Сирдарё вилояти Ховос туманидаги “Ховос темирйўлчилар маданият саройи”да очиқ мулоқот ўтказилди.
Президент Администрацияси масъул ходими Бекзод Болиев, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Муҳиддин Жўраев, вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев ва барча секторлар ҳамда корхона, ташкилот, идоралар раҳбарлари иштирок этган қабулда 500 дан ортиқ аҳоли иштирок этди.
– Эрталабдан буён солиқ, тадбиркорлик, бандлик ва бошқа ижтимоий-иқтисодий масалалар билан 50 нафарга яқин фуқаро мурожаат қилди, – дейди вилоят адлия бошқармаси бўлими бошлиғи А.Мавлонов. – Ачинарлиси, баъзи фуқароларимиз йил давомида ўтказилган, ноқонуний қурилган уй-жойларнинг амнистияси бўйича бир маротабалик акциядан фойдаланмаган. Мурожаатчиларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, 40 нафардан ортиқроқ фуқаронинг мурожаатлари ёзма равишда қабул қилинди. Мурожаатчилар томонидан кўтарилган масалаларнинг ҳал этилиши жойига чиқиб ўрганишни ҳамда бироз бўлсада вақтни талаб қилиши ва албатта кўмаклашишимиз тўғрисида атрофлича тушунча берилди.
Вилоят туман ва шаҳарлардан оммавий қабулга келган фуқаролар бугуннинг ўзида, мутасадди вазирлик, вилоят идоралари, шунингдек, вилоят адлия бошқармаси, шаҳар ва туманлар адлия бўлимлари, давлат хизматлари агентлиги ҳудудий бошқармаси ҳамда туман давлат хизматлари маркази ва барча мутасадди вилоят ташкилотлари масъул ходимлари томонидан қабул қилинади.
Оммавий қабулда аёллар томонидан кўтарилган муаммолар ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Хотин-қизлар томонидан кўтарилган масалаларнинг асосий қисми бандликни таъминлаш, тижорат банклари кредит маблағлари ажратишни кечикаётгани, уй-жой таъминоти ва ижтимоий ҳимоя борасида бўлди. Қувонарлиси кўтарилган масалаларнинг кўпчилиги жойида бартараф этилди.
– Бироз эҳтиётсизлигим, эътиборсизлигим оқибатида хонадонимда газ баллон портлаб оқибатда турар жойим яшаш учун яроқсиз аҳволга келиб қолди, – дейди Ховос тумандаги Мустақилликнинг 25 йиллиги маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Гулнора Жўраева. – Жой талофати бўлсада, жон талофати бўлмаганига минг шукур. Бугунги оммавий сайёр қабулда уйим тўлиқ таъмирлаб берилиши учун тегишли ташкилотларга зарур топшириқлар берилиб, аниқ муддат белгиланди. Раҳбарларнинг фуқаролар билан бугунгидек сайёр қабулни ташкил этиш ташаббусини илгари сурган Президентимизга минг раҳмат.
– Тўғриси, арзир-арзимас нарсаларга ҳам, ота-онам ва жон-жигарларимни уйига бориб-келишга ҳам, болаларимни мактабию, боғчаси учун ҳам турмуш ўртоғимдан пул сўрайвериб, ўзим эзилиб кетдим, – дейди тумандаги Бунёдкор маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, вақтинчалик ишсиз Барно Сангилова. – Биз ўқиган даврда мактабларда 8 йиллик шаҳодатнома ва ўрта маълумот тўғрисида аттестатдан бошқа ҳеч қанақа ҳужжат берилмасди. Ҳозир эса қаерга иш сўраб борсанг мутахассислигинг бўйича диплом сўрашади. Бизни давримизда касб-ҳунар ўрганиш учун СПТУга кириб ўқиш керак эди. У ерда эса асосан дарсларни ўзлаштиролмаган, қолоқ, тарбияси бўш, хулқи паст бўлган ўқувчилар таҳсил олиш учун жўнатиларди. Шунга қарамай, ўшанақа ўқув муассасаси ҳам ҳамма жойда бўлмаган, бори ҳам ўғил болалар касби бўйича эди.
Худога минг шукур, менга ўхшаб касб-кори йўқларга ҳам иш топиб бераётган Давлатимиз раҳбарининг азиз бошлари ҳамиша омон бўлсин. Энди, мен ҳам ҳақ тўланадиган жамоатчилик ишида фаолият юритадиган бўлдим.
Оммавий сайёр қабул халқ сайлига айланиб кетди, жисмонан чекланган фуқаролардан 40 нафарига ҳомийлар томонидан ногиронлик аравачалари, яна 40 нафарига маиший техника жиҳозлари, жумладан: газ плиталари, мультиваркалар, духовка ва бошқа уй-рўзғор жиҳозлари улашилди.
Туманда истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларга бир қопдан ун, бир қопдан пиёз, 5 литрдан ўсимлик ёғи, макарон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Оммавий қабул доирасида Сирдарё вилояти ОИТСга қарши кураш маркази ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси ҳамкорликда Саломатлик кунлари акциясини ўтказди.
Ушбу акция доирасида ультратовуш аппаратида бепул текшириш, қон таҳлиллари олиш ҳамда тиббий маслаҳатлар бериш ишлари қизғин амалга оширилмоқда.
– Бугун туманимизда ўтаётган оммавий сайёр қабул ҳамда Саломатлик акцияси тунгача давом этади, – дейди Ховос туман ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Ҳ.Бердиёрова. – Бугунги оммавий қабулга келган фуқароларимиз учун “Ховос темирйўлчилар маданият саройи” ошхонасида 500 кишилик ифторлик дастурхони ташкил этганмиз. Муборак рамазон кунларида ифторлигини қилиб, сўнгра уйларига кетишади. Бундан ташқари, “Оналар ва болалар” хоналари ташкил этилган. У ерда оналар ва болалар учун “фушер тушликлари” ва бошқа барча зарур шароитлар яратилган.
Бандлик масаласида келиб, ишга жойлашганлар, тадбиркорлик йўлида муаммоларга дуч келган, сайёр қабулда ниҳоят ечимини топган фуқароларнинг юз-кўзларида табассум – тадбирнинг аҳамияти борасидаги энг тўғри баҳодир.
Бугунги оммавий сайёр қабулдан келиб чиқиб, хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, халқ билан мулоқотлар аҳоли муаммоларини бартараф этилишига, яшаш шароитини енгиллаштиришга бевосита кўмак берди.
Президентимизнинг таъкиди билан айтганда, ҳар бир раҳбар халқ билан мулоқот қилиши, халқ орасига кириши, халқнинг дарду ташвишини ўрганиши ва уни ҳал этиши, халқ билан бирга бир ҳаводан нафас олиши лозим, деган жумлаларини ўзларига дастуриламал қилиб олса, нур устига аъло нур бўлар эди.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |