Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги ПҚ-3630-сон Қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
“Обод қишлоқ” дастурининг 2018 йил учун мўлжалланган мақсадли параметрлари ҳамда дастур доирасида 2018 йилда амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг асосий кўрсаткичлари 1 ва 2-иловаларга мувофиқ;
“Обод қишлоқ” дастури доирасида 2018 йилда амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг молиявий кўрсаткичлари 3-иловага мувофиқ;
“Обод қишлоқ” дастури доирасида ишлаб чиқариш корхоналарига табиий газ ва электр энергиясини аҳоли учун белгиланган нархларда етказиб бериш префернциялари татбиқ этиладиган асосий турдаги қурилиш материаллари рўйхати 4-иловага мувофиқ;
“Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш учун туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган махсус штабларнинг намунавий таркиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. “Обод қишлоқ” дастурининг амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб аталади) 6-иловага мувофиқ таркибда тузилсин ҳамда унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
дастурда иштирок этаётган вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимликлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, шунингдек, юзага келган муаммоли масалаларни ҳал этиш;
қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича белгиланган параметрлар ижросини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаш юзасидан тизимли мониторинг юритиш;
келгуси йиллар учун “Обод қишлоқ” дастурини тайёрлаш, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган қишлоқ аҳоли пунктлари рўйхатини шакллантириш ва дастур параметрларини ишлаб чиқиш;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, вазирлик, идора ва ташкилотлар – буюртмачиларнинг таклифлари асосида тасдиқланган дастурнинг тегишли параметрларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, бажариладиган иш турлари ва ҳажмлари ҳамда молиялаштириш манбаларига келишилган ҳолда аниқлик киритиш.
Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти Республика комиссиясининг Ишчи органи этиб белгилансин ҳамда унга келгуси йиллар учун “Обод қишлоқ” дастурини ишлаб чиқиш, қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган қишлоқ аҳоли пунктлари рўйхатини шакллантириш ва дастур параметрларини ишлаб чиқиш вазифаси юклансин.
Республика комиссияси (Раматов) Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқиб, ўн кун муддатда маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли вазирлик (идора)лар томонидан ишлаб чиқилган ҳамда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган туман ва қишлоқлар кесимидаги манзилли рўйхатларни тасдиқласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, бошқа тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда келгуси йил Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш дастури параметрларини шакллантиришда “Обод қишлоқ” дастури доирасида 2019 йилда амалга ошириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари учун зарур марказлашган капитал қўйилмалар лимитини кўзда тутсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖ “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида ижтимоий соҳа объектлари, йўл-транспорт инфратузилмаси ва муҳандислик коммуникациялари қурилишига халқаро молия институтларининг кредит маблағларини жалб қилиш учун лойиҳанинг молиявий-иқтисодий ҳисоботини (лойиҳаолди ҳужжатини) ўн беш кун муддатда тайёрлаб, Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига тақдим этсин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р.Холмуродов вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари томонидан тақдим этилган лойиҳаларнинг молиявий-иқтисодий ҳисоботлари (лойиҳаолди ҳужжатлари) асосида “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишга халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукуматлар молиялаштирувчи ташкилотларининг узоқ муддатли имтиёзли кредитлари ва грант маблағларини жалб этиш чораларини кўрсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман (шаҳар)лар ҳокимликлари бир ой муддатда тегишли вазирлик, идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган ҳар бир туман (шаҳар) ва қишлоқ бўйича махсус штабларни шакллантириб, уларнинг фаолиятини йўлга қўйсин, шунингдек, ҳар бир объект кесимида тармоқ жадвалларини тасдиқласин ва мониторинг натижаларини ҳар ой якуни билан Республика комиссиясига тақдим этиб борсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ, бошқа тегишли вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари “Обод қишлоқ” дастури доирасида қишлоқ аҳоли пунктларида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бажариш учун тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ асосий турдаги маҳаллий қурилиш материаллари, буюмлари ва жиҳозлари билан узлуксиз таъминлаш чораларини кўрсин.
“Ўзқурилишматериаллари” АЖ, “Ўзметкомбинат” АЖ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзмахсусмонтажқурилиш” АК, “Ўзэлтехсаноат” АК, таркибида қурилиш материаллари ва жиҳозлари ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд бўлган хўжалик бирлашмалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва сектор раҳбарлари билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бажаришга маҳаллий қурилиш материаллари, буюмлари ва жиҳозларини етказиб бериш учун жойларда савдо шохобчалари – корхоналарнинг фирма дўконлари ва филиалларини комплекс тарзда ташкил этсин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, секторлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси “Давергеодезкадастр” қўмитаси, “Давархитектқурилиш” қўмитаси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Давлат автомобиль йўллари қўмитаси, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, бошқа тегишли идора ва ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддатда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларини хатловдан ўтказиб, уларнинг натижаларига кўра:
мавжуд уй-жойлар, бино-иншоотлар, инфратузилма объектлари, йўл-транспорт ва муҳандислик коммуникацияларининг техник ҳолатини ўргансин ҳамда шу асосда уларда қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилишини;
техник талабларга жавоб бермайдиган ёки ноқонуний равишда қурилган бино-иншоотлар ва қурилмаларнинг бузилишини;
ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонлари туман ҳокимликларининг ер захира фондларига олинишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Давлат автомобиль йўллари қўмитаси “Обод қишлоқ” дастури доирасида туман марказидан қишлоқларгача бўлган йўлларни, қишлоқларнинг марказий кўчаларини ва асфальт билан қопланган йўлларни таъмирлаш, қишлоқларнинг асфальт қопламасиз ички йўлларига қум-шағал қоришма ётқизиш ва пиёдалар йўлакларига бетон қоплама ётқизишни назарда тутувчи лойиҳа ечимлари асосида амалга оширсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман (шаҳар)лар ҳокимлари ҳамда секторлар раҳбарлари билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида мавжуд кўп хонадонли уй-жой фондини яхшилаш, умумфойдаланув қисмлари ва майдонларини (фасад, подъезд, зина майдонлари, том, ертўла, тротуар, болалар майдончалари) таъмирлаш, маиший инфратузилма объектларини (ташқи санитария тармоқлари, тандирхона) жойлаштириш ҳамда атроф-ҳудудини тартибга келтириш бўйича намунавий талабларни (эскиз лойиҳасини) ишлаб чиқиб, ишларни шу асосда амалга оширишни таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси “Давархитектқурилиш” қўмитаси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва сектор раҳбарлари билан биргаликда ҳар бир хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари учун алоҳида лойиҳа ташкилотларини бириктириб, улар томонидан кўп хонадонли уй-жой фондини яхшилаш, ташқи қиёфасини тартибга келтириш, умумфойдаланув қисмлари ва майдонларини таъмирлаш, маиший инфратузилма объектларини жойлаштириш ҳамда атроф ҳудудини ободонлаштириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Давлат экология қўмитаси ҳудудий “Тоза ҳудуд” ДУКлар билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида чиқинди йиғиш пунктларини барпо этиб, тизимли равишда чиқиндиларни йиғиш, олиб кетиш ва утилизация қилиш ишларини ташкил қилсин ҳамда мазкур ишларни бажарадиган корхоналарни зарур транспорт воситалари, техника ва машина-механизмлар билан таъминлаш юзасидан чоралар кўрсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, секторлар раҳбарлари, хўжалик бирлашмалари, корхона ва ташкилотлар билан биргаликда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктларида янги иш ўринлари яратиш ва аҳолининг иш билан бандлиги оширилишини таъминласин.
Бунда мавжуд захира ва имкониятлардан самарали фойдаланиш, бўш турган бино-иншоотларда ишлаб чиқариш ва инфратузилма объектларини ташкил этиш, ижтимоий соҳа ва бозор инфратузилмаси объектларини қуриш ва таъмирлаш, шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаларини барпо этиш ҳамда уларнинг тармоқларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилсин.
12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов, Бош вазир ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров ва С.Р.Холмуродов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш. Мирзиёев
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |