Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов бошчилигидаги сайёр қабул 30-31 май кунлари Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида ҳам ўтказилди.
Унда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, нафақадаги ҳарбийлар ҳамда амалий кўмакка эҳтиёжманд ҳамюртларимизнинг мурожаатлари юзма-юз тингланиб, муаммолари атрофлича ҳал этилди.
Қабул аввалида, генерал-майор Азизбек Икрамов Мудофаа вазирлиги номидан Қуролли Кучлар фахрийси Дилафруз Жалилова ва шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Собир Пиржановга фарзанди учун имконияти чекланганлар аравачасини ҳамда Қуролли Кучлар фахрийси Отабой Йўлдошев ва шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Фаррух Мамажоновнинг отаси Зокиржон Дадабоевга тиббиёт қулоқчинларини топширди.
Шундан сўнг мурожаатлар бирма-бир кўриб чиқила бошланди.
Сурхондарё вилоятида бўлгани каби Қашқадарёда ҳам сайёр қабул гуруҳи кўплаб турли мурожаатларни ижобий ҳал этдилар.
“Ипотека кредити асосида уй-жой олиш учун тегишли ҳужжатларни тўплаганимга бир йилдан ошди. Айнан қачон менга уй топширилишини аниқ билмаётган эдим. Сайёр қабул гуруҳи масъул офицерлари жорий йилда менга Андижон вилоятидан уй топширилишини маълум қилишди”, – дейди подполковник Дониёрбек Асқаров.
Шунингдек, фарзандининг соғлиги сабаб хизмат жойини ўзгартиришни сўраган ҳарбий хизматчининг мурожаати ҳам ечим топадиган бўлди.
– Қашқадарё вилоятида хизмат қилаётганимга шу йил охирида беш йил тўлади, – дейди шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Олим Жунашев. – Мудофаа вазирининг ўринбосарига хизмат жойимни кўчириш юзасидан мурожаат қилдим ва вазир ўринбосари бир ой ичида бу масалани ижобий ҳал бўлишини билдирдилар. Сабаби ўн яшар ўғлим Дилшодбек Адилжанов бир йилдан бери ўткир лимфобласли лейкос (оққон) касаллиги билан оғрийди. Шифокорларнинг айтишича, бу об-ҳаво муҳити туфайли орттирилган экан. Шунингдек, фарзандимнинг даволаниши ва буткул соғайиб кетиши учун барча зарурий ёрдам кўрсатилишини айтдилар. Мен бундан ғоятда мамнунман. Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ҳамда округ қўмондонлигига миннатдорлик билдираман.
Вилоятда фаолият юритаётган давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам ўз ваколатлари бўйича билдирилган масалаларни ҳал этди.
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ фахрийлари кенгаши раиси, нафақадаги подполковник Шариф Мадиев вилоятда истиқомат қилаётган ҳарбий пенсионерларнинг хусусий тадбиркорлик ва имтиёзли кредитлар олиш борасидаги таклифларини ўрганиб чиқиб, Қашқадарё вилояти Марказий банк ижро аппарати бошлиғи Толибжон Қурбоновга юзланиб, мазкур масалага ечим топди.
Мудофаа вазири ўринбосари бошчилигидаги сайёр қабул гуруҳи кун давомида юзлаб ҳамюртларимиз билан мулоқот қилиб, уларнинг мушкулини осон қилди.
Ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун 150 кишига мўлжалланган замонавий болалар боғчаси қуриш истагини билдирган тадбиркор Исроил Алиевнинг ҳам иши битадиган бўлди.
– Мудофаа вазири ўринбосарига лойиҳамни тақдим этдим, – дейди у. – Қурилиш ишларига 2 миллиард 400 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланади. Мудофаа вазири ўринбосари лойиҳам билан яқиндан танишиб чиққач, Республика мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу масалани ҳал этишда ёрдам кўрсатишини билдирди.
Бухоро вилоятида ўтказилган сайёр қабулда ҳам кўплаб юртдошларимиз ўз мурожаатлари билан келиб, муаммоларига ечим топдилар.
Хусусан, Бухоро вилояти Олот туманида истиқомат қилувчи, хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Зафаржон Итолмасовнинг отаси Пиримқул Итолмасовнинг уй-жой олиши ҳақидаги муаммоси ҳал этилди.
“Мудофаа вазирининг тегишли буйруғида хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини уй-жой билан таъминлаш белгилаб берилган. Мазкур буйруқ асосида фуқаро Пиримқул Итолмасовнинг мурожаати кўриб чиқилди. У зарурий ҳужжатлар тақдим этганидан сўнг, юз фоизлик имтиёз билан ипотека кредити асосида уй-жой билан таъминланади, – дейди Бухоро ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисми бошлиғининг ёрдамчиси адлия капитани Руслан Латипов.
Ўтказилган сайёр қабуллар давомида Сурхондарё вилояти бўйича – 194 та,Қашқадарё вилояти бўйича – 187 та ҳамда Бухоро вилояти бўйича – 115 та (жами 496 та) мурожаатлар ўрганилиб, муаммоларнинг асосий қисми ўз ечимини топди.
Сайёр қабул кутилган натижани берди. Келгусида бошқа ҳарбий округларда ҳам шу каби қабуллар ўтказиш режалаштириляпти.
ЎзА
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |