Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги Манас қишлоғида “Обод қишлоқ” дастури бўйича бошланган ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.
Қишлоқдаги ноқонуний қурилган иншоотлар бузилиб, чиқиндилардан тозаланмоқда. Энг муҳими, бу ишларда қишлоқ фуқаролари ҳам фаол иштирок этаётир.
Қишлоқнинг марказий кўчаси – Кумушкентда бетартиб қурилган турли иншоотлар туфайли кўчалар ва йўлларнинг қаёқдалигини билиб бўлмасди. Уйлар атрофидаги эски сим тўсиқлар олиб ташланиб, йиллар давомида тупроқ ва чиқиндиларга кўмилиб кетган, яроқсиз ҳолатдаги бетон ариқлар янгисига алмаштирилди. Кўчанинг икки томонида йўловчилар юриши учун мўлжалланган йўлаклар барпо этилди. Бунинг учун вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси ва Дўстлик тумани йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхонасининг 100 дан ортиқ техникаси ва ишчилари бир неча кун ишлашига тўғри келди.
Ноқонуний қурилган иншоотлар олиб ташлангач, турар жойларнинг асл қиёфаси кўзга ташланиб, кўп йиллик эътиборсизлик, дидсизлик, дангасалик каби барча иллатларнинг натижасини намоён этди. Синиқ шиферлардан оққан сувдан захлаб, шўри юзага чиқиб келган деворлар, ойнаси синган турли ҳажмдаги ромлар, “буржейка”ларнинг деразалардан чиқарилган қийшиқ мўрилари кўп қаватли уйлар, коттежларнинг оддий кўринишига айланиб қолган эди.
Айни пайтда 34 кўп қаватли уйнинг том қисмини таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда. Том ёпилгач, деворлар, эшик-ромлар таъмирланди. Бу ишда хонадон эгалари фаол иштирок этди. Албатта қурилиш материаллари текин. Уйларнинг ички ва ташқи қисмини оқлаш ишларига 20 тонна оҳак тарқатилди. 167 хонадонда оқлаш, 85 хонадонда қумсувоқ ишлари бажарилди.
– Пардозлаш ишлари бўйича махсус бригада туздик, – дейди Кумушкент кўчасидаги уйларни сувоқ қилаётган қизлар етакчиси Гулнора Аҳмедова. – Ишчиларнинг барчаси қишлоғимиз қизлари. Ўн беш кишилик жамоамизда бу ишнинг усталари анчагина. Туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан бу ишимиз ҳақ тўланадиган жамоатчилик иши сифатида расмийлаштирилиши бизга жуда маъқул бўлди.
Аммо уйлар олдидаги бузиб ташланган иншоотлар, гарчи ноқонуний, тартибсиз қурилган бўлсада, зарурият, одамларнинг кундалик эҳтиёжини қондириб келаётган эди. Шунинг учун тезлик билан уларнинг ўрнига техник, хавфсизлик, санитария талабларига жавоб берадиган янгиларини барпо этишга тўғри келди. Қисқа муддатда ушбу талабларга жавоб берадиган 17 ҳожатхона ва 17 тандирхона қурилиши режа асосида бошланди.
Турар жойлар билан бир вақтда ҳудуддаги кўча ва йўллар ҳам тартибга келтирилмоқда. Йўллар четига оқова сувлар учун 3,6 километр лоток ўрнатилиши режалаштирилиб, ҳозиргача бу ишнинг 1,1 километр қисми бажарилди. 1,8 километр кўча чети лотоклар ётқизиш учун тайёрланди. Таъмирталаб кўчаларга қум-шағал тўкилиб, текисланди.
Ҳисоб-китобларга кўра, 22 кўчанинг барчасига тўлиқ тош-шағал ётқизилди. Улардан 10 таси эни 6 метр кенгликда асфальтланади.
Таъмирлаш ишлари тугатилган кўчаларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш тадбирлари қизғин бораётир. Бу ишда маҳаллалар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда. Айниқса, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи етакчилигидаги 50 нафар ёшлардан ташкил топган “Бунёдкор" ёшлар отряди қишлоқнинг Алпомиш кўчасини ободонлаштириш ишларини амалга оширмоқда.
Ёшларнинг ғайрати билан 10 хонадоннинг кўча қисми тўлиқ тартибга келтирилди. Дарахтларга шакл берилиб, оқланди, янги кўчатлар экилди.
– Қишлоғимиздаги ўзгаришлардан беҳад хурсандмиз, – дейди Фаробий кўчасидаги 8-уйда яшовчи 80 ёшли отахон Маъмур Мавлонов. – 20 йилдан буён эътибордан четда қолиб келаётган қишлоғимизга Президентимизнинг назари тушди, демак бу ишнинг охири бахайр бўлади. Қишлоқда амалга оширилаётган ободлик бугун одамларнинг кўнглига кўчмоқда. Юрт обод – кўнгил обод, деб бежиз айтилмаган. Бу ишлар бугунги кундан мамнунлик, эртанги кунга ишонч уйғотмоқда.
Ҳа, бугун қишлоқда олиб борилаётган ишлар барчанинг кўнглини кўтармоқда. Мазкур саъй-ҳаракатларнинг кўлами, қамрови, суъати, одамлардаги ғайрат-шижоат Манас қишлоғи юртимизнинг энг обод ва кўркам масканларидан бирига айланишидан далолат бериб турибди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |