2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Кейинги бир йилда Тойлоқда нима ўзгарди?

Тойлоқ тумани Самарқанднинг кичик, аммо иқтисодий имкониятлари катта ҳудудларидан бири ҳисобланади.

Туманда, айниқса, қишлоқ хўжалиги яхши ривожланган. Бу ерда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари туман аҳолиси эҳтиёжидан ортиб, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига ҳам етказиб берилади. Хорижга экспорт салмоғи анча юқори.

 

Лекин бугун фақатгина маҳсулот етиштириш билан иқтисодиётни мустаҳкамлаб, бу иш билан шуғулланаётган фермер ёки тадбиркор моддий манфаатдорлигини ошириб бўлмайди. Маҳсулотни қайта ишлаш, истеъмолга ёки фойдаланишга тайёр ҳолда бозорга чиқариш талаб этилади.

Кейинги йилларда туманда саноатни ривожлантириш, янги корхоналар ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилаётган лойиҳаларда бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Тадбиркорлар сафи кенгаймоқда

 

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Тойлоқда 2556 тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 1560 нафарини якка тартибдаги тадбиркорлар ташкил этади. Жорий йилнинг тўққиз ойида туманда 288 юридик шахс, 717 якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти иш бошлади.

 

Йил бошидан буён тадбиркорларга барча манбалар ҳисобидан 87,6 миллиард сўм кредит ажратилди. Бу маблағнинг салмоқли қисми, яъни 55,8 миллиард сўми кичик бизнес субъектларига йўналтирилди. Шунингдек, битта лойиҳа учун хорижий кредит линиялари маблағлари ҳисобидан 480 минг АҚШ доллари ажратилган.

 

Тумандаги корхоналар томонидан ўтган даврда 17 миллион 470 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Бу вилоят бўйича амалга оширилган экспортнинг 8,5 фоизини ташкил этмоқда.

 

Яқинда туманда яна бир экспортёр корхона фаолият бошлади. Адас маҳалласида ташкил этилган “Дониев Стил Сервис” масъулияти чекланган жамиятида майизни қуритиш ва қадоқлаш йўлга қўйилди.

 

– Умумий қиймати 500 минг доллар бўлган мазкур лойиҳани амалга ошириш учун асосан ўз маблағимиздан фойдаландик, – дейди корхона иш юритувчиси Р.Дониев. – Туркия ва Хитойдан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилиши билан бу ерда кунига 10 тоннагача майизни ювиб-тозалаб, қуритиш ва қадоқлаш йўлга қўйилди. 15 киши доимий иш ўрнига эга бўлди. Маҳсулотимиз тўлиқ хорижга экспорт қилинади. Бу борада Қозоғистон, Россия ва Туркиядаги ҳамкорларимиз билан бирга ишлаяпмиз. Корхонамизда қадоқланган дастлабки маҳсулотни Туркияга чиқардик.

 

Тадбиркорнинг айтишича, келгусида бу ерда бошқа қуруқ меваларни ҳам турли ўлчам ва ҳажмдаги қутиларда қадоқлаш ҳамда тўғридан-тўғри савдога чиқариш, туристик компаниялар билан ҳамкорлик қилиш режалаштирилган.

 

Инвестиция – иқтисодиёт таянчи

 

2019-2020 йилларда Тойлоқда умумий қиймати қарийб 280 миллиард сўмлик 53 лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Бунинг учун 17 миллион 100 минг АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритилиши ҳамда 846 янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

 

– Жамиятдаги ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиши, ҳудудларнинг юқори ўсиш даражасига эришишида инвестициялар муҳим ўрин тутади, – дейди Тойлоқ тумани ҳокими ўринбосари – инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Дилшод Умирзоқов. – Шу билан бирга инвестиция аҳоли турмуш даражасини ошириб боришнинг зарур шарти ҳисобланади. Шу боис бугун мамлакатимизда фаол инвестиция сиёсатини олиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда юқори технологияли қайта ишлаш тармоқларини, аввало, маҳаллий хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни жадал ривожлантиришга ҳаракат қилинмоқда. Туманимизга инвестиция жалб қилишда ҳам бунга энг муҳим устувор йўналиш сифатида қаралмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойида 107 миллиард 445 миллион сўм инвестиция (600 минг доллар хорижий кредит, 7 миллион доллар хорижий инвестиция) киритилиши натижасида амалга оширилган 38 лойиҳанинг салмоқли қисмини маҳаллий хомашёни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхоналар ташкил этмоқда. Жумладан, қишлоқ хўжалиги бўйича 22 та, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига оид 9 та, саноат салоҳиятини ривожлантириш юзасидан 7 лойиҳа амалга оширилди.

 

Йил якунига қадар амалга ошириладиган яна бешта лойиҳа бўйича туманга 49 миллиард 550 миллион сўм инвестиция киритиш режалаштирилган. 2020 йилда ишга тушириладиган 10 лойиҳа бўйича эса 10 миллион 100 минг долларлик хорижий инвестиция киритилади.

 

Бугунги кунда тумандаги йирик инвестиция лойиҳалари қаторида “Pet Agro Oil” қўшма корхонаси, тиббиёт қўлқоплари ҳамда шприц ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Japan Trading” хусусий корхонаси, “Bro beans” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилаётган логистика марказини алоҳида қайд этиш лозим.

 

Одамлар учун муносиб турмуш шароити яратиш

 

– Иқтисодиётни ривожлантириш, саноат, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни замон талабига мос тараққий эттириш бундан буён ҳам доимий эътиборимизда бўлади, – дейди Тойлоқ тумани ҳокими Баҳодир Бобоназаров. – Бусиз ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тасаввур қилиб бўлмайди. Албатта, биринчи навабатда, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаймиз, туманимизда мавжуд имконият ва ресурслардан самарали фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Бу борада Тойлоқдагидек имконият, шароит, муҳими, тадбиркорликка мойил кишилар ҳамма жойда йўқ. Давлат томонидан эътибор, қўллаб-қувватлаш ва озгина рағбат бўлса бас, тадбиркорларимизнинг ўзлари ҳар қандай оғир масалаларни ҳал қила олади. Бунинг учун иқтисодий салоҳияти юқори бўлган ишбилармонларимиз ҳам кўп. Асосийси, ишлаш учун уларга имконият яратиб бериш, фаолиятига асоссиз аралашмаслик керак. Бугун Президентимизнинг биз, раҳбарларга қўяётган талаби ҳам шу ва бунга қатъий амал қиламиз.

 

Иқтисодиёт локомотиви вазифасини тадбиркорларимиз бажарар экан, биз кўпроқ ижтимоий масалалар билан шуғулланишимиз, халқимиз учун муносиб турмуш шароити яратиш, уларнинг дарду ташвишларини эшитишимиз зарур. Давлатимиз раҳбари юритаётган очиқ ва халқпарвар сиёсатнинг моҳиятини ҳам шу жиҳатлар ташкил этмоқда.

 

Бир йилдан буён туманга раҳбарлик қилиб, ҳудудни озми-кўпми ўрганиб шунга амин бўлдимки, бугунги кунда Тойлоқда аҳолини уй-жой билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш энг муҳим масалалардан ҳисобланади. Йиллик дастур ва режаларимизда бунга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Хусусан, туманимиз ерларининг асосий қисми деҳқончилик учун мўжалланганлигини эътиборга олиб, бундан буён ҳудудда кўп қаватли уйлар қуриш бўйича таклифларимизни берган эдик. Президентимиз жорий йилнинг январь ойида вилоятимизга ташрифи чоғида бу борада керакли кўрсатмаларни бергач, туманимиз марказида замонавий кўп қаватли уйлар қурилиши бошланди. 

 

Айни пайтда 6 гектар майдонда икки минг хонадонга мўлжалланган 12 ва 16 қаватли 20 уй, хизмат кўрсатиш ва сервис мажмуалари қуриш бўйича лойиҳа тасдиқланиб, бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Шу йилнинг ўзида 6 кўп қаватли уй қурилиши, жумладан, 3 уйни фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, бу йил мазкур ҳудудда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, уй-жойга эҳтиёжманд қатлами учун тўртта тўрт қаватли арзон уйлар қурилди ва яқин кунларда ўз эгаларига топширилади. Шунингдек, бу ерда давлат хизматлари кўрсатиш маркази учун бино қурилмоқда. Ёшлар маркази ва замонавий савдо мажмуаси учун ҳам жой ажратилган.

 

Аҳоли учун янги иш ўринлари яратиш, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш учун, аввало, қишлоқларда янги корхоналар ташкил этиш, аҳолининг тадбиркорлик билан шуғулланишига имконият яратишга эътибор қаратилмоқда. “Ҳар бир оила – тадбиркор” ва “Ёшлар – келажагимиз” дастурлари асосида ажратилаётган кредитлар бу борадаги муаммоларга ижобий ечим бўлаётир. Тўғри, бу йўналишда ҳали ечимини кутаётган масалалар бор, лекин амалий ишлар ҳам кам эмас. 

 

Туман аҳолиси бандлигини таъминлашнинг яна бир истиқболли йўналиши туризм соҳаси ҳисобланади. Мутахассислар билан ўрганиб кўрганимизда ҳудудда экологик, агро ва зиёрат туризмини ривожлантириш учун кенг имкониятлар борлиги маълум бўлди. Шундан келиб чиқиб аҳолига ўз таклифларимизни айтдик ва ҳозирда юзлаб ёшлар бу борада ўз бизнес-режаларини тузиб, ишга киришди.

 

Таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда уларда халқимизнинг талаб ва эҳтиёжларига мос шароит яратиш, ёшлар таълим-тарбиясига доимий эътибор қаратиш, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳам фаолиятимиз асосини ташкил этмоқда. Бундан ташқари “Обод қишлоқ” дастури асосидаги ишларимиз кўлами йил сайин кенгаймоқда.

 

Умуман, ҳоким сифатида бир йиллик фаолиятимда англаганим шу бўлдики, ҳудуд тараққиётига эришиш, одамлар учун муносиб турмуш шароити яратиш раҳбар учун асосий мақсад бўлиши керак экан.

 

Ғолиб ҲАСАНОВ, ЎзА

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасиВеб-сайт13 Февраль 202427 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИВеб-сайт29 Апрель 20242 Май 2024Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар