Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистон” боғида байрам тантанаси бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев халқимизни бу улуғ айём билан табриклаб, нутқ сўзлади:
– Мана шу ҳаяжонли дақиқаларда ҳаммамиз миллий истиқлолимиз нақадар бебаҳо неъмат эканини, унинг тарихий аҳамиятини янада чуқур ҳис этмоқдамиз. Айнан мустақиллик туфайли миллий давлатчилигимиз қайта тикланди. Ўзбекистон янги тарихий даврга қадам қўйди. Айнан истиқлол туфайли Жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгалладик. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди, – деди давлатимиз раҳбари.
Ҳар бир иш, ҳар бир ютуқда истиқлолнинг буюк қудрати ёрқин намоён бўлаётгани, Ватанимиз дунёга, дунё эса юртимизга кенг очилаётгани таъкидланди.
Халқаро валюта жамғармаси эътироф этганидек, 2023 йилда ялпи ички маҳсулотимиз илк бор 100 миллиард доллардан ошди. Жаҳон банки бу йил мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 5,3 фоизга ўсишини прогноз қилди.
Барча ислоҳотларнинг руҳи ва мазмунига “Инсон қадри учун, эл-юрт бахти учун!” деган эзгу ғоя чуқур кириб бормоқда. Жорий йил сентябрь ойидан пенсия ва нафақалар миқдори, октябрь ойидан эса бюджет ходимлари, шифокорлар ва педагоглар маоши оширилмоқда.
Тизим ва эътибор барча соҳаларда ўз натижаларини бермоқда. Ёшлар мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда. Бу спортда ҳам намоён бўлиб, Парижда бўлиб ўтган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида ватандошларимиз улкан зафарлар қозонди. Шу кунларда Паралимпия ўйинларидан ҳам кетма-кет қувончли хабарлар келмоқда.
Президентимиз спортчиларни яна бир бор табриклаб, янада юксак марраларни эгаллашига ишонч билдирди.
Бугунги мураккаб ва таҳликали даврда тинчликнинг аҳамияти улуғ эканига урғу берилди:
– Ҳаёт қанчалик машаққатли бўлмасин, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни изчил давом эттириб, халқимизни рози қилишга, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. Лекин тинчликни сақлаш фақат ҳарбийларимизнинг иши бўлиб қолмаслиги керак. Бу барчамизнинг, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг муқаддас бурчи бўлиши шарт. Юртнинг кучи – бирликда, қадри эса тинчликдадир, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, сифатли таълим тизимини йўлга қўйиш борасидаги ишлар айтиб ўтилди. Мамлакатимиз истиқболи, барча эзгу ниятларимиз ижобати ёшларнинг билим ва салоҳиятига боғлиқ экани қайд этилди.
Иқтисодиётда барчага тенг ҳуқуқлар таъминланиб, мамлакатимиз халқаро савдо маконининг ажралмас қисмига айлантирилади. Аҳолини муносиб иш ўринлари билан таъминлашда тадбиркорларга таянилади.
Ўзбекистон ҳозирги кунда аҳоли сони бўйича жаҳондаги энг йирик 40 та давлатдан бири ҳисобланади. Бу рақамни ислоҳотлар, меҳнат, билим ва қобилият билан катта салоҳиятга айлантириш кераклиги таъкидланди.
– Денгизга чиқиш имкониятимиз чекланганини инобатга олиб, эътиборимизни креатив соҳаларга қаратишимиз, уларни жадал ривожлантиришимиз зарур. Жаҳонда креатив саноат маҳсулотлари экспортидан йилига миллиардлаб доллар даромад топаётган мамлакатлар кўп. Бинобарин, шундай маҳсулот ишлаб чиқаришга бел боғлаган ижодкор ишбилармонларимизни, айниқса, ёшларимизни ҳар томонлама рағбатлантирамиз, – деди Президент.
Ривожланиш ўз-ўзидан бўлмайди, жонкуярлик, фаоллик, бирдамлик билан эришилади. Шавкат Мирзиёев нутқининг якунида жамиятимизни шунга руҳлантирди.
– Бугун шиддатли ҳаётнинг ўзи барчамизни янада улкан марралар сари даъват этмоқда. Ўз кучимиз ва салоҳиятимиз билан барпо этган мустақил давлат, эркин ва озод жамиятни янада кучли, янада гўзал ва обод этиш бош вазифамизга айланмоқда. Бу шундай юксак марраки, унга эришиш учун ҳар қанча меҳнат қилсак арзийди. Бу шундай буюк, шарафли мақсадки, унга бутун борлиғимизни бахш этсак арзийди, – деди давлатимиз раҳбари.
Шундан сўнг тантанали концерт дастури намойиш этилди. Куй-қўшиқларда халқимизнинг бой санъати ва қадриятлари, фольклор жамоаларнинг чиқишларида миллатлараро тотувлик ёрқин намоён бўлди. Концерт телевидение ва интернет орқали тўғридан-тўғри намойиш этилиб, ватандошларимизга байрамона кайфият улашди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |