Жиззах вилояти Фориш тумани прокурорининг ташаббуси билан ҳудуддаги Яссикечув маҳалласидаги 72-умумтаълим мактабида 4 та сектор раҳбарларининг ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда фақат ушбу сектордаги эмас, туманнинг барча ҳудудларидан ёшлар иштирок этди.
Тадбирда Президентимизнинг 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги умумтаълим мактабида ёшлар билан ўтказган учрашувида белгилаб берилган вазифалар асосида ёшлар фикрлари тингланди, уларнинг ташаббус, таклиф ҳамда муаммолари ўрганилди.
Мамлакатимизнинг энг катта туманларидан бири – Форишдаги юздан зиёд қишлоқда 90 мингдан кўп аҳоли яшайди. Яқин йилларгача йирик саноат корхоналари йўқлиги, қишлоқларнинг марказдан ва бир биридан, катта йўлдан олисда жойлашгани туфайли ҳудуднинг энг катта муаммоларидан бири аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш бўлиб келаётир.
Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан чекка ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли Форишда 6 қўшма ва хорижий корхона ишга туширилди, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланмоқда. Пировардида, юзлаб ёш йигит-қиз ишли бўлди.
Учрашувда янги иш ўринлари яратиш, бандликни таъминлашда ёшлар ташаббускорлигини, раҳбарлар масъулиятини оширишга асосий эътибор қаратилди. Ёшлар ўз муаммоларини ўртага ташлади, яхши ташаббуслар, таклифлар билдирилди.
– Икки йилдан буён Тошкентда дурадгорлик билан шуғулланиб келаётган эдим, – деди Э.Камолов маҳалласида яшовчи Зуҳриддин Шукруллаев. – Туман ҳокимига мурожаат қилганимдан сўнг маҳалламизда эшик ясайдиган устахона очишимга ёрдам берилди. Энди маҳалладаги тенгдошларимдан 7-8 нафарини ёнимга олиб, туманимизда қурилаётган янги уйларга замонавий эшиклар етказиб бермоқчиман.
Худди шундай озгина кўмак берилса, қўллаб-қувватланса, ўзининг тадбиркорлигини йўлга қўймоқчи бўлган йигит-қизлар ҳар бир қишлоқда бор. Учрашувдаги мулоқотларнинг ҳам кўп қисми айнан шу мавзуда бўлди. Кўтарилган масалаларнинг кўпчилиги амалий ечимини топди.
Тадбир доирасида ёшлар меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, унда тумандаги корхона ва ташкилотлар бўш иш ўринлари билан иштирок этди.
Аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалиши билан эндиликда олис қишлоқларда тикувчилик цехлари, гўзаллик салонларига эҳтиёж пайдо бўлмоқда. Даврнинг шу талабидан келиб чиқиб, бу йўналишларда ҳам салмоқли ишлар қилинмоқда.
Тадбирда тўртта сектор раҳбари сартарошлик фаолиятини бошламоқчи бўлган кам таъминланган оилалардаги ёш хотин-қизлардан 40 ёшга сартарошлик анжомлари, меҳнат қобилияти қисман чекланган 8 аёлга тикув машиналари совға қилди.
Учрашув давомида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун маданий-маърифий тарбияни кучайтириш, ёшлар бўш вақтини кўнгилли ўтказиши учун шароитлар яратиш, хусусан, спорт тўгаракларини кўпайтириш юзасидан қатор таклифлар, ташаббуслар айтилди.
Шунингдек, учрашув доирасида хайрия тадбирлари ўтказилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлардан 7 нафарига ногиронлик аравачаси берилди.
Қишлоқдаги “Худойберди ота” тўйхонасида боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалардаги 20 боланинг суннат тўйи ўтказилди.
Учрашувдан китобсевар ёшлар, айниқса, мамнун бўлди. Тадбир ташкилотчилари – туман прокуратураси ва Ёшлар иттифоқи туман кенгаши адабиётга қизиқувчи 250 ёшга бадиий китоблар совға қилди.
Бундай учрашувлар вилоятнинг бошқа туманларида ҳам бўлиб ўтди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |