Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг хабар беришича, Бухоро вилояти Вобкент туманида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ҳамда вилоят тиббиёт муассасалари раҳбарлари иштирокида сайёр қабул ўтказилди.
Вобкент, Ғиждувон, Шофиркон, Ромитан, Пешку ҳамда Бухоро туманлари фуқаролари қатнашган мазкур тадбирда 57 нафар фуқаронинг мурожаати атрофлича ўрганиб чиқилди ва ижобий ҳал этилди.
Қайд этиш жоизки, мурожаатларнинг асосий қисми туғма юрак нуқсони, таянч-ҳаракат аъзолари, асаб тизими, буйрак ва нафас йўллари хасталиклари юзасидан бўлиб, уларнинг аксарияти имтиёзли асосда тегишлилиги бўйича вилоят тиббиёт муассасалари ва республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида даволаниши белгиланди.
Жумладан, кардиологик жарроҳлик операцияси орқали даволанишда амалий ёрдам сўраган вобкентлик Мафтуна Эргашевага Республика ихтисослаштириш хирургия илмий-амалий тиббиёт марказига даволаш ва операция қилиш учун имтиёзли асосда йўлланма бериладиган бўлди. Ногиронлик аравачасига эҳтиёжи бор яна бир вобкентлик фуқаро Жалил Жўраевга шу ернинг ўзида ногиронлик аравачаси тақдим этилди.
Шофиркон туманидан Ўғилой Камолова эса бош мия хасталиги билан оғриган набираси Мирзоҳид Хайруллаевнинг даволаниши учун амалий ёрдам сўради. Ушбу мурожаат юзасидан вилоят тиббиёт муассасаларидан педиатр, психиатр, невропатолог, ортопед каби етакчи тор мутахассисларни туманга юбориб, беморни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, тажрибали мутахассислар иштирокида консилиум қилган ҳолда вилоят ёки республика тиббиёт муассасаларида даволаш чораларини кўриш белгиланди.
Сайёр қабулда ромитанлик Дилмурод Саидовнинг муаммоси ҳам ечим топди. У икки томонлама коксартроз операциядан кейинги ҳолат ташхиси билан даволаниш ва операция учун амалий ёрдам сўраган эди. Уни эндопротез билан таъминлаш масаласи шу куннинг ўзида ҳал қилиниб, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида имтиёзли равишда операция қилиш ва даволаш режалаштирилди.
Ҳозирги кунда жойларда аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Шу маънода, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мунтазам ташкил этилаётган сайёр қабуллар тиббиёт ходимлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Шундан келиб чиқиб, халқ билан янада самарали мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ҳаётий эҳтиёж ва талабларини яқиндан билиш, хусусан, юртимизда кўрсатилаётган кафолатланган ҳамда бошқа тиббий хизмат турлари бўйича ҳал этилмаган муаммо ёки таклифларни атрофлича ўрганиб, уларга ўз вақтида ечим топиш муҳим аҳамият касб этади.
Сайёр қабулда иштирок этган фуқаролар соғлиқ аталмиш улкан бойликни асраб-авайлашда ўз ёрдамини аямаётган шифокорларга миннатдорлик билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг виртуал қабулхонаси ташкил этилган бўлиб, фуқаролар вазирликнинг расмий веб-сайти – www.ssv.uz, шунингдек, ушбу интернет манзилида кўрсатилган электрон почта ёхуд телефон орқали мазкур виртуал қабулхонага тўғридан-тўғри мурожаат юбориши мумкин. Ҳар бир мурожаат шахсан Соғлиқни сақлаш вазири томонидан кўриб чиқилиб, назоратга олинади ҳамда қонун доирасида ҳал этилади.
ЎзА
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |