Сўнгги йилларда мамлакатимизда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда жадал ислоҳотлар даври бошланди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари, шубҳасиз, мазкур ислоҳотларнинг энг муҳимларидан биридир.
Бундан кўзланган мақсад, авваламбор, халқимиз турмуш шароитини яхшилаш, фаровонлигини ошириш ва бандлигини таъминлашга, қолаверса, ҳар бир фуқаронинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Айни пайтда мазкур дастурлар доирасида энг чекка қишлоқларда ҳам замонавий инфратузилма ва иншоотлар бунёд этилмоқда. Бунда ҳар ким ўзи яшайдиган уй, маҳалла ва қишлоқни ободонлаштиришда ҳиссасини қўшса, юртимиз янада обод бўлади, обод юртда яшайдиган одамлар кайфияти яхши бўлиши таъминланади, деган қараш устувор аҳамият касб этаётир.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши маълумотларига кўра, жорий йилда “Обод маҳалла” дастури бўйича мамлакатимиздаги 105 маҳалланинг қиёфаси тубдан янгиланиб, қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Мазкур дастур доирасида ҳар бир маҳаллада ҳудудий ишчи гуруҳлари тузилиб, хонадонма-хонадон юриб, суҳбатлар ўтказилди. Аҳолини қийнаётган муаммолар аниқланди. Ўрганишлар натижалари бўйича белгиланган маҳаллаларда ижтимоий инфратузилмани яхшилаш, қурилиш, ободонлаштириш ишларини амалга ошириш ҳамда аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича “Йўл хариталари” ишлаб чиқилди.
Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги “Обод маҳалла” дастурининг асосий параметрларини тасдиқлаш ва уларнинг ижросини таъминлаш масалалари тўғрисида”ги қарори бўйича Тошкент шаҳрида 2018-2019 йилларда жами 68 маҳаллани ободонлаштириш белгиланган. Жумладан, жорий йилда 44 маҳаллада мазкур ишларни олиб бориш учун бюджет ва тижорат банклари ҳисобидан 49 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.
Анчадан буён пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Олтинсой“ маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўп қаватли уйларнинг фасад қисми таъмирланмаган, ҳудуддаги тартибсиз қурилган ноқонуний қурилмаларни кўрган кишининг кўнгли хира бўлар эди. Ўша пайтлар ички йўлларда автомашина билан ҳаракатланиш анча ноқулай бўлиб, айрим кўп қаватли уйлар атрофида болалар майдончалари деярли йўқ эди. Шу каби муаммоларни инобатга олиб, жорий йил мазкур маҳаллада “Обод маҳалла” дастурига биноан катта бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Қисқа фурсатда ҳудуд қиёфаси тубдан ўзгартирилиб, турар жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш иншоотлари қад ростлаган масканга айланди.
– Маҳалламизда 6 минг 553 нафар аҳоли ҳаёт кечирмоқда, – дейди “Олтинсой“ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Алимжон Мирзабоев. – Дастур доирасида 17 кўп қаватли уй томи мукаммал ёпилди. Шунингдек, 6 болалар майдончаси, 1 автотураргоҳ қурилди. Маҳалламиздаги 2 ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли уйи қайта таъмирланди. Ноқонуний қурилмалар олиб ташланиб, улар ўрнида замонавий типдаги спорт майдончаси қурилди. Ички йўллар жорий таъмирдан чиқарилиб, уйлар атрофида ўзига хос ландшафт дизайнга эга мўъжаз боғлар барпо этилди. Болалар майдончаларида кичкинтойлар учун барча шароит яратилди.
Дастур доирасида пойтахтимизнинг барча туманларида кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун 983 хонадондан иборат 39 кўп қаватли уй қурилиши бошлаб юборилган. Шунингдек, маҳаллалардаги 598 кўп қаватли уйнинг 538,1 минг квадрат метр том қисми мукаммал, 1 минг 747 кириш йўлаги, 182 лифт, 627 электр тақсимловчи шит таъмирланди. Шунингдек, уйлар атрофига 1 минг 130 видеокузатув мосламалари ўрнатилган бўлса, 2 минг 648 гараж тартибга келтирилди.
Обод манзилга айланган пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги “Янги боғ” маҳалла фуқаролар йиғинидаги бунёдкорлик ишларидан аҳоли мамнун. Дастур ижросидан сўнг узоқ йиллар мобайнида йиғилиб қолган муаммолар бирин-кетин ечимини топа бошлади. Жумладан, кўп қаватли уйларнинг том ва фасад қисми кўпдан буён таъминланмаганди. Чиқиндихонадан тарқалаётган бадбўй ҳидга чидаб бўлмас эди. Шунингдек, ҳудудда биронта болалар майдончаси ва савдо шохобчаси йўқлиги аҳолига ноқулайлик туғдираётган эди. Айниқса, пиёдалар ва кириш йўлаклари таъмирталаб, муддати ўтган симёғочлар туфайли совуқ кунларда узилишлар ҳам бўлиб турарди.
Дастур доирасида маҳалладаги мавжуд 37 кўп қаватли уй-жойнинг фасади, томи мукаммал таъмирланди. Кўчаларга эса 47 та чироқ ўрнатилди.
– Яратилаётган қулайликлар 2018 йилда маҳалладошларимизга катта совға бўлди, – дейди “Янги боғ” маҳалла фуқаролар йиғини масъул мутахассиси Шоҳида Тоирқориева. – Маҳалламизда замонавий аттракционлар билан жиҳозланган 6 болалар, 1 мини-футбол майдончаси, бундан ташқари, ҳар бир кўп қаватли уй олдида автомобиллар учун махсус тураргоҳ қурилди. Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида 10 километрдан ортиқ эскирган иссиқлик қувури алмаштирилган бўлса, 6 та трансформатор пунктини реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. 8 километрдан ортиқ табиий газ қувурлари ва 2 газ тақсимлаш пункти қайта таъмирланди.
Шу билан бирга, пойтахтимизда “Обод маҳалла” дастури юзасидан аҳоли ўртасида ҳуқуқий, маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари мунтазам ўтказилиб, бунинг натижасида 3 минг 123 объектнинг санитария ҳолати яхшиланди. Шунингдек, 61 минг 534 хонадон ветеринария ҳолати бўйича хатловдан ўтказилиб, аниқланган муаммолар юзасидан тегишли ёрдам чоралари кўрилди.
Ўтган вақт давомида маҳаллаларда олиб борилган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларига 3 мингдан ортиқ кўнгилли ҳашарчилар ва 180 дан ортиқ махсус техникалар жалб этилди. Дастур доирасида кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмаган жами 2 минг 492 объект қайта расмийлаштирилди.
Маҳаллалар ободлиги, халқимиз фаровонлиги, юртимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшаётган давлат дастурлари борадаги ишлар 2019 йилда ҳам тизимли равишда давом этади.
Абдулазиз Мусаев, Барно Мелиқулова, ЎзА
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |