2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Президент виртуал қабулхонасида “Онлайн маслаҳатчи”лар иш бошлади

15 февраль куни соат 16:00 да «Онлайн маслаҳатчи» модули тест режимида ишга туширилди. Бу модул порталнинг «Кўп бериладиган саволлар» бўлими билан ҳамоҳангликда ишлайди.

Аввал хабар қилинганидек, жорий йил 1 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси дастурий тизимининг янги талқини ишга туширилди. Мурожаатчиларга янада кенг қулайлик ва имкониятлар яратиш мақсадида мазкур тизим такомиллаштириб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунида Президент виртуал қабулхонаси базасида турли тармоқлар ва фаолият соҳаларидан малакали мутахассисларни маслаҳатчилар сифатида жалб этган ҳолда, мурожаатларга доир масалалар бўйича жисмоний ва юридик шахсларга реал вақт режимида маслаҳат бериш амалга оширилиши белгиланган. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 22 январдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳам Президент виртуал қабулхонаси дастурий таъминотини такомиллаштириб, унда аҳолига тўғридан-тўғри онлайн маслаҳатлар бериш имкониятини яратиш кўзда тутилган эди.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган норма ва вазифалар ижроси доирасида 15 февраль куни соат 16:00 да «Онлайн маслаҳатчи» модули тест режимида ишга туширилди. Бу модул порталнинг «Кўп бериладиган саволлар» бўлими билан ҳамоҳангликда ишлайди.

Мурожаатчилар Президент виртуал қабулхонаси – pm.gov.uz сайтига кириб, «Онлайн маслаҳатчи» модули орқали керакли соҳа ва тармоқ мутахассислари билан боғланиши ҳамда ўз саволларига жавоб олиши мумкин. Бунда pm.gov.uz сайтининг «Онлайн маслаҳатчи» модули орқали келиб тушган саволлар тегишли ташкилот ва идоралардаги маслаҳатчиларга йўналтирилади. Кўрсатилаётган маслаҳат хизмати ҳажми ва унга мурожаатчиларнинг талабини (иш юкламасини) инобатга олиб, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ишчи гуруҳлар тузилиши мумкин. Бунда ишчи гуруҳ аъзоларидан бири маслаҳатчи-координатор этиб тайинланади. Ишчи гуруҳ фақат маслаҳатчилардан иборат бўлмаслиги мумкин.

Айни пайтда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар – жами 94 ташкилот ва идораларнинг юқори малакали, профессионал мутахассислари мазкур модулда бирлаштирилмоқда. Уларнинг  аксарияти 15 февраль куни pm.gov.uz сайти орқали иш фаолиятини бошлади.

Порталга келаётган мурожаатларнинг салмоқли қисмини ҳуқуқий ахборот ёки маълумот олиш мақсадида юборилган мурожаатлар ташкил этаётгани айнан мазкур модулни яратиб, ишга туширишга сабаб бўлди. Чунки фуқаролар ҳаётда учрайдиган турли-туман масалаларда ҳуқуқий маслаҳат олиш учун ҳам Виртуал қабулхонага мурожаат қилар ва мурожаат кўриб чиқилиб, жавоби мурожаатчига етиб боргунича анчагина вақт талаб қилинар эди. Энди у ёки бу масала бўйича ҳуқуқий ахборот олиш учун бир неча кун жавоб хати келишини кутишга ҳожат йўқ. «Онлайн маслаҳатчи» хизмати Президент виртуал қабулхонаси орқали савол юбориб, онлайн режимда юридик маълумотга эга бўлган мутахассислардан тезкор ҳуқуқий маслаҳат олиш имкониятини тақдим этмоқда. Савол юбориш учун шахсий кабинет очиш талаб этилмайди.

Маслаҳатчилар онлайн режимда ўз ваколатлари доирасида душанбадан жумага қадар соат 9:00 дан 18:00 гача танаффуссиз фаолият олиб бормоқда. Бунда улар асосий иш жойидан туриб, масофадан онлайн маслаҳатлар бермоқда.

Маслаҳат хизмати учун ҳақ олинмайди.

Ҳар қандай мулоқот самарали ўтиши ва натижадор бўлиши учун икки томон ҳам ягона мақсад – муаммога ечим топиш учун ҳаракат қилиши лозим.

Шу боис ҳам “Онлайн маслаҳат” хизмати давомида маслаҳатчи мурожаатда кўрсатилган масалалар бўйича малакали, тезкор ва самарали маслаҳатлар беради. Мурожаат мазмунида ноаниқликлар мавжуд бўлган тақдирда аниқлаштирувчи саволлар берилади. Жавоб матни тўғри, қисқа ва лўнда, тушунарли тилда ва суҳбат юритиш услубида тузилиши лозим. Савол матнидаги ҳар бир важга муносабат билдирилади.

Агар маслаҳат бериш учун қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қилинса, маслаҳатчи мурожаатчини хабардор қилган ҳолда қўшимча муддат олиши мумкин. Бунда мурожаатчи билан кейинчалик боғланиш учун унинг контакт маълумотлари (телефон рақами, электрон почта манзили ва бошқалар) ёзиб олиниши лозим. Модуль орқали келиб тушган, қонунга мувофиқ ўрганилиши талаб этиладиган ариза, шикоят ва таклифлар юзасидан мурожаатчига белгиланган тартибда мурожаат қилиш тартиби тушунтирилади. Маслаҳатчи мурожаатчиларга тақдим этган ахборотнинг тўғрилиги ва тўлиқлиги учун қонунга мувофиқ жавобгардир.

Маслаҳатчи мурожаатлар ва уларда кўтарилган масалалар юзасидан ҳафталик таҳлил юритади. Мурожаатларни кўриб чиқишда аниқланган тизимли қоида бузилишларига олиб келувчи сабаблар ва шароитларни баратараф этишга қаратилган, кейинчалик ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда фойдаланиш учун таҳлилий ҳисоботлар тайёрлайди.

Бир сўз билан айтганда, Президент виртуал қабулхонасида ишга туширилган “Онлайн маслаҳатчи” модули жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқий маълумот олишга бўлган эҳтиёжларини тезкор ва самарали таъминлашга хизмат қилади.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар