Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани аҳли бу йилги мустақиллик байрамини ўзгача кайфиятда кутиб олмоқда.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан ҳудудда ҳар куни кўплаб ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, янги ва замонавий мактаблар, боғчалар, тиббиёт пунктлари, ўқув марказлари, кўп қаватли уйлар аҳоли ихтиёрига топширилмоқда.
Туман марказида “Шамшод” номли ўқув марказининг янги ва замонавий бинода фаолият бошлаши ҳудуддаги ўқишга тайёргарлик кўрувчи абитуриентлар учун қувончли воқеа бўлди.
Тадбиркор Аҳмад Ниёзов раҳбарлик қилаётган ўқув маркази илгари турли жойларда, ижарада фаолият юритиб келган. Марказда жорий йилда тайёрланган 250 нафар абитуриентнинг 243 нафари олий таълим муассасаларига қабул қилинган бўлса, уларнинг 20 нафари тиббиёт олийгоҳларига ўқишга кирган.
160 ўринга мўлжалланган ўқув марказида тайёрланувчилар учун барча қулайлик ва шарт-шароит яратилган.
Тумандаги Кишмиштепа маҳалласида яшовчи Гулчеҳра Сайдалиеванинг фарзанди 4-мактабда бошланғич синфда таълим олади. Аммо мактабда ўқувчи сони кўплиги боис дарслар тўрт сменада олиб борилади. Оқибатда ёшгина қизалоқ қош қорайгунча мактабда қолиб кетади. Бу эса унинг ота-онасини доимий хавотирга солади. Байрам арафасида Гулчеҳра опа сингари кўплаб оналарнинг хавотирига ўрин қолмади. Инвестиция дастури асосида 4-мактабнинг қарийб минг ўринли янги ўқув биноси фойданишга топширилди. Илгариги 400 ўринли эски бинода 4 сменада 1 минг 600 нафардан зиёд ўқувчи таълим оларди.
– Она сифатида мактаб янги биносининг очилишидан жуда қувондим, – дейди Гулчеҳра Сайдалиева. – Қизим бу йил 5-синфга ўтди. Ҳар доим охирги сменада ўқиб, кечга қолиб кетарди. Ҳар куни ўзим мактабдан олиб кетардим. Баъзан иш билан кетиб, кела олмай қолсам, қўшниларга илтимос қилардим. Хуллас, доимий хавотирим бор эди. Энди эса у замонавий бинода кундузги сменаларда ўқийди. Бунинг учун жуда миннатдорман.
Таъкидлаш лозимки, туманда мустақиллик байрами арафасида 6 та умумтаълим мактабининг янги бинолари фойдаланишга топширилди.
Дам маҳалласидаги 5-сонли мактабнинг 540 ўринли янги биносининг фойдаланишга топширилиши ҳам маҳалла аҳли учун ажойиб туҳфа бўлди. Шу кунга қадар 240 ўринли бинода минг нафарга яқин ўқувчи тиқилиб, 4 сменада таълим олаётганди. Қўшимча янги бинонинг қурилиши, бу борадаги муаммоларга ечим бўлди.
– Мактабимизга қўшимча янги бино қуриб берилиши, энг аввало, мени жуда хурсанд қилди, – дейди фахрий педагог Раъно Фозилова. – 1973 йилда шу маҳаллага келин бўлиб тушганман. Халқнинг фарзандларига бошланғич таълимдан дарс берганман. Эски боғча биносининг бир нечта хонасида дарс ўтардик. Ҳеч қандай шароит йўқ эди. Шу мактабда 35 йил ўқитувчилик қилдим. Жуда қийин даврларда ишладик. Ўқувчиларнинг формаларини ҳам ўзимиз қўлда тикиб ташкил қилганмиз. Ҳатто ўқувчилар кийимларининг тугмаси ҳам бўлмасди. Доим игна, ип ёнимда юрарди. Ҳозир бу воқеаларни шогирлар билан кўришганда, кулиб эслаймиз. Янги бино очилишини эшитиб, уйда тура олмадим. Кўришга келдим. Мана энди бу замонавий бинони қаранг. Ҳамма шароитлари бор. Кенг ва ёруғ. Набираларим шу ерда таълим олиши мени фахрлантиради.
Мустақиллик байрами арафасида тумандаги Чоршанба маҳалласи аҳолисининг ҳам узоқ йиллик орзулари ушалди. Ҳудудда 50 қатновга мўлжалланган 7,5 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатадиган “Баҳористон” оилавий шифокорлик пункти бюджет маблағи ҳисобидан капитал реконструкция қилиниб, янгидан барпо этилди. Туман марказидан 20 километр узоқликда жойлашган маҳалла аҳли шу кунга қадар сифатли тиббий хизматдан қийналиб келарди.
Замонавий тиббиёт пунктида 25 нафар тиббиёт ходими хизмат қилмоқда. Сўнгги русумдаги ЭКГ ва лаборатория ускунлари аҳоли хизматида. Кундузги стационар даволаниш учун ҳам 4 та ўрин ажратилди.
– Бу тиббиёт маскани маҳалламиз аҳлига ҳақиқий совға бўлди, – дейди шу қишлоқлик 72 ёшли фарий Аъзамхон Асилов. – Олдин одамларимиз биттагина эмлаш олиш учун ҳам қайларгадир бориб, сарсон-саргардон бўлиб юрарди. Узоқ масофага қатнаб, туман марказига борарди. Энди бунга ҳожат қолмади. Шу ернинг ўзида текширувлардан ўтказиб, ташхис қўйишмоқда. Бундан халқимиз жуда миннатдор.
Туманда байрам шукуҳи давом этаркан, янги иншоотларнинг тантанали очилишида вилоят раҳбари Муротжон Азимов ва сектор раҳбарлари ҳам бевосита иштирок этди ва чироқчиликларнинг ҳурсандчилигига шерик бўлишди. Туман ҳокими бошчилигидаги масъуллар бу йилги байрамга ҳақиқатда ўзгача тайёргарлик кўришганини очилиши керак бўлган объектларнинг кўплигидан ҳам пайқаш мумкин. 33 йиллик юбилейга 33 та объект. Бинолар вилоят ҳокими бошчилигида онлайн тарзда фойдаланишга топширилди.
Ҳудудларда байрам шукуҳи мана шу тарзда давом этмоқда ва бу мустақил юртимизнинг фаровонлашуви, одамларимиз ҳаётининг ўзгараётганидан даракдир.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |