Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 12-13 март кунлари Навоий вилоятида бўлди.
Ташрифнинг иккинчи куни Президентимиз Навоий шаҳрида вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Видеоконференцалоқа шаклида ўтган йиғилишда вилоят фаоллари, депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари, нуронийлар, ёш тадбиркорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари вилоятни комплекс ривожлантиришга қаратилган долзарб вазифаларни белгилаб берди.
Қайд этилганидек, Навоий вилояти юртимиз саноатининг мустаҳкам устуни бўлиб, унинг 10 фоиз маҳсулотини таъминлайди. Ислоҳотлар натижасида ўтган йили вилоятда инвестициялар 1,8 баробар, қурилиш ишлари 28 фоиз, хизмат кўрсатиш – 12 фоизга ўсган. Шунингдек, қарийб 1 триллион сўм инвестиция ҳисобига 420 та ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилган.
Йиғилишда мавжуд резерв ва имкониятлардан тўла фойдаланилмаётгани таъкидланди. Вилоят иқтисодиёти асосан бир нечта йирик корхонага боғлиқ бўлиб қолгани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик етарли даражада ривожланмагани қайд этилди.
Вилоятда тадбиркорликни ривожлантиришга жиддий туртки бериш учун шундай қулай ва жозибадор бизнес муҳитини яратиш керакки, нафақат маҳаллий, балки бошқа вилоятлар аҳолиси ҳам бу ерга келиб, тадбиркорлик билан шуғулланишга интилсин. Бошқача айтганда, Навоий вилояти – тадбиркорлар вилоятига айланиши керак, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари Навоий вилоятини экспортга йўналтирилган инновацион ва юқори технологияли ишлаб чиқаришлар бўйича эркин иқтисодий зонага айлантиришни таклиф қилди. Қайд этилганидек, бунинг учун Бош вазир ўринбосари раҳбарлигида махсус комиссия тузилиб, мазкур иқтисодий зона иштирокчиларига бериладиган имтиёз ва енгилликлар тизими белгиланади.
Йиғилишда инвестицияларни фаол жалб қилиш, янги замонавий корхоналар ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Навоий вилоятида 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган умумий қиймати 26 триллион 368 миллиард сўмлик 511 та инвестиция лойиҳасидан иборат дастур ишлаб чиқилгани маълум қилинди.
Мазкур дастур доирасида 1 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш, 17 минг 400 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Жумладан, Навоий иссиқлик электр станцияси, “Қизилқумцемент”, “Навоийазот” акциядорлик жамиятлари ва бошқа тармоқларда 12 та йирик лойиҳа амалга оширилади.
Биринчи навбатда, Нурота, Хатирчи, Томди, Конимех каби ривожланиш даражаси паст бўлган туманларда янги саноат корхоналарини ташкил этишга устувор аҳамият қаратиш лозимлиги қайд этилди.
Президентимиз Нурота туманидаги Ғозғон посёлкасига шаҳар мақомини бериб, уни пардоз тошлари қазиб олиш ва ишлов беришга ихтисослашган саноат шаҳрига айлантириш таклифини илгари сурди. Гранит ва бошқа пардоз тошларини саноат усулида қазиб олиш, ишлов бериш ва тайёр қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналаридан иборат кластер ташкил этиш бўйича қиймати камида 200 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича топшириқ берилди.
Давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалигидаги имкониятларни ҳам таҳлил қилиб, пахтадан бўшаган майдонларда бозорбоп мева-сабзавот етиштириш, вилоятда томорқалардан самарали фойдаланиш ҳисобига қишлоқ аҳолисини банд қилиш ва даромадини ошириш, томорқаларга экин экишни давлат сиёсати даражасига кўтариш, тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қоракўл тери тайёрлашни кўпайтириш, экспорт ҳажмини ошириш бўйича топшириқлар берди.
Мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, аҳоли ҳаёти сифатини, инвестиция иқлимини, ишчанлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат хизматлари марказларида аҳолига тез, сифатли ва кенг турдаги давлат хизматлари кўрсатиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Шавкат Мирзиёев фаоллар йиғилишидан сўнг Навоий шаҳар Давлат хизматлари маркази фаолияти билан танишди.
Марказда электрон навбат тизими жорий этилган, фуқароларга 100 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатилади. Нотариал хизматлар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш, паспортни расмийлаштириш, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш ва бошқалар шу ернинг ўзида амалга оширилади.
Мижозларга қулайлик яратиш мақсадида болалар майдончаси, кафе, мутолаа хонаси, бепул Wi-Fi алоқаси ташкил этилган. Бу ерга келганлар улардан фойдаланиб, кутиш вақтини мазмунли ўтказиши мумкин.
Марказга келолмайдиган ҳамда олис овул ва қишлоқларда яшайдиган аҳоли учун махсус транспортларда жойларга чиққан ҳолда хизмат кўрсатилади.
Президентимиз марказ фаолияти билан танишар экан, бундай марказларда асосий мақсад фуқароларни давлат идоралари фаолиятидан рози қилиш эканини таъкидлади.
Давлат хизматлари марказларида энг асосий талаб – муомала маданияти бўлиши керак. Бу ерга келган ҳар бир инсон муаммосига ечим, саволига жавоб топиши лозим. Барча ҳаракатларимиз ана шу мақсадга қаратилган, деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз Халқ қабулхонасининг марказдаги бўлимига кириб, ходимлар билан суҳбатлашди. Аҳоли қандай масалалар бўйича мурожаат қилаётгани билан қизиқди.
Шу ерда Навоий вилоятида тадбиркорлик, кичик бизнес ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга доир лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Хусусан, эксперимент тариқасида “Навоий – тадбикорлар вилояти” лойиҳаси амалга оширилади. Бунда қулайлик яратиш мақсадида тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишда давлат божи икки баробар камайтирилади. Қатор хизмат кўрсатиш соҳаларига имтиёзлар берилади.
Президентимиз давлат хизматлари марказда тадбиркорлар учун хизмат турларини кенгайтириш, хусусан, уларга ер ажратиш, қурилишга рухсат олиш каби жараёнларни интеграциялаш бўйича кўрсатмалар берди.
Шавкат Мирзиёев Навоий шаҳридаги 3-сонли ички ишлар бўлимини бориб кўрди.
Президентимизга бу ерда яратилган шароитлар, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди. Жорий йилнинг январь-февраль ойларида Навоий вилоятида жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 54 фоиз, Навоий шаҳрида эса 63 фоиз камайгани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар билан мулоқотда аёлларнинг турмуш шароитини ўрганиб бориш, оғирини енгил қилиш зарурлигини таъкидлади.
Агар жамиятимизда адолатни қарор топтирмоқчи бўлсак, аввало, хотин-қизларнинг ишончини қозонишимиз, уларни асрашимиз керак. Аёлнинг яшаш тарзи, дунёқараши оила муҳитини белгилайди. Бу фарзандлар тарбияси учун жуда муҳим, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари ички ишлар бўлимидаги ситуацион марказни кўздан кечирди. Жамоат хавфсизлигини таъминлашга ихтисослашган дастурий маҳсулотлар яратиш, жиноятчиликни турлари бўйича таҳлил қилиб, уларнинг олдини олиш юзасидан тавсиялар берди.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига ташрифи якунланди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |