Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдураҳим ота Мавлоновнинг 100 ёшлик таваллуд айёми унутилмас воқеаларга бой бўлди.
Эзгу амалларнинг қаноти узун бўлади. Президент виртуал қабулхонасига мурожаатидан сўнг 100 ёш билан юзлашган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдураҳим ота Мавлоновнинг 28 йиллик орзуси рўёбга чиқди.
Абдураҳим ота Тожикистон Республикаси Матчоҳ тумани Уммати қишлоғида туғилган. 1991 йили мамлакатимизга кўчиб келиб, Олмалиқ шаҳрининг олис тоғли қишлоғи – Тераклидан уй-жой қилган. Иккинчи жаҳон урушидан ногирон бўлиб қайтгач, 40 йилдан зиёд мактабда ишлаб, ўқувчиларга бошланғич таълимдан сабоқ берган. Шу қишлоқ болаларига ҳарф танитган.
7 фарзандни улғайтирган, 105 невараю чевара ардоғида бўлган отахоннинг бирдан бир орзуси Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш эди. Президент виртуал қабулхонасига мурожаатидан сўнг давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ, Абдураҳим ота Мавлоновга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилди.
Олмалиқ шаҳрида Абдураҳим бобо Мавлоновга фуқаролик паспортини топшириш маросими катта шодиёнага айланди. Бир асрлик таваллуд тўйи нишонланаётган отахонга фуқаролик паспорти билан бирга Президентимиз совғаси – “Дамас” автомобили ҳам топширилди. Бу 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдураҳим отага катта байрам туҳфаси бўлди.
Инсонларнинг эзгулик йўлидаги фидойилиги ҳамиша қадрланади, эъзозланади. Тадбирда қатнашган Беларусь Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич Абдураҳим ота Мавлоновнинг Иккинчи жаҳон урушининг оловли жанггоҳларидан бири – Беларусь ҳудудини босқинчилардан ҳимоя қилиш, айниқса, 1944 йил 3 июлда Минск шаҳрини озод қилишдаги жасорати ва фидойилигини Беларусь халқи ҳеч қачон унутмаслигини таъкидлади.
Тўйга тўёна билан деганларидек, Абдураҳим отанинг асосан деҳқончилик билан машғул катта оиласига Беларусь мамлакатида ишлаб чиқарилган замонавий трактор ҳам топширилди. Беларусь мамлакати ва халқининг бу совғаси ҳам қадр ва оқибат замон, макон, миллат ва дин танламаслигига, эзгуликнинг ҳосили фақат эзгулик эканига яна бир ҳаётий исбот бўлди.
Шу куни Абдураҳим бобо Мавлоновнинг қўшалоқ байрами Олмалиқнинг олис Теракли қишлоғи бўйлаб акс садо берди.
А.Худойқулов, О.Ғуломов (сурат), ЎзА
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |