Қашқадарё вилояти ҳокими Касби туманида Маслаҳат кенгаши ва Ҳўжаҳайрон қишлоғида сайёр қабул ўтказди.
Касби туманида Президентимизнинг 2019 йил 17 январдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, вилоят прокурори, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи иштирокида Маслаҳат кенгаши мажлиси ташкил этилди. Унда тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, туман фаоллари, вилоят ва туман ташкилот, корхона раҳбарлари қатнашди.
Жорий йил қишлоқ хўжалигига ихтисослашган Касби тумани учун муваффақиятли келди. Касбилик миришкорлар давлатга ғалла сотиш шартнома режасини ортиғи билан бажариб, 55 минг тоннадан зиёд улкан хирмон яратди. Вилоят ҳокими муваффақиятлар билан бирга тумандаги мавжуд камчиликлар хусусида ҳам тўхталиб, ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида маҳаллий бюджет ҳисобидан ички йўлларни таъмирлаш учун 2 миллиард сўм, ичимлик суви таъминоти учун 2 миллиард сўм, жами қўшимча 4 миллиард сўм ажратилишини қайд этди. Ушбу маблағни оқилона ва тўғри тақсимлаш борасида мутасадди ташкилотларга зарур кўрсатма ва топшириқлар берди.
Шундан сўнг вилоят ҳокими бошчилигида ташкилот раҳбарлари тумандаги Ҳўжаҳайрон қишлоғида сайёр қабул ўтказди. Аҳолини қийнаётган муаммолар муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари томонидан ўтказилган сайёр қабулда аксарият муаммолар жойида ечим топган бўлса, қолганлари бўйича “Йўл хариталари” белгиланиб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳал этиш чоралари кўрилди.
Қабул жараёнида фуқаролар асосан электр энергия таъминотини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш учун кредитлар ажратиш, мактабни таъмирлаш ва мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш борасида ўз таклифларини билдирди.
Касби тумани халқ таълими бўлимига қарашли 12-умумтаълим мактаби директори Шомурод Шарипов мактабда қўшимча синфхоналар ташкил этиш учун амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Натижада муаммо дастур асосида ўз ечимини топадиган бўлди. Мазкур маҳалла раиси Нарзулло Худойбердиев ҳудудда фақат битта оилавий боғча мавжудлиги, қишлоқ болалари учун мактабгача таълим муассасасига эҳтиёж борлигини айтиб ўтди. Бу масалада мазкур қишлоқ ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида иккинчи ярим йилликда нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берилди.
Эътиборли жиҳати, аксарият аҳоли вакиллари томонидан нафақат ўзи ёки оиласига тегишли, балки маҳалла, қишлоқ ижтимоий ҳаёти билан боғлиқ 32 та масала ўртага ташланди.
Хусусан, Ҳўжаҳайрон қишлоғида яшовчи Дилором опа Ҳотамова ва бошқалар 245 нафар бола 5-6 километр ҳудуддан келиб мактабга ўқишда қийинчиликларга дуч келаётгани, шу сабабли қишлоқда мактаб филиали қуриш бўйича мурожаат қилди. Бу масала келгуси йилда дастур асосида ўз ечимини топадиган бўлди.
Халқ билан мулоқот ҳудудлардаги мавжуд вазиятни пухта таҳлил қилиш имконини бериши билан ҳам аҳамиятлидир.
Ў.БАРОТОВ, ЎзА
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |