Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида вилоят ҳокимлиги ва вилоят халқ қабулхонаси ҳамкорлигида ўтказилган сайёр қабулда аҳолининг кўплаб муаммолари ҳал этилди.
Сектор раҳбарлари, вилоят ташкилотлари, туман ҳокимлиги мутасаддилари иштирок этган тадбирда 200 дан зиёд фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилди. 43 мурожаат жойида ҳал этилди. 10 дан зиёд шикоятлар бўйича атрофлича тушунтириш ва тавсиялар, қолган аризаларни ўрганиш ва ижросини таъминлаш бўйича вилоят ташкилотларига топшириқлар берилди.
Чироқчи тумани Кешмиштепа маҳалласи аҳолиси электр таъминоти ва ичимлик суви масаласида қийналиб келади. Қабулда мутасаддилар уларнинг дардини эшитиб, муаммони ижобий ҳал этишга ваъда берди.
– Маҳалламиз аҳли, айниқса, ичимлик сувидан қийналади, – дейди Шаҳло Қаюмова. – Қиммат нархда узоқ масофадан ташиб келтирамиз. Бу масала юзасидан кўп бора мурожаат қилганмиз, лекин муаммо ҳал бўлмасдан келаётган эди. Бугун сайёр қабулга келган вилоят ва туман мутасаддилари масаламизни ўрганиб чиқишга ва ҳал этишга ваъда берди. Бундан хурсанд бўлдик.
Муаммо ва камчиликларни жойига бориб, ўрганиш ва бартараф этиш тизими анъанага айланиб бораётгани кенг халқ оммасини мамнун қилмоқда. Боиси ҳар бир мурожаат доимий назоратга олинган ҳолда ижроси таъминланмоқда. Масалан, тумандаги Кўлчиял маҳалласи фуқаролари ўтган галги сайёр қабулда маҳалласидаги трасформаторлар маънан эскиргани ва шу боис электр таъминотида узилишлар юзага келаётгани хусусида мурожаат қилган эди. Ушбу мурожаат тезда назоратга олиниб, ижобий ечим топгани сабаб қишлоқ аҳли бу сафарги қабулга миннатдорчилик билдиргани келди.
Сайёр қабул доирасида ногиронлиги бўлган ва соғлигини йўқотган бир гуруҳ фуқароларга 8 та ногиронлик аравачаси, бир нечта ҳасса ва қўлтиқтаёқ, соғлигини тиклаши учун 12 та ордер ва 5 та сиҳатгоҳга йўлланма тарқатилди. 50 га яқин ташкилот, корхона ва муассаса мавжуд бўш иш ўринлари билан иштирок этган меҳнат ярмаркасида кўпчилик фуқароларга ишга жойлашиши учун йўлланма берилди.
Соҳил маҳалласида яшовчи Мавжуда Дониёрова анчадан буён ишсиз эди. Меҳнат ярмаркасида у ўзига муносиб иш топди.
– Оиламга нафим тегсин дея иш қидириб юрган эдим, – дейди Мавжуда Дониёрова. – Шу боис сайёр қабулга келдим. Бу ерда меҳнат ярмаркаси бўлаётган экан. Хуллас ишли бўлдим. Туман тиббиёт бирлашмасига орастабон бўлиб, ишга қабул қилиндим. Бундан кўнглим тоғдек кўтарилди.
Ҳар бир мурожаат ортида халқнинг манфаати ётади. Унинг ҳал қилиниши эса кимнингдир турмуши яхшиланишига хизмат қилади. Мана шундай эзгу мақсадларни кўзлаб йўлга қўйилган бу тамойил келажакда ўз самарасини беради.
Ў.БАРОТОВ, Ж.НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |