2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Жўшдаги ҳавасга арзигулик ободлик

Самарқанд вилоятида 2019 йил “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқларда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида шу йил март ойида Қўшработ туманининг Жўш қишлоғида бўлган эдик.

Ўша вақтда вилоятнинг энг олис қишлоқларидан ҳисобланган ҳудудда эндигина йўлларни кенгайтириш, эски деворларни бузиш, янги объектлар қурилиши бошланган эди.

 

Ўтган ҳафта якунида самарқандлик оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Қўшработ туманига уюштирилган пресс-тур давомида мазкур ҳудудда ҳам бўлиб, дастур асосида амалга оширилаётган ишлар билан танишдик.

 

Очиғи, олти-етти ойда қишлоқ қиёфаси шунчалик ўзгариб кетгани, шунча бунёдкорлик ишлари бажарилганини биров айтса, ишонмас эдик, лекин ўзимиз кўриб, одамлар билан суҳбатлашиб, ҳайратланганимиз, ҳавас қилганимиз рост.

 

Аввало, таъкидлаш керакки, Жўшда битта ёки иккита эмас, 8 маҳалланинг ҳудудини обод қилиш ишлари олиб борилган. Туман бўйича эса бу йил 12 маҳалла дастурга кирган. Шу пайтгача ёзда тупроқ, қишда лой бўладиган кўчалар тош тўшалиб, асфальт қилинган. Транспорт воситалари ва пиёдалар учун янги кўприклар қурилган. Маълумотларга кўра, туманда бу йил 120 километр йўлга тош-шағал тўшалган бўлса, 30 километрлик кўча асфальт қилинган. Йил якунигача яна 20 километр йўл асфальт бўлади. Йўллар четида пиёдалар йўлаклари ташкил қилинган, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилган.

 

Мартда борганимизда йўллар атрофида пахсадан кўтарилган, лойсувоқ деворлар бузилган эди. Энди уларнинг ўрнида бир қатор, бир хил баландликда, чиройли ранг берилган деворлар бунёд этилибди. Қишлоқда томи шиферланмаган, атрофи ўралмаган уй-ҳовли қолмабди. Ҳар бир хонадонда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган. Сув, электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммоларга ўрин қолдирилмаган.

 

Дарвоқе, дастурда белгиланган ишларни бажариш жараёнида ҳудуддаги маҳаллаларда яшовчи аҳоли учун 70 дан ортиқ уй-жой вилоят ва туман маҳаллий бюджети маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан бунёд этилибди. Бу уйлар асосан, эҳтиёжманд, турар жойга муҳтож оилаларга ажратилган.

 

Энг муҳими, ҳудудда йигирмага яқин мактаб ва мактаб филиалларида реконструкция, таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Қишлоқ марказида бунёд этилган 150 ўринли боғчадаги шарт-шароит ва имкониятлар шаҳардагилардан яхши бўлса, яхшики, кам эмас. Эндиликда саломатлигида муаммо пайдо бўлган жўшликлар 40 километр масофа босиб туман марказига боришига зарурат қолмабди. Қишлоқ марказида 150 ўринли замонавий шифохона қурилиб, зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланган. Шунингдек, бу ерда оилавий поликлиника, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш шохобчаси иш бошлади.

 

– 1991 йилдан буён шу муассасада ишлайман, – дейди Қўшработ туман тиббиёт бирлашмаси Жўш филиали бош шифокори Ражаббой Маматов. – Эски, мослаштирилган бинода фаолият кўрсатар эдик. Янги шифохона қуриш, жиҳозлар ажратиш масаласида кўп мурожаат қилганмиз. Аммо натижа бўлмас эди. Охирги пайтларда кишилар шошилинч тиббий хизмат зарур бўлмаса, бу ерга келмай қўйганди. Айниқса, аёлларимиз туғруқ учун туман марказига боришда жуда қийналарди. “Обод қишлоқ” дастури асосида эски шифохонамиз ўрнида 9 ойда ушбу замонавий бино қад ростлагани барча жўшликларни хурсанд қилди. Айниқса, ҳомиладор аёллар, ногирон ва бемор кишиларга жуда катта қулайлик яратилди.

 

19 - копия.JPG

 

Дастурга кўра, Жўшдаги деҳқон бозори ҳам тубдан янги қурилди. 1200 савдо растасига эга ушбу мажмуада олис қишлоқ аҳолисига замонавий савдо хизматлари кўрсатиш учун шарт-шароит яратилмоқда. Шунингдек, шарқ ширинликлари, барча жойда харидоргир Қўшработ майизи, нон ва нон маҳсулотлари, миллий ҳунармандлик буюмлари сотиш учун алоҳида савдо павильонлари қурилган. Бозор атрофида эса тадбиркорларга юзга яқин савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари ажратилиб, улар бир хил лойиҳа асосида бунёд этилди.

 

Қишлоқдаги муқаддас қадамжо – XII асрга оид Жўш ота масжиди ва зиёратгоҳини обод қилиш ишлари қизғин давом этаётганига гувоҳ бўлдик. Ҳудуддаги 7 маҳалла учун эса замонавий маҳалла марказлари қад ростлабди.

 

– Маҳалламизнинг алоҳида биноси йўқлиги сабабли ўтган сафар келганларингизда кўчада суҳбатлашганэдик, – дейди “Чиммос“ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Саъдулла Абдусаматов. – Энди фуқаролар йиғини барча ходимлари, аҳоли учун зарур қулайликларга эга маҳалла марказимиз бор. “Обод қишлоқ” дастури аҳоли хонадонларидан бошлаб, таълим ва тиббиёт муассасалари, йўл ва бошқа инфратузилма объектларини, маҳалламиз ҳаётини, энг муҳими, одамларнинг турмуш тарзини ўзгартирди. Аҳолининг бугунги ҳаётидан розилиги, эртанги кунга умиди ошди, янгича турмуш маданияти шаклланмоқда.

 

Жўшга март ойида борганимизда Қўрғон қишлоғида машҳур бахши Эргаш Жуманбулбул ўғли уй-музейининг янгидан қурилаётгани устидан чиққан эдик. Чунки, Самарқанд вилояти ҳокимининг қарорига кўра, бу йил буюк оқин, халқ бахшиси Эргаш Жуманбулбул ўғли таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш белгиланган. “Кунтуғмиш”, “Якка Аҳмад”, “Алибек билан Болибек”, “Далли”, “Равшан”, “Қундуз билан Юлдуз”, “Қиз Жибек”, “Гўрўғлининг туғилиши”, “Ҳасанхон”, “Авазхон”, “Ошиқ Ғариб”, “Вомиқ билан Узро” каби 30 га яқин достон ва кўплаб халқ термаларни ёддан билган бу машҳур бахшининг ўтган асрда ташкил этилган уй-музейи бугунга келиб, эътибордан четда қолган ва таъмирталаб эди. Жўшда бошланган қурилиш-ободонлаштириш ишлари жараёнида нафақат ушбу маскан, балки бутун Қўрғон қишлоғи ҳам янгича қиёфа касб этди. Янги маҳалла маркази, ўнга яқин савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилди. Юқорида қайд этганимиз 70 дан ортиқ уй-жойнинг 31 таси шу ерда бунёд этилган экан.

 

Айни пайтда музейни жиҳозлаш ва экспонатларни жойлаштириш, ҳудудни ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Буюк оқин уй-музейининг обод бўлаётгани бу ерга яна бахшиларни чорламоқда. 12 ёшли Суннатилла Тоғаймуродов дўмбира чертиб, халқ термаларидан куйлаб берганида, Қўрғон достончилик мактаби анъаналари давом этаётганига, бу заминдан Эргаш Жуманбулбул ўғлига муносиб ворислар етишиб чиқишига ишонч ҳосил қилдик.

 

– Жўшда “Обод қишлоқ” дастури бўйича режалаштирилган ишларнинг асосий қисми якунига етди, лекин ҳали бажарилиши зарур бўлган юмушларимиз кўп, – деди қишлоқдаги қурилиш-ободонлаштириш жараёнлари билан танишиб юрган Қўшработ тумани ҳокими Ҳиммат Оқбўтаев. – Қишлоқда янгидан бунёд этилаётган истироҳат боғида озроқ иш қолди, янги уйларни аҳоли кўчиб киришига тайёрлаб беришимиз керак, юз нафардан ортиқ хотин-қиз иш билан таъминланадиган тикувчилик цехига ускуналар келтириб ўрнатилмоқда. Бозор ва масжид қурилиши ҳам яқин кунларда якунланади. Ана ундан кейин Жўшдаги ишлар ҳақида батафсил ёзсангиз бўлади ва албатта, журналистларни таклиф қиламиз.

 

Лекин биз Жўшда шу пайтгача бажарилган ишлар ҳақида, ўзимиз кўрганларимиз ҳақида ёзгимиз келди ва ёздик. Қурилиш-ободонлаштириш ишлари якунлангач, туман ҳокими айтганидек, яна келармиз, ёзармиз.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар