Сув инсоният учун бебаҳо неъмат, тириклигимиз манбаи. Сув бор жойда ободлик, фаровонлик, тараққиёт бўлади.
Аҳоли, айниқса чекка ва олис қишлоқларда яшовчиларнинг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш, ушбу йўналишда йиллар мобайнида йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиш давлатимиз томонидан олиб борилаётгани ижтимоий ислоҳотларнинг асосий йўналишига айланган.
Дарвоқе, халқ билан мулоқот қилишнинг ўзига хос механизмининг амалга оширилаётгани ҳудудлардаги муаммоларни эрта аниқлаш ҳамда бартараф этишга замин яратмоқда. Хусусан, тоза ичимлик суви масаласида ҳам.
Каттақўрғон тумани вилоятнинг энг йирик туманларидан саналади. Тумандаги Алижон маҳалласида яшовчи кўпсонли аҳолини шу пайтгача тоза ичимлик суви таъминоти борасидаги муаммо қийнаб келаётган эди. Аҳоли ичимлик сувини бошқа жойлардан ташиб келиш ёки сотиб олишга мажбур эди. Бу вақт оралиғида фуқароларнинг турли идора ва ташкилотларга қилган мурожаати ҳам бесамар кетди. Маҳалла аҳлининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Каттақўрғон туманидаги Халқ қабулхонасига қилган мурожаатидан сўнг қисқа фурсат ичида масала ижобий ҳал этилди. Маҳаллада 690 миллион сўм маблағ эвазига ичимлик суви қудуғи минораси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Келтирилган тоза ичимлик сувидан нафақат Алижон маҳалласи, балки мазкур ҳудудда жойлашган Ўйшин, Шўрак, Янгиқўрғонча қишлоқларининг кўп минг сонли аҳолиси ҳам баҳраманд бўлмоқда.
Худди шунингдек, туманнинг узоқ дашт ҳудудида жойлашган “Қоракўлча” маҳалласи аҳлининг ҳам кўп йиллик орзуси ушалди. Умумий қиймати 720 миллион сўмлик улкан сув иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилди. Маҳалла аҳли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Айни пайтда “Қоракўлча” маҳалласида 904 та хонадон бўлиб, уларда 4 минг 166 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ушбу сув иншоотининг ишга туширилиши эса уларнинг кўп йиллик қийинчиликларига барҳам берди.
– Қаҳратон қишнинг изғиринли ва ёзнинг жазирама иссиқ кунларида узоқдан сув ташиб келишнинг машаққати аҳолимизга кўп қийинчиликлар туғдирар эди, – дейди “Қоракўлча” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳамидулла Ёдгоров. – Мана шундай муаммоларнинг ҳал бўлаётгани аҳолининг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қиляпти.
Иштихон туманининг Кесовли, Етбурбой, Боқон қишлоқлари аҳолисини ҳам тоза ичимлик суви муаммоси йиллар давомида қийнаб келаётган эди. Олисдан сув ташиб ичишнинг эса ўзига хос машаққати бор. Мазкур қишлоқлар аҳолисининг ҳам тумандаги Халқ қабулхонасига қилган мурожаати бесамар кетмади. Қисқа фурсатда учта қишлоқда сув иншоотлари қурилиб, аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.
2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ҳисобидан мазкур қишлоқларда сув минораси қурилиб, 5 километрга яқин сув тармоғи тортилди. Шунингдек, сувни фильтрлаш ускуналари, қўшимча трансформатор ўрнатилиб, ҳимоя деворлари қурилди.
Оқдарё туманининг Янгиравот қишлоғи аҳли ҳам тоза ичимлик суви келганидан мамнун. Қишлоқ аҳолисининг мурожаатларидан кейин 560 миллион сўм маблағ эвазига сув иншооти барпо этилди. 12 километр узунликда сув тармоғи тортилди. Натижада 650 нафар аҳоли оби ҳаёт билан таъминланди. Бугун қишлоққа сув келиб, янада файзли ва кўркам қиёфа касб этмоқда.
Туманнинг “Миёнқол“ маҳалласидаги 756 та хонадонда 4 минг 83 нафар аҳоли яшайди. Уларнинг ҳам орзуси тоза ичимлик суви эди. Фуқароларнинг мурожаатларидан сўнг бу ерда 487 миллион сўм маблағ ҳисобидан сув иншооти қурилиб, 1,5 километр тармоқ тортилди. Ушбу иншоотнинг қурилиши билан аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган талаби қондирилди.
Бугун халқни йиллар давомида ўйлантириб келаётган ва ечимини кутаётган муаммоларнинг ҳал бўлаётгани олис ва чекка қишлоқ аҳолисининг ҳаётига янгича мазмун олиб кираётир. Уларни ҳаётдан рози бўлиб яшаши ва давлатга, давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, ЎзА
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |