича тегишли сумматив баҳолаш барча параллель синфлар учун ягона талаблар асосида ўтказилади. Текшириш якунига кўра ўқувчиларнинг тўплаган баллари бир ҳафта муддат ичида электрон журналга жойлаштирилади. Сумматив баҳолаш пайтида ички тартиб-қоидани бузган ўқувчилар баҳолашдан четлаштирилади.
– Мамлакатимизга хориждан жалб этилган ўқитувчилар ҳақида ҳам маълумот берсангиз.
– Барчамизга яхши аёнки, хорижий тилни бевосита унинг чинакам эгаларидан ўрганиш катта самара беради. Шу нақтаи назардан олганда, жорий йилдан бошлаб мактабларимизга тил эгалари саналган чет эллик мутахассислар таклиф этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон мактабларига 500 дан ортиқ хорижлик ўқитувчиларни жалб этмоқдамиз. Дастлабки 1755 нафар номзоддан аризалар келиб тушган бўлса, улардан малака талабларига жавоб берадиган ҳамда суҳбат жараёнларидан муваффақиятли ўтган 649 нафар ўқитувчига дастлабки шартнома таклифлари берилди. Ҳозирги кунга қадар шартнома имзоланган хорижий тил педагогларининг 38 нафари фан доктори, 180 нафари магистр, 166 нафари бакалавр даражасига эга. Ушбу мутахассислар 36 давлат, жумладан, Буюк Британия, АҚШ, Франция, Ҳиндистон, Канада, Филиппин, Жанубий Африка, Бельгия, Миср ва бошқа давлатларнинг халқаро тоифадаги ўқитувчиларидир.
Янги ўқув йилининг ўтган даврини оладиган бўлсак, ушбу хорижий педагоглар билан ишлаш ўқувчиларимизга ҳам жуда катта завқ бағишламоқда, ота-оналар ҳам мамнун бўлмоқда. Сабаби, чет тили ўқитувчилари иштирокида ҳафтада 3 маротаба мактаб ўқувчилари учун қўшимча хорижий тил курслари ҳамда ҳафтада бир марта маҳаллий ўқитувчилар учун маҳорат дарслари ва тренинглар ҳам ташкил этилмоқда.
Ўз ҳаётини дунёдаги энг улуғ ва олижаноб ишга – янги авлод тарбиясига бағишлаган, ўз касбига содиқ ва фидойи ўқитувчилар мақоми ва обрўсини ошириш, ўқитувчилик касбини эъзозлаш, унинг меҳнатини қадрлаш борасидаги ишлар келгусида ҳам давлатимиз эътибори марказида бўлади. Янгиланган Конституциямизда ўқитувчи мақомининг мустаҳкамлаб қўйилгани бунга муҳим замин бўлиб хизмат қилишига шубҳа йўқ.
ЎзА мухбири Абдулазиз РУСТАМОВ суҳбатлашди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |