Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси сўзининг муаллифи Абдулла Орипов миллий шеъриятимизга янги нафас, маънавий уйғониш, миллий руҳ олиб кира олган шоирлардан биридир.
Устоз ижодкор 1941 йил 21 март куни Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги Некўз қишлоғида таваллуд топган. Ўзбек шеъриятига ўз сўзи, дадил овози билан кириб келган ижодкор 1963 йили ТошДУ – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тугатган. Маълумотларга кўра, у дастлаб «Ёш гвардия» (1963—69) нашриётида, кейинчалик эса Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётларида муҳаррир (1969—74), «Шарқ юлдузи» журналида адабий ходим, бўлим мудири (1974—76), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи (1976—82), масъул котиб (1985—88), Тошкент вилоят бўлимида масъул котиб (1982—83), «Гулхан» журналида муҳаррир (1983—85), 1996 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат агентлиги раиси (1989 йилдан) бўлиб ишлаган.
Адабиётшунослар фикрича, Абдулла Ориповнинг «Тилла балиқча», «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» сингари дастлабки шеърлари талабалик йилларида ёзилган ва ўзбек шеъриятига янги, истеъдодли, ўзига хос овозга эга шоирнинг кириб келаётганидан дарак берган. Кўп ўтмай, «Митти юлдуз» (1965) илк шеърлар тўпламининг нашр этилиши миллий адабиётимизда ўзига хос веқелик эди. Шундан кейин устоз ижодкорнинг «Кўзларим йўлингда» (1966), «Онажон» (1969), «Руҳим», «Ўзбекистон» (1971), «Хотирот», «Юртим шамоли» (1974), «Юзма-юз», «Ҳайрат» (1979), «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983), «Ҳаж дафтари», «Муножот» (1992), «Сайланма» (1996), «Дунё» (1999), «Шоир юраги» (2003), “Эзгулик” (2012) сингари шеърий китоблари нашр этилган.
Абдулла Орипов «Жаннатга йўл» (1978), «Ҳаким ва ажал» (1980), «Ранжком» (1988) каби достонларида маънавият масалаларига алоҳида эътибор бериб, одамларнинг руҳий оламидаги айрим қусурлар билан илмий-техник тараққиёт ва тафаккурнинг парвози ўртасидаги зиддиятни очиб берди. Умуман, Абдулла Ориповнинг шеър ва достонларида илгари сурилган маънавий муаммолар мустақиллик даврида, айниқса, долзарб аҳамият касб этиб, шоир ижодида худди шу масалалар ифодаси ўз даврига нисбатан илғорлаб кетганини намойиш этди.
Теран фалсафий мушоҳада, гўзал бадиият ва айни дамда соддалик, халқчиллик, жайдари ифода услуби Абдулла Орипов ижодида устувор ўрин эгаллайди.
Абдулла Орипов мустақиллик йилларида адабиётнинг ранг-баранг жанрларида ижод этди. Тарихий адолатнинг тикланиши, буюк жаҳонгир боболаримиз, алломалар хотирасининг эъзозланиши Абдулла Ориповни Амир Темурнинг дунё цивилизациясида алоҳида ўрин тутган аҳамиятини кўрсатувчи «Соҳибқирон» шеърий драмасини (1998) ёзишга илҳомлантирди.
Абдулла Орипов — Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг матни муаллифи. Устоз ижодкор мамлакатимизда катта тантаналар билан ўтказилувчи Наврўз ва Мустақиллик байрамлари учун ёзилган кўпчилик сценарийларнинг ижодкори ҳам эди.
Абдулла Орипов Ёзувчилар уюшмаси раиси сифатида янги истеъдод соҳибларини кашф этиш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш бўйича ибратли фаолият олиб борди.
Устоз ижодкор Дантенинг “Илоҳий комедия”си “Дўзах” қисмини, Пушкин, Некрасов, Шевченко, Украинка, Ҳамзатов, Қулиев, Байжиев асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган. Ўз навбатида унинг асарлари ҳам рус, инглиз, болгар, турк, украин, туркман, озарбайжон каби кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган.
Кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан устоз Абдулла Орипов ижодини ўрганиш, унинг хотирасини ардоқлаш, ижодини кенгроқ тарғиб этишга катта аҳамият қаратилмоқда. Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида шоирнинг ҳайқали қад ростлади. Қаршида Абдулла Орипов ижод мактаби ташкил этилиб, бугунги кунда самарали фаолият кўрсатмоқда.
Шоирнинг асарлари мунтазам нашр этилмоқда. Ўзбек киночилари томонидан яратилган “Абдулла Орипов” номли бадиий фильм юртимиз жамоатчилиги томонидан қизғин кутиб олинди. Буларнинг бари миллий адабиётимиз заҳматкашлари хотирасини эъзозлаш борасида кўрсатилаётган чексиз эътиборнинг амалий ифодасидир.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |