Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг 27 декабрь куни ёшлар билан ўтказган учрашуви чоғида уларни ўйлантираётган муаммолар, ёшлар билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш борасида қатор таклифларни ўртага ташлаган эди.
Ушбу вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги академиясида ёш авлод вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Очиқ мулоқотда Академия бошлиғи, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов сўзга чиқиб, ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, келажагимиз ворисларини маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, иқтидорли ўғил-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирларга тўхталиб ўтди.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги фаолиятларининг илк кунлариданоқ ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратган эди, – деди Б.Матлюбов. – Ўтган йиллар мобайнида бу йўналишда улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Келажагимиз давомчиларининг эзгу орзу ва мақсадларини рўёбга чиқаришга қаратилган бешта муҳим ташаббус ҳаётимизга татбиқ этилди. Албатта, бу саъй-ҳаракатлар униб-ўсиб келаётган ўғил-қизларимизнинг ёруғ истиқболи учун хизмат қилмоқда. Аммо ёшлар билан ишлаш борасида ҳали қилиниши лозим бўлган вазифалар ҳам борки, буни давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлади.
Ёш ходимлар, тингловчи ва курсантлар иштирок этган мулоқотда ёшлар билан мақсадли ишлаш, уларни ўйлантираётган муаммоларнинг ечимини топиш, бу борада таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш, иқтидорли, фаол ҳамда ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиши, маънан ва жисмонан баркамол вояга етиши, етук мутахассис бўлиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, бир сўз билан айтганда, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш ҳақида сўз борди.
Таъкидлаб ўтилганидек, ҳозирги пайтда Ички ишлар вазирлиги академиясида хизмат қилаётган ходимларнинг салкам 40 фоизини ёш мутахассислар ташкил этмоқда. Шу билан бирга, таълим муассасасининг кундузги ва сиртқи таълим йўналишларида 2 мингдан зиёд курсант ва тингловчи замон талаблари даражасида билим олмоқда. Давлатимизнинг юксак эътибори самараси ўлароқ, улар орасида фан, таълим, маданият, санъат ва спорт соҳасида ютуқларни қўлга киритаётган ёшлар сафи тобора ортиб бормоқда.
– Бугунги учрашув биз ёшлар учун ҳар томонлама фойдали бўлди, – дейди Ички ишлар вазири стипендияси соҳиби, курсант Гулмурод Уролов. – Ташаббус ва муаммоларимиз, истиқболдаги мақсадларимиз юзасидан фикр алмашдик. Муҳтарам Президентимиз ёшлар билан ўтказган учрашувлари чоғида “Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз”, деган эди. Биз, навқирон авлод давлатимиз раҳбари томонидан билдирилаётган юксак ишонч ва эътиборни ҳис қилган ҳолда жамиятимиз кечаётган ислоҳотларга камарбаста бўлишимиз керак.
Самимий мулоқот руҳида ўтган тадбирда “Ижодкор ёшлар” клубини йўлга қўйиш, “Академия ифтихори”, “Энг фаол курсант”, “Энг фаол тингловчи” кўкрак нишонларини таъсис этиш, ички туризм, ўқув жараёнида ахборот технологиялари, хорижнинг илғор тажрибалари ва замонавий ёндашувларни янада кенгроқ татбиқ этиш, “устоз–шогирд” анъаналари асосида маънавий-маърифий учрашувлар, ўқув машғулотларини ўтказиш, илмий тадқиқот фаолиятини кенгайтириш борасида қатор таклифлар ўртага ташланди. Уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан тегишли йўналишлар бўйича мутасаддиларга аниқ вазифа ва топшириқлар берилди.
Академия бошлиғи самимий мулоқот ва учрашувлар ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ташаббусларини рағбатлантириш, муҳими, уларни янги марралар сари руҳлантиришда муҳим пойдевор бўлишини таъкидлаб ўтди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |