Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллигига
Бугун юртимизни кезиб, маҳаллаларда бўлсангиз, деярли ҳар бир кўчада қурилиш қилаётган хонадонларга кўзингиз тушади. Янгидан- янги иншоотлар, кўп қаватли тураржой бинолари, янги йўл ва кўприклар қурилаётгани, сув ва электр тармоқлари тортилаётганига гувоҳ бўласиз.
Бу, албатта, халқнинг фаровон турмуш кечириш истаги билан бирга иқтисодий имконияти кенгаяётгани, ўз навбатида давлатнинг янги қурилишларни амалга оширишга маблағи етаётганидан далолат беради.
Айни чоғда Самарқанд вилояти шаҳар ва қишлоқларида ҳам улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Самарқанд шаҳридаги Қорасув массивида янги шаҳарча пайдо бўлгани, Эшкак эшиш канали атрофида улкан халқаро туристик марказ қурилгани, йўллар, коммуникация тармоқлари тартибга келиб қолгани, Ургут ва Булунғур туманларида “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд этилиб, номига мос тарзда янгича турмуш бўй кўрсатганига кўп бўлмади. Кейинги 6-7 йил ичида амалга оширилди бу ишлар.
Бундай ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари Булунғурдан Пахтачигача, Ургутдан Қўшработгача – вилоятнинг барча ҳудудларида олиб борилмоқда.
– Ўтган йили вилоятимизда инвестиция дастури доирасида 1 триллион 190 миллиард сўм маблағлар ажратилиб, 194 та объектда қурилиш ишлари амалга оширилган бўлса, бу йил 1,5 триллион сўм маблағ сарфланиб, 244 та объект бунёд этилмоқда, – дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Акмал Шукуров. – Жумладан, 32,2 минг ўқувчи ўринли 106 та умумтаълим мактаби, 27 та мактабгача таълим, 4 та олий таълим, 10 та тиббиёт муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Йил бошидан буён 371 миллиард сўм маблағ эвазига 663 километр йўл реконструкция қилинди ва таъмирланди. Йил якунига қадар яна 508 километр ички кўчалар асфальт қилиниши, 1000 километрдан зиёд кўчаларга шағал ётқизилиши, 5 та янги кўприк қурилиб, 18 таси таъмирланиши кўзда тутилган. Халқаро молия муассасалари маблағлари ҳисобидан Самарқанд шаҳрида битта йўл ўтказгич қурилиб, иккинчисида ишлар давом этмоқда. Амир Темур, Гагарин кўчалари реконструкция қилинди.
Вилоят аҳолисининг ичимлик ва оқова сув таъминотини яхшилаш мақсадида йилнинг биринчи ярмида 35,8 километр сув тармоқлари қурилди, 35 дона насос энергия тежамкорларига алмаштирилди.
Мисол учун, Каттақўрғон туманида 20 километр сув тармоғи тортилиб, 4 дона янги сув насоси ўрнатилиши ва 8 та сув насоси таъмирланиши ҳисобига тумандаги уч маҳаллада 1,5 мингдан зиёд аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди, 2 мингга яқин аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.
Давлат дастурлари ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан йил якунига қадар вилоятда 8 та янги сув иншооти ва 193 километр сув тармоқларини қуриш, 2 та сув иншоотини реконструкция қилиш режалаштирилган. Бу ишлар натижасида 150 минг нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминланади, 81,9 минг нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланиб, марказлашган сув таъминоти 74,5 фоиздан 78,6 фоизга етказилади.
Бу ҳақда гап борганда, йирик лойиҳалардан бири сифатида Нуробод туманидаги “Нуробод-Дамхўжа” сув сақлаш иншоотини реконструкция қилиш ва 95,8 километр ичимлик сув тармоқлари тортилаётганини қайд этиш лозим. Бу ишлар муваффақиятли амалга оширилгач, вилоятнинг сув таъминоти энг муаммоли бўлган ҳудуди ҳисобланган Нуробод тумани маркази, туманнинг Нурбулоқ, Пўлатчи, Шўрчи, Юксалиш, Омонбой, Кечкелдик, Нурдум, Шарқ юлдузи, Ачамайли, Янгиқишлоқ, Машъал, Маданият, Шўробод ва Қиличли маҳаллаларидаги 18,5 минг аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланади. Каттақўрғон тумани марказида 32,7 километр оқова сув тармоғи ва 2 та насосни қуриш ҳисобига тумандаги 7500 аҳоли илк бор оқова хизмати билан таъминланади.
– Электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида 6 ой давомида 160 километр электр тармоқлари қурилиб, 86 дона трансформатор, 5165 дона темир-бетон устун ўрнатилди, – дея сўзида давом этади А.Шукуров. – Биргина Иштихон туманида 18 километр электр узатиш тармоғи тортилиб, 8 та трансформатор пункти ва 1177 дона темир-бетон устун қўйилди ва 16 мингдан зиёд аҳолининг электр таъминоти яхшиланди. Бундан мисолларни барча туман, шаҳарлар бўйича келтириш мумкин. Ваҳоланки, яқин йилларда битта трансформаторни янгисига алмаштириш ёки эски симёғочлар ўрнига ўнтагина янги темир-бетон таянч ўрнатиш ҳам муаммо эди. Бу борадаги ишлар давом эттирилиб, йил якунига қадар 200 километр электр тармоқлари янгидан қурилади, 60 дона трансформатор пункти ва 5 мингдан зиёд темир-бетон устунлар ўрнатилади. Ҳудудларда 8 та янги подстанция қурилиб, 288 МВт янги қувватлар яратилади.
Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида ўтган йили вилоятимизда 10 мингдан зиёд хонадонли уйлар фойдаланишга топширилган бўлса, жорий йилда 11 минг 300 хонадонли 182 та кўп қаватли уйда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Булунғур ва Ургут туманларидаги “Янги Ўзбекистон” массивлари қаторига бу йил Самарқанд шаҳридаги Қорасув ва Тойлоқ туманидаги Чароғбон маҳаллалари ҳам қўшилди. Ушбу ҳудудларда ҳам ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланган “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилади.
Янги уй-жойлар қурилиши билан бирга мавжуд кўп квартирали уйларни таъмирлаш, ушбу хонадонларда ҳам алоҳи учун замонавий турмуш шароитлари яратиш эътибордан четда қолган эмас. Жорий йилда вилоят бўйича 183 та кўп квартирали уй мукаммал ва жорий таъмирланмоқда. Жумладан, 93 та уйнинг том қисмида ва 94 та уйнинг фасад қисмида таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |